
Янгиликлар
The Peninsula Qatar: "Ўзбекистон Катарада Ислом цивилизацияси марказини тақдим этди, Қатар билан муштарак маданий қарашларни намоён қилди"
Қатарнинг нуфузли The Peninsula Qatar нашри Доҳадаги Katara Cultural Village мажмуасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига бағишланган тақдимот ўтказилганини ёритди. Мақолада ушбу марказ исломий меросни асраш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи йирик маънавий-маърифий лойиҳа сифатида эътироф этилгани таъкидланган. Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги муштарак маданий қадриятлар ҳамда гуманитар ҳамкорлик масалаларига алоҳида урғу берилган.
Қатар Миллий кутубхонаси президенти ва Давлат вазири доктор Ҳамад бин Абдулазиз Ал-Каварий (ўнгдан учинчи), «Катара» маданий қишлоғи бош директори профессор доктор Холид бин Иброҳим Ал-Сулайтий (чапдан иккинчи), Ўзбекистоннинг Қатардаги элчиси доктор Ашраф Хўжаев (чапдан учинчи) ҳамда бошқа меҳмонлар кечаги тадбирда иштирок этди. Сурат: Rajan Vadakkemuriyil / The Peninsula
Доха, Қатар: Кеча Ўзбекистон Республикасининг Қатардаги элчихонаси томонидан «Катара» маданий қишлоғида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг тақдимоти ўтказилди. Тадбирда мазкур нуфузли марказ ислом меросини асраш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ҳамда халқлар ўртасида маданий мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим майдон сифатида эътироф этилди.
Тадбирда Қатар Миллий кутубхонаси президенти ва Давлат вазири доктор Ҳамад бин Абдулазиз Ал-Каварий, «Катара» бош директори профессор доктор Холид бин Иброҳим Ал-Сулайтий, дипломатлар, олимлар, маданият арбоблари ва бошқа меҳмонлар иштирок этди.
Тадбирнинг очилиш нутқида Ал-Каварий Қатар ва Ўзбекистон ўртасидаги мустаҳкам маданий алоқалар ва муштарак меросни алоҳида таъкидлаб, ҳар икки давлат ислом тарихи ва цивилизациясини асрашга қаратилган муҳим ташаббусларни амалга ошираётганини қайд этди.
У Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини юксак эътирофга лойиқ бўлган муҳим маданий лойиҳа сифатида баҳолади.
«Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат тарихий архив, балки ислом цивилизациясининг илм-фан, адабиёт, тарих ва фалсафа тараққиётига қўшган ҳиссасини намоён этувчи, шунингдек, буюк маънавий ва исломий цивилизациянинг абадий ғоясини ифода этувчи ёдгорликдир», — деди у.
Тадбир иштирокчиларига мурожаат қилган Ўзбекистоннинг Қатардаги элчиси доктор Ашраф Хўжаев мазкур марказ нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами учун катта аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, у мамлакатнинг бой илмий ва тарихий меросини ўзида акс эттиришини айтди.
«Ўзбекистон ислом цивилизациясининг энг бой интеллектуал ва маънавий меросларидан бирига эга мамлакатдир», — деди элчи. У Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарларда етишиб чиққан алломаларнинг илмий мероси математика, тиббиёт, астрономия ва фалсафа соҳалари ривожига улкан ҳисса қўшганини таъкидлади.
Тақдимот давомида Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Ал-Хоразмий ва Абу Райҳон Беруний каби буюк мутафаккирлар номи тилга олиниб, уларнинг илмий мероси жаҳон илм-фани ва тафаккур тараққиётига чуқур таъсир кўрсатгани қайд этилди.
Хўжаев Ислом цивилизацияси марказини «оддий музейдан анча кенг тушунча» деб атаб, уни «таълим, илмий тадқиқот, мулоқот ва маданий алмашинув учун жонли майдон» сифатида тасаввур қилинганини айтди. Айниқса, бу маскан ёш авлоднинг ўзлиги ва интеллектуал мероси билан боғланишига хизмат қилиши таъкидланди.
Элчи, шунингдек, Ўзбекистон ва Қатарнинг маданий меросни асраш ва таълим соҳасидаги ёндашувлари ўртасида катта ўхшашликлар мавжудлигини қайд этиб, Қатарнинг маданий ва интеллектуал муассасаларга қаратган сармоясини юқори баҳолади.
«Кўп жиҳатдан бу қараш Қатарда ҳам яққол намоён бўлади», — деди у. «Йиллар давомида Қатар нафақат тараққиёт ва дипломатия маркази сифатида, балки маданият, таълим, илм-фан ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотга катта аҳамият берадиган давлат сифатида ҳам ўзини намоён қилди».
Хўжаев Қатар Миллий кутубхонаси, «Катара» маданий қишлоғи, Ислом санъати музейи ва Education City мажмуасини Қатарнинг замонавийлик билан бирга меросни асрашга қаратилган саъй-ҳаракатлари намунаси сифатида келтирди.
У ҳар икки давлат барқарор тараққиёт фақат инфратузилма ёки иқтисодий ўсиш билан эмас, балки таълим, маданият ва тарихий хотирага инвестиция киритиш билан таъминланишини яхши англашини таъкидлади.
«Узоқ муддатли тараққиёт инфратузилма ёки иқтисодий ўсиш орқали эмас, аввало инсон капитали, таълим, маданият ва тарихий хотирага сармоя киритиш орқали қурилади», — деди у.
Элчининг таъкидлашича, Ислом цивилизацияси маркази каби муассасалар тез ўзгараётган дунёда тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Улар ёш авлоднинг ўз қадриятлари ва миллий ўзлиги билан боғланиб қолишига хизмат қилиш билан бирга, халқлар ва маданиятлар ўртасида кўприк вазифасини ҳам бажаради.
Қатар билан маданий ҳамкорлик тобора ривожланиб бораётганини таъкидлаган Хўжаев «Ал-Жазира» медиа тармоғи раҳбариятига Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, мамлакатнинг тарихий обидалари ва буюк шахслари ҳақидаги ҳужжатли фильмлар туркумини қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, у Ислом санъати музейи ва Қатар Миллий кутубхонаси билан Қатар музейларида сақланаётган Ўзбекистон тарихи билан боғлиқ ноёб артефактларга бағишланган китоб устида ҳамкорлик ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.
Сўнгги сўзида элчи Қатар жамоатчилигини Ўзбекистонга ташриф буюриб, мамлакатнинг маданий мероси билан яқиндан танишишга чақирди. Жумладан, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқандда янги очилган Имом Бухорий мажмуасини тилга олиб, Ўзбекистон ва Қатарни умумий тарихий ва маданий ришталар билан боғланган «қардош мамлакатлар» деб атади.
Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.