Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Ўзбeкистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси расман иш бошлади

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилган замонавий кутубхона китобхонлар, тадқиқотчилар, талабалар ва илмга қизиқувчи барча фойдаланувчилар учун хизмат кўрсатишни бошлади.

Марказ кутубхонаси китоб мутолааси, илмий изланишлар олиб бориш, халқаро манбалар билан ишлаш, мустақил таълим олиш ва жамоавий лойиҳаларни амалга ошириш учун мўлжалланган замонавий маърифий маскандир.

Кутубхонадан фойдаланиш 14 ёшдан бошлаб расмийлаштирилади. Бунинг учун фойдаланувчи шахсини тасдиқловчи ҳужжат — паспорт, ID-карта, истиқомат қилиш гувоҳномаси ёки ҳайдовчилик гувоҳномасини тақдим этиши лозим. 14–16 ёшдаги фойдаланувчилар эса туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ҳамда ота-онаси ёки васийларининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари асосида аъзо бўлиши мумкин.

Кутубхона томонидан бериладиган ва амал қилиш муддати икки йил бўлган китобхон ID-картаси фойдаланувчиларга ахборот-кутубхона ресурсларидан фойдаланиш ҳуқуқини беради.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Архив ҳужжатлари ва кутубхона бўлими бошлиғи Равшан Қодировнинг таъкидлашича, кутубхона фонди ва техник имкониятлари замонавий ахборот-кутубхона хизмати талабларига мос ҳолда шакллантирилган.

“Бугунги кунда кутубхона фондида 40 мингдан ортиқ босма нашрлар, 3 мингдан зиёд нодир қўлёзма ва тошбосма манбалар сақланмоқда. Фойдаланувчилар маҳаллий ва халқаро электрон маълумотлар базалари орқали 10 миллиондан ортиқ рақамли ресурслардан фойдаланиш имкониятига ҳам эга. Кутубхона бир вақтнинг ўзида 310 нафар китобхонга хизмат кўрсатиш салоҳиятига эга бўлиб, Германия, Буюк Британия, Финляндия, Корея ва Хитой каби давлатлардан келтирилган 20 дан ортиқ турдаги замонавий техник воситалар билан жиҳозланган. Бу эса китобхонлар учун қулай, инновацион ва самарали билим муҳитини яратишга хизмат қилади”, — деди Равшан Қодиров.

Марказ кутубхонасида фойдаланувчилар учун илмий ва хорижий адабиётлар заллари, олимлар хонаси, индивидуал ишлаш жойлари, коворкинг ҳудуди, имконияти чекланган шахслар учун мўлжалланган махсус хона ҳамда очиқ ҳавода мутолаа қилиш имконини берувчи яшил майдон ташкил этилган.

Ушбу ҳудудларда китобхонлар босма ва электрон ресурслардан фойдаланиш, халқаро илмий базалар билан ишлаш, библиографик маълумотлар олиш ҳамда мустақил ёки жамоавий илмий фаолият олиб бориш имкониятига эга.

Шунингдек, кутубхонада замонавий хизмат кўрсатиш техникалари, сенсор панеллар, инфокиосклар, овоздан холи кабиналар, китобларни стерилизация қилиш ускуналари ва бошқа қулайликлар фойдаланувчилар хизматига тайёр ҳолатга келтирилган.

Кутубхона фойдаланувчиларга қуйидаги тартибда хизмат кўрсатади:

Душанба–жума: 09:00 дан 22:00 гача
Шанба: 09:00 дан 18:00 гача
Якшанба: дам олиш куни

Марказ кутубхонасида илк аъзолик амалга оширилди. Дастлабки китобхонлар кутубхона имкониятлари билан яқиндан танишиб, ахборот-кутубхона ресурсларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи китобхон ID-карталарини расмийлаштирдилар.

Илмга интилган ҳар бир инсон учун Марказ кутубхонаси эшиклари очиқ. Бу ерда китоб мутолааси, илмий изланиш, янги билимлар сари қадам ташлаш ва маънавий меросимиз билан янада яқинроқ танишиш учун барча зарур шароитлар яратилган. Марказ кутубхонасига ташриф буюринг, аъзо бўлинг ва илм-маърифат нурининг бир қисмига айланинг.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1341626.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1083829.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
864827.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.