Гонконг сарой музейи директори: “Бу ташаббус келажакка қаратилган ниҳоятда муҳим инвестиция”
Гонконг сарой музейи директори Луис Нг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, Марказ фаолияти, унинг концепцияси ҳамда экспозициялар билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида Марказнинг илмий-маърифий йўналишлари, ноёб экспонатлари, тарихий қўлёзмалар, маданий мерос намуналари ҳамда Ўзбекистон ҳудудида шаклланган бой исломий-маърифий анъаналарни акс эттирувчи лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Луис Нг Марказ экспозицияларини кўздан кечирар экан, унинг меъморий ечимлари, замонавий технологиялар билан бойитилган намойиш услублари ҳамда Ўзбекистоннинг бой цивилизациявий меросини юқори баҳолади.
“Бу, шубҳасиз, кўришга арзийдиган маскан. Мен бу ташаббус келажакка қаратилган ниҳоятда муҳим инвестиция деб биламан. Мен Ўзбекистоннинг бой цивилизацияси ва маданий меросини Осиё минтақаси ва Хитойда янада кенгроқ тарғиб этишни истардим”, — деди Гонконг сарой музейи директори Луис Нг.
Ташриф Марказнинг халқаро маданий-маърифий алоқаларини ривожлантириш, Ўзбекистоннинг бой тарихий меросини жаҳон ҳамжамиятига кенг танитишда муҳим аҳамият касб этади.










