

Янгиликлар
Otralectura: "Халқаро китоб кунида Ўзбекистон ва Испания нашриётчилик соҳасида ҳамкорликнинг янги саҳифасини очмоқда"
Испаниянинг Otralectura нашрида Халқаро китоб куни муносабати билан Ўзбекистон ва Испания ўртасидаги нашриётчилик ҳамкорлигига бағишланган мақола эълон қилинди. Унда Ўзбекистон делегациясининг Mueller & Schindler нашриётига ташрифи доирасида ноёб қўлёзмаларнинг факсимиле нашрлари, “114 Қуръон” халқаро лойиҳаси ҳамда «Темур тузуклари»ни испан тилида нашр этиш ташаббуси муҳокама қилингани қайд этилиб, мазкур мулоқот Ўзбекистоннинг бой маданий меросини Европа илмий ва маданий муҳитида кенг тарғиб этишга хизмат қилаётган муҳим қадам сифатида баҳоланди.
Ўзбекистон Республикаси делегациясининг ташриф дастури давомида — Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси ва Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султонов, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) кенгаши раиси Фирдавс Абдухолиқов, Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев ҳамда WOSCU координатори Екатерина Соболевадан иборат делегация Mueller & Schindler нашриётига ташриф буюрди.
Ташриф доирасида нашриёт президенти Шарлотта Крамер, вице-президент Александр Вильгельм ва компания мутахассислари билан мазмунли учрашув бўлиб ўтди. Айниқса, мазкур учрашув Халқаро китоб кунига тўғри келгани мулоқотга алоҳида касбий ва маданий руҳ бағишлади.
Учрашув давомида 2017 йилдан буён Mueller & Schindler нашриёти WOSCU билан яқин ҳамкорликда халқаро эътирофга сазовор бўлган қатор йирик факсимиле лойиҳаларни амалга ошириб келаётгани алоҳида таъкидланди.
Улар қаторида «Ҳусайн Бойқаро девони», Камолиддин Беҳзод миниатюралари билан безатилган «Зафарнома», ислом ёзма анъаналарининг энг қадимий ёдгорликларидан бири бўлган «Катта Лангар Қуръони», шунингдек, «Темур тузуклари» ва «Меърожнома»нинг факсимиле нашрлари бор. Мазкур лойиҳалар дунёдаги йирик коллекцияларда сақланаётган ноёб қўлёзмаларни асл ҳолича қайта тиклаш ва уларни кенг илмий ҳамда маданий муомалага киритишга қаратилган.
Mueller & Schindler нашриёти президенти Шарлотта Крамер, жумладан, шундай деди:
«Ўзбекистон Республикаси Президентига ушбу соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли, тизимли ва ҳақиқатан ҳам тарихий ишлар учун самимий миннатдорчилигимни билдиришга ижозат бергайсиз. Давлат раҳбарияти даражасида маданиятга қаратилаётган бу эътибор ноёб ҳодиса бўлиб, халқаро ҳамжамият учун намуна вазифасини ўтайди. Ўн йилдан ортиқ ҳамкорлик давомида биз амалга оширилаётган ўзгаришлар чуқурлигини ва мамлакат раҳбариятининг маданий-гуманитар соҳани ривожлантиришдаги ҳақиқий иштирокини шахсан кузатиш имконига эга бўлдик».
Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ҳамкорларга доимий ва юксак профессионал фаолияти учун самимий миннатдорлик билдириб, уларнинг ўзбек маданиятини халқаро миқёсда тарғиб этишга қўшаётган муҳим ҳиссасини алоҳида таъкидлади ҳамда нашриёт вакилларини Ўзбекистоннинг ишончли дўстлари деб атади.
Учрашув давомида томонлар янги факсимиле нашрлар билан танишдилар, келгусидаги қўшма лойиҳалар истиқболини муҳокама қилдилар ва Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросини халқаро миқёсда тарғиб қилиш юзасидан эксперт фикрлар алмашдилар.
Эътибор марказида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва WOSCU билан ҳамкорликда амалга оширилаётган кенг кўламли «114 Қуръон» ташаббуси бўлди. Бу — Қуръон хаттотлиги ва безакли қўлёзма санъатининг энг сара намуналарини ягона нашрда жамлашни назарда тутувчи мислсиз халқаро лойиҳадир.
Лойиҳа Қуръоншунослар, санъатшунослар ва реставраторлардан иборат халқаро мутахассислар иштирокида амалга оширилмоқда. Унинг доирасида Ўзбекистон тарихи билан боғлиқ бўлган ва дунёдаги йирик тўпламларда сақланаётган 114 та энг нодир Қуръон қўлёзмасини ўз ичига олган, илмий шарҳлар билан бойитилган юқори сифатли факсимиле нашрини тайёрлаш режалаштирилган.
Шунингдек, «Ўзбекистон: Самарқандга олиб борувчи олтин йўл» номли туристик нашриёт лойиҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Лойиҳа мамлакат ҳудудлари, ноёб меъморий мероси, тарихий шаҳарлари, табиий хилма-хиллиги ва замонавий маданий муҳитини кенг қамровли тақдим этиш орқали Ўзбекистон ҳақидаги глобал тасаввурни кенгайтиришга қаратилган. У халқаро аудитория учун Ўзбекистоннинг яхлит визуал ва концептуал образини шакллантиришни мақсад қилади.
Келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокамаси доирасида Хайриддин Султонов «Темур тузуклари»ни испан тилида тайёрлаш ва нашр этиш таклифини илгари сурди. Бу асар Темурийлар давлати тузилиши, бошқарув тамойиллари ва стратегик тафаккурини акс эттирувчи муҳим тарихий манбалардан бири ҳисобланади.
Таъкидланганидек, мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши ва кенг тарқатилиши испан тилида сўзлашувчи жамоатчиликнинг Темурийлар даври меросига бўлган қизиқишини янада оширади, минтақа тарихи бўйича академик тадқиқотларни чуқурлаштиришга хизмат қилади ҳамда Ўзбекистон билан испан тилида сўзлашувчи давлатлар ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.
Mueller & Schindler нашриёти мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаб, унинг юқори илмий ва маданий аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Нашриёт вакилларига кўра, «Темур тузуклари»нинг испан тилида нашр этилиши халқаро мулоқот ривожига муҳим ҳисса қўшади ҳамда европалик китобхонларга Темурийлар даври давлатчилик тизими ва ҳуқуқий тафаккури асосларини яқиндан таништириш имконини беради.
Мазкур ташриф халқаро нашриётчилик ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим босқичга айланиб, халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросига бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётганини яна бир бор тасдиқлади.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.