
Янгиликлар
Юртимиздаги ноанъанавий кутубхонада “Жаҳолатга қарши маърифат” кўргазмаси ташкил этилди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ноанъанавий кутубхонасида “Жаҳолатга қарши маърифат” кўргазмаси ташкил этилди. Марказнинг замонавий кутубхонасида ташкил этилган мазкур тадбир ёш авлодни илм-фан, китобхонлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, шунингдек, маърифат орқали жаҳолатга қарши курашиш ғояларини кенг тарғиб этишга қаратилди.
Кўргазмада ўқувчи ёшлар, хусусан, Ал-Хоразмий халқаро математика ва информатика олимпиадасида иштирок этаётган 15 дан ортиқ давлатдан келган 250 нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлар қатнашди. Улар дастлаб Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти, унинг илмий-маърифий йўналишлари, ноёб экспозициялари ҳамда халқимизнинг бой тарихий ва маданий меросини акс эттирувчи материаллар билан яқиндан танишдилар.
Шундан сўнг иштирокчилар Марказ кутубхонасида намойиш этилган маънавий-маърифий, ислом цивилизацияси тарихи, диний бағрикенглик, маърифат, маданий мерос ва илм-фанга оид юзлаб китоблар билан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Кўргазма доирасида ёшларда китобхонлик маданиятини шакллантириш, уларнинг илмга бўлган қизиқишини ошириш ва маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирнинг эътиборли жиҳатларидан бири шундаки, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон, Беларусь, Монголия, Туркия ва Малайзиядан ташриф буюрган иштирокчилар Марказнинг замонавий кутубхонаси, бой китоб фонди, электрон ресурслари, рақамли маълумотлар базалари ва илмий тадқиқотлар учун яратилган шароитлар илмий муҳити, шунинггдек, ёшлар билан ишлашга қаратилган маърифий ташаббуслар билан ҳам танишдилар.
Марказ кутубхонаси раҳбари Равшан Қодировнинг таъкидлашича, бундай тадбирлар ёшларни китобга, илмга ва маърифатга янада яқинлаштиришга хизмат қилади.
— Бугунги кўргазма давомида иштирокчилар кутубхонамиздаги бой китоб фонди, замонавий техник имкониятлар ва электрон ресурслар билан танишдилар. Ёшларимиз учун давлатимиз раҳбари ташаббуси билан яратилган шарт-шароитлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Кўпчилик кутубхонамизга аъзо бўлиш ва яна ташриф буюриш истагини билдирди. Бу каби маърифий тадбирларни мунтазам давом эттирамиз, — деди у.
Хорижлик меҳмонлар ҳам Марказ ва унинг кутубхонаси ҳақида илиқ фикрлар билдирдилар.
Малайзиялик иштирокчи Эсен бин Дафис Мадининг таъкидлашича, Ислом цивилизацияси марказига ташриф унда катта таассурот қолдирган.
— Мусулмон сифатида динимиз тарихи ва бой меросини ўрганиш жуда қизиқарли. Бу маскан ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли. Экспозициялар орқали тарих, маданият ва цивилизация ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдик. Кутубхона эса мен кўрган кутубхоналар ичида энг замонавийларидан бири. Айниқса, рақамли технологиялар ва электрон ресурслар мени лол қолдирди, — деди у.
Мутахассислар таъкидлаганидек, мазкур кўргазма ёшларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш, тарихий хотира ва маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш, шунингдек, “Жаҳолатга қарши маърифат” ғоясини амалий мазмун билан бойитишда муҳим аҳамият касб этади.
Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.