
Янгиликлар
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида халқаро музейлар куни муносабати билан Лондондан келтирилган ноёб исломий артефактлар тақдим этилди
18 май — Халқаро музейлар куни муносабати билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ислом цивилизацияси тарихи ва муқаддас масканлар билан боғлиқ ноёб артефактларнинг махсус кўргазма-тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Марказнинг жаҳон ислом меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва уни кенг жамоатчиликка замонавий форматларда намойиш этиш борасида амалга оширилаётган ишларининг амалий ифодаси бўлмоқда.
Тадбирнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи асосида Лондондан Ўзбекистонга олиб келинган ноёб артефактларнинг журналистлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида махсус тарзда очилгани бўлди.
-Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистоннинг бой маданий ва маънавий меросини юртимизга қайтариш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросимида давлат раҳбари бу масалага алоҳида тўхталиб, ўзбек халқига тегишли бўлган ноёб қўлёзмалар, артефактлар ва тарихий бойликларни Ватанга қайтариш эзгу орзуларидан бири эканини таъкидлаган эдилар. Бугунги кунда Ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида қарийб 2 мингга яқин маданий бойликлар Ўзбекистонга олиб келинди. Айни пайтда Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида намойиш этилаётган кўплаб ноёб қўлёзмалар, тарихий ашёлар ва артефактлар ҳам ана шу ташаббус самарасидир.
Давлатимиз раҳбари мазкур ишларни изчил давом эттириш, маданий меросни излаш ва қайтариш бўйича махсус илмий экспедициялар ҳамда фондлар ташкил этиш вазифасини ҳам қўйган эдилар. Бугун бу топшириқлар амалда ўз ифодасини топмоқда. Хусусан, ЕХҲТ ва Лондон полицияси ҳамкорлигида ўтказилган махсус рейд давомида маданий бойликлар аниқланиб, уларнинг бир қисми Ўзбекистонга қайтарилди. Бу воқеа нафақат мамлакатимиз, балки халқаро маданий меросни муҳофаза қилиш соҳасида ҳам муҳим воқеа сифатида баҳоланмоқда. Бугун эса Ислом дини ва муқаддас қадриятларимизга оид яна бир қатор ноёб ёдгорликлар — Кисва парчалари, муқаддас буюмлар ва тарихий ашёлар юртимизга олиб келинди.
Қурбон ҳайити арафасида халқимизга тақдим этилаётган бу бебаҳо туҳфалар юртдошларимиз учун катта маънавий аҳамият касб этмоқда, - деди марказ директори Фирдавс Абдухолиқов.
Кўргазмада ислом оламининг энг муқаддас масканлари билан боғлиқ юксак маънавий аҳамиятга эга ёдгорликлар намойиш этилмоқда. Хусусан, XIX асрга оид муқаддас Каъба эшигининг металл иплар билан тикилган пардаси — “Бурқа” кўргазманинг марказий экспонатларидан бирига айланди. 1880 йилга мансуб ушбу ёдгорлик муқаддас Каъба эшигини безаб турган тарихий ёпинчиқ сифатида алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, XIX аср охири — XX аср бошларига оид Каъба кисвасининг бир қисми — “Хизом” ҳам жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди. Кисва муқаддас Каъбани ўраб турувчи мато бўлиб, унинг ҳар бир қисми мусулмон олами учун юксак қадрият сифатида баҳоланади.
Кўргазмада Мадинаи Мунавварадаги Равза мақбараси ёпинчиғи — “Равза” экспонати ҳам намойиш этилди. 1900 йилга оид ушбу артефакт ислом тарихи ва мусулмонлар маънавий ҳаёти билан чамбарчас боғлиқлиги билан катта қизиқиш уйғотди.
Экспозициянинг яна бир муҳим қисми сифатида Каъбанинг шимолий қисми томига ўрнатилган зарҳал сув оқизгич — “Мизоб ар-Раҳмон” тақдим этилди. Ушбу ноёб ёдгорлик муқаддас Каъба архитектурасининг муҳим қисми сифатида алоҳида тарихий аҳамиятга эга ҳисобланади.
Шу билан бирга, “Муҳаммад” ва “Аллоҳ” ёзувлари туширилган бадиий паннолар, XVIII аср охирига мансуб “Далоил ал-хайрот” ҳамда “Ал-ҳизб ал-аъзам” асарларидан иборат ноёб дуо китоби ҳам кўргазмадан ўрин олди. 1793–1795 йилларда кўчирилган мазкур қўлёзма китоб ислом хаттотлик санъати ва диний адабиёт тарихининг нодир намунаси сифатида мутахассислар эътиборини тортмоқда.
-Ўзбекистон азалдан бой тарих ва юксак маданият макони сифатида дунё эътиборини тортиб келган. Бироқ турли тарихий даврларда юртимизга тегишли кўплаб ноёб артефактлар, қўлёзмалар ва санъат дурдоналари чет элларга олиб чиқиб кетилган. Сўнгги йилларда муҳтарам Президент ташаббуси билан ушбу маданий меросни Ватанга қайтариш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бу борада муҳим илмий-маърифий маскан сифатида фаолият юритмоқда. Марказ томонидан жаҳоннинг турли давлатларидаги аукцион уйлари ва шахсий коллекцияларда сақланаётган юртимизга оид артефактларни аниқлаш, сотиб олиш ва Ўзбекистонга олиб келиш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур артефактлар нафақат музей экспозициясини бойитади, балки халқимизнинг бой тарихи, маънавий мероси ва бағрикенглик анъаналарини кенг тарғиб қилишга хизмат қилади, - деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бош илмий ходими Зоҳидилло Мунавваров.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази сўнгги йилларда жаҳоннинг турли давлатлари, илмий муассасалари ва музейлари билан ҳамкорликни кенгайтириб, халқимизнинг бой маънавий меросини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, шунингдек, ислом цивилизациясига оид ноёб экспонатларни жамлаш ва тадқиқ этиш борасида қатор йирик лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Халқаро музейлар куни муносабати билан ташкил этилган мазкур тақдимот ҳам Марказнинг ана шу йўналишдаги амалий фаолиятининг муҳим қисми сифатида баҳолади.
Кўргазма маданий меросни асраб-авайлаш, уни келажак авлодга етказиш ва ёшларда тарих ҳамда маънавиятга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан ҳам аҳамият касб этади.
Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.



