Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

“Президент ҳожилари” Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан танишди

Муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илк бор “Президент ҳожилари” сифатида сараланган 100 нафар нуронийлар муқаддас ҳаж сафарига кузатилиш арафасида. Сафар олдидан ҳожи ота ва ҳожи оналар учун Тошкент шаҳрида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Хусусан, улар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, халқимизнинг бой тарихи, ислом цивилизациясига қўшган улкан ҳиссаси ва аждодлар мероси билан яқиндан танишдилар. Меҳмонларни марказ директори Фирдавс Абдухолиқов кутиб олди.

Ташрифда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, диний соҳа мутасаддилари, нуронийлар ҳамда “Президент ҳожилари” иштирок этди.

Президент администрацияси Диний-маърифий масалалар бўйича департаменти бошлиғи Музаффар Камилов ушбу ташаббусни мамлакат ҳаётидаги тарихий воқеа сифатида баҳолади.

— “Бугун биз юртимиз ҳаётида илк бор амалга оширилаётган эзгу ташаббус қаршисида турибмиз. Бежизга буни тарихий воқеа деяётганимиз йўқ. Эҳтимол, сўнгги бир неча аср давомида давлат раҳбари ташаббуси билан фуқароларнинг муайян қатламини ҳаж сафарига юборишдек юксак эътибор ва ғамхўрликка гувоҳ бўлинмаган”, — деди Музаффар Камилов.

Унинг таъкидлашича, муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббуси ва қўллаб-қувватлови асосида 100 нафар юртдошнинг ҳаж сафарига юборилаётгани халққа бўлган юксак эҳтиром ва эътиборнинг амалий ифодасидир.

— “Бу инсонлар Макка ва Мадинада юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва мамлакатимиз равнақи учун дуо қилиб қайтиш нияти билан кузатилмоқда. Эътиборлиси, улар орасида маҳаллаларда йиллар давомида халқ хизматида бўлган фидойи инсонлар, ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш тизимида меҳнат қилган юртдошларимиз, диний-маърифий соҳада сидқидилдан хизмат қилиб келаётган камтар инсонлар бор. Масжидларда ҳеч қандай манфаат кўзламасдан, савоб илинжида хизмат қилган инсонларнинг ҳам ушбу сафарга муносиб кўрилгани ташаббуснинг нақадар халқчил ва адолатли эканини кўрсатади”, — деди у.

Музаффар Камилов кўпчилик нуронийлар йиллар давомида ҳаж сафарига боришни орзу қилиб келгани, аммо имконият тополмаганини қайд этиб, бугун уларнинг орзуси ушалаётгани барчани тўлқинлантираётганини таъкидлади.

Меҳмонлар Марказ экспозициялари, ноёб қўлёзмалар, тарихий артефактлар ва халқимизнинг кўп асрлик маънавий мероси билан яқиндан танишдилар.

Марказ экспозицияларида юртимизнинг исломдан аввалги давр цивилизациялари, Биринчи Ренессанс даври алломалари — Имом Бухорий ва Имом Термизий мероси, шунингдек, Иккинчи Ренессанс даври вакиллари — Амир Темур ҳамда Алишер Навоийнинг давлатчилик, илм-фан ва маърифат соҳасидаги улкан хизматлари кенг ёритилгани кўпчиликда қизиқиш уйғотди.

Шу билан бирга, Учинчи Ренессанс ғоялари, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва мамлакатдаги бунёдкорлик ишларига бағишланган павильонлар ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Ташрифнинг энг таъсирли қисми Қуръони Карим зали бўлди. Бу ерда сақланаётган ноёб Усмон мусҳафи, залнинг ўзига хос муҳити ҳожиларда унутилмас таассурот уйғотди. Шу ерда юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва мамлакат тараққиёти учун дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков ҳам ҳожилар учун яратилган шароитларга алоҳида тўхталди.

— “Кечадан бошлаб барча ҳудудлардан Президент ҳожилари сифатида сараланган ҳожи ота ва ҳожи оналаримиз Тошкент шаҳрига келишди. Бугун эса улар муқаддас ҳаж сафари олдидан муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдилар. Айниқса, Қуръон зали ва у ерда сақланаётган ноёб Усмон мусҳафи ҳожиларимизда катта ҳайрат ва ҳаяжон уйғотди. Бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ва муқаддас меросимизни асраб-авайлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар учун ҳожилар муҳтарам Президентимизга юксак миннатдорлик билдириб, самимий дуолар қилишди”, — деди у.

“Нуроний” жамғармаси Бухоро шаҳар бўлими ҳузуридаги “Бувижонлар” мактаби раҳбари Озода Муродова ҳам ташрифдан олган таассуротлари билан ўртоқлашди.

— “Биз муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан “Президент ҳожиси” сифатида Бухорои шарифдан Тошкентга келдик. Бугун эса орзу қилиб келган Ислом цивилизацияси марказини зиёрат қилиш насиб этди. Бу ердаги муҳташам муҳит, тарих ва маънавият уйғунлиги бизда беқиёс таассурот қолдирди. Айниқса, Учинчи Ренессанс ғоялари ва Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари биз, нуронийларда катта фахр уйғотди. Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг бу каби улкан маърифий ва бунёдкорлик лойиҳаларини амалга ошираётгани халқимиз ва келажак авлод учун хизмат қиладиган тарихий ишлардир”, — деди у.

Ўқитувчи Холов Дилмурод эса бу ташаббус халқ қадрини улуғлашнинг ёрқин намунаси эканини таъкидлади.

— “Кўп йиллик меҳнатимиз эътироф этилиб, бизларга ҳаж сафари имконияти яратилгани қалбимизда катта шукроналик туйғусини уйғотмоқда. Бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини кўриб, яна бир бор ҳайратга тушдик. Бу ерда халқимиз ва буюк аждодларимиз яратган бебаҳо тарих, илм-фан ва маънавий мерос жамланган. Бундай муҳташам ва мазмунли марказни барпо этиш осон эмас. Дунёда ҳам бундай кенг қамровли, тарихий ва маърифий мажмуалар кам учрайди.

Марказда намойиш этилган қўлёзмалар, тарихий обидалар, аждодларимиз қолдирган илмий мерослар бугунги ёшлар учун катта ибрат ва маънавий мактаб вазифасини ўтайди. Бу ерда ҳар бир экспозиция халқимиз қандай буюк цивилизация яратганини яққол намоён этади”, — деди у.

Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Матлуба Қаҳҳорова эса бу ташаббуснинг катта тарбиявий аҳамиятга эга эканини қайд этди.

— “Бугун ҳаж сафарига кузатилаётган нуронийларимиз ҳаёт йўли, фидойилиги ва ибратли фаолияти орқали ёш авлодга юксак маънавий намуна кўрсатмоқда. Бу эса жамиятимизда ватанпарварлик, шукроналик ва миллий ғурур туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади”, — деди Матлуба Қаҳҳорова.

Тадбир сўнгида ҳожилар юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва мамлакат тараққиёти учун дуолар қилиб, муқаддас сафарга кузатилди.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1351326.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1093429.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
874027.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.