
Янгиликлар
Туркиянинг нуфузли TIKA ташкилоти президенти марказда
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазири ўринбосари, халқ дипломатияси ва маданий мерос масалалари бўйича назоратчи, Туркия Ҳамкорлик ва Мувофиқлаштириш агентлиги (TİKA) президенти Сердар Чам бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Ташриф давомида меҳмонлар Ўзбекистон Республика Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган марказнинг музей ва экспозиция заллари, илмий-маърифий йўналишлари, халқаро ҳамкорлик лойиҳалари ҳамда халқимиз тарихий-маданий меросини акс эттирувчи ноёб экспонатлар билан яқиндан танишдилар.
Делегация аъзоларига Марказнинг ташкил этилиши, унинг меъморий ечими ва мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича маълумот берилди. Меҳмонлар “Буюк сиймолар галереяси”, “Исломдан аввалги давр цивилизациялари”, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс экспозициялари, Темурийлар даврига бағишланган бўлимлар, шунингдек, “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори” экспозициясини кўздан кечирди.
Меҳмонлар Қуръони Карим зали билан танишар экан, Усмон мусҳафини кўриб чуқур ҳаяжон ва ҳайратда қолганларини изҳор этишди.
Ташриф якунида Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов ва Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазири ўринбосари, халқ дипломатияси ва маданий мерос масалалари бўйича назоратчи, Туркия Ҳамкорлик ва Мувофиқлаштириш агентлиги (TİKA) президенти Сердар Чам ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Фирдавс Абдухолиқов Марказ фаолияти ҳақида сўз юритар экан, бугунги кунда Туркиянинг турли музейлари, илмий муассасалари ва маданий ташкилотлари билан қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилаётганини қайд этди.
— Бизнинг халқларимизни тарих, маданият ва маънавият жиҳатидан жуда кўп умумий нуқталар бирлаштириб туради. Турк халқи бежизга Марказий Осиёни “Ота юрт” деб атамайди. Шу боис, биз Туркиянинг музейлари, илмий марказлари ва TİKA каби нуфузли ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдормиз. Ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилган мазкур марказнинг иккинчи қаватида катта халқаро платформа, бой кутубхона ва бир нечта конференция заллари жойлашган. Бу ерда халқаро форумлар, илмий анжуманлар ва маданий тадбирларни мунтазам ўтказиш имконияти мавжуд. Сизларнинг ташрифингиз ана шу ҳамкорликларни янги босқичга олиб чиқишига ишонамиз, — деди у.
Шунингдек, у кейинги йилларда туркиялик олимлар, тадқиқотчилар ва музей мутахассислари билан қатор илмий-амалий лойиҳалар амалга оширилганини, келгусида эса қўшма экспозициялар, қўлёзмалар ва маданий меросга оид лойиҳаларни кўпайтириш режалаштирилаётганини таъкидлади.
Сердар Чам эса ташрифдан катта таассурот олганини айтиб, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини бутун туркий ва ислом олами учун ғурурли маскан деб атади.
— Бу ерга келганимиздан жуда катта бахтиёрлик ҳис қилдик. Аввало, Ўзбекистон Президентига, Марказ раҳбариятига ва бутун Ўзбекистон халқига самимий миннатдорлигимизни билдираман. Бир мусулмон ва бир турк сифатида шу масканни кўриш мен учун катта шараф бўлди. Бу ерда аждодларимиз мероси, уларнинг илм-фан, маданият ва цивилизация тараққиётига қўшган ҳиссаси жуда юксак савияда намойиш этилган. Бу марказ нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун турк ва ислом оламининг фахри бўладиган маскан экан. Ҳозирги ёш авлодга китоб ўқитиш ёки тарихни оддий услубда тушунтириш осон эмас. Аммо бу ерда рақамли технологиялар, визуал ечимлар ва сунъий интеллект ёрдамида ёшларнинг дунёқарашига мос замонавий тақдимотлар яратилган. Бу жуда катта меҳнат ва юксак тафаккур маҳсули. Аждодларимизнинг кашфиётлари ва цивилизацияга қўшган ҳиссаси ана шундай замонавий усулда бутун дунёга кўрсатилмоқда. Бу ҳақиқатдан таҳсинга сазовор, — деди Сердар Чам.
Учрашув сўнггида Фирдавс Абдухолиқов меҳмонга Марказ номидан Катта Лангар Қуъонининг факсимиле нусхасини совға қилди ва Президентимизнинг маданий меросни ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича илгари сураётган ташаббуслари асосида тайёрланган лойиҳалардан бири эканлигини таъкидлади. Шунингдек, Сердар Чам эса турк мадҳияси муаллифи, асли бухоролик бўлган Меҳмет Акиф Эрсой шеърлари тўпламини марказга тақдим этди. Меҳмон фахрий меҳмонлар китобига ўз қайдларини ёзиб қолдирди.
Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.