Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Ўзбекистонда тасаввуфнинг уч нодир мероси ҳаётга қайтмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат тарихий меросни сақлаш, балки уни замонавий тараққиёт эҳтиёжлари билан уйғунлаштиришга қаратилган улкан халқаро илмий-маърифий платформа сифатида дунё фондларида сақланаётган қўлёзмаларни излаб топиш, уларнинг илмий танқидий матнларини тайёрлаш, таржима ва шарҳлар яратиш, академик нашрларни амалга ошириш, кенг жамоатчилик учун оммабоп талқинларни тайёрлаш имкониятига эга.

Ана шу имкониятлар доирасида амалга оширилаётган кенг қамровли лойиҳаларнинг асосий мақсади аждодларимиз қолдирган нодир илмий ва маънавий меросни тадқиқ этиш, унинг инсоният тараққиётига қўшган ҳиссасини халқаро ҳамжамиятга етказиш ҳамда ёш авлод қалбида миллий ғурур ва маърифат туйғуларини мустаҳкамлашдан иборат.

Бугун аждодларимизга тегишли кўплаб асарлар ҳозирда дунёнинг турли кутубхона ва архивларида сақланмоқда. Марказ Нашрлар бўлими томонидан дунёнинг турли фондларида сақланаётган нодир манбалар тадқиқ қилиниб, нашрга тайёрланмоқда.

Давлат сиёсати даражасидаги вазифа

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 10 февралдаги ПҚ–126-сон қарорига мувофиқ, мамлакатимиз ва жаҳон фондларида сақланаётган нодир манбаларни таржима қилиш, тадқиқ этиш ҳамда кенг китобхонлар оммасига етказиш вазифаси белгиланган.

Мазкур қарор ижроси доирасида тасаввуф илмининг уч буюк намояндаси мероси ўзбек китобхонларига қайта тақдим этилмоқда:

◾️Шайх Нажмиддин Кубронинг «Мезон ул-ақоид» асари;

◾️Шайх Хованд Тоҳурнинг «Райҳония рисоласи»;

◾️Мавлоно Яъқуб Чархийнинг «Рисолаи абдолия» асари.

Мутахассислар таъкидлашича, мазкур рисолалар нафақат диний-илмий аҳамиятга эга, балки бугунги глобаллашув даврида инсон маънавияти, ижтимоий муносабатлар ва тарбия масалалари учун ҳам муҳим манба ҳисобланади.

«Мезон ул-ақоид»: инсон руҳиятини тарбиялаш дастури

Кубравия тариқатининг асосчиси Шайх Нажмиддин Кубро қаламига мансуб «Мезон ул-ақоид» асари инсоннинг ички камолоти ва ахлоқий тарбиясига бағишланган.

Асарда комил инсонни шакллантирувчи ўн муҳим фазилат ҳақида сўз юритилади:

1.тавба;
2.зуҳд;
3.таваккул;
4.қаноат;
5.узлат;
6.зикр;
7.сабр;
8.таважжуҳ;
9.муроқаба;
10.ризо.

Муаллиф мазкур тушунчаларнинг мазмун-моҳиятини оддий ва таъсирчан услубда баён қилиб, инсоннинг нафс билан кураши ҳамда маънавий юксалиш босқичларини ёритади.

«Райҳония рисоласи»: Мовароуннаҳр маънавий муҳитининг кўзгуси

Шайх Хованд Тоҳурнинг «Райҳония рисоласи» XII–XIII асрларда Мовароуннаҳр ҳудудида шаклланган тасаввуфий мактабларни ўрганиш учун муҳим манба ҳисобланади.

Асарда шариат ва тариқат ўртасидаги узвий боғлиқлик илмий ва ҳаётий мисоллар орқали асослаб берилади.

Рисолада айниқса қуйидаги мавзуларга кенг ўрин ажратилган:

◾️зикр ва хирқанинг рамзий маънолари;

◾️самоъ ва каромат тушунчаларининг ҳақиқий мазмуни;

◾️илоҳий муҳаббат ва ишқ фалсафаси.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, ушбу асар орқали китобхон ўрта асрлар Мовароуннаҳрининг маънавий муҳити, дунёқараши ва фикрлаш маданияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлади.

«Рисолаи абдолия»: комил инсон ҳақидаги таълимот

Мавлоно Яъқуб Чархий томонидан ёзилган «Рисолаи абдолия» Нақшбандия таълимотининг муҳим манбаларидан бири ҳисобланади.

Асарда Баҳоуддин Нақшбанд ва унинг шогирдлари фаолияти, уларнинг маънавий мақомлари ҳамда руҳий камолот йўли ҳақида маълумотлар келтирилган.

Шунингдек, тасаввуф анъанасида муҳим ўрин тутган «абдоллар» тушунчаси илмий жиҳатдан таҳлил қилиниб, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва маънавий вазифалари ёритилган.

Нега бу асарлар бугун муҳим?

Экспертлар фикрича, мазкур манбаларда илгари сурилган ғоялар замонавий жамият учун ҳам долзарблигини сақлаб қолган.

Марказ катта илмий ходими Хусрав Ҳамидовнинг таъкидлашича:

“Кўп асрлар давомида мазкур асарлар қўлёзма шаклида сақланиб келган бўлиб, уларнинг айрим нусхалари дунё кутубхоналари ва архивларида тарқоқ ҳолда мавжуд. Шу сабабли уларни илмий жиҳатдан қиёсий ўрганиш, матнларини асл манбалар асосида тиклаш, замонавий ўзбек тилига таржима қилиш ва илмий изоҳлар билан бойитиш зарур вазифа ҳисобланади.

Бугунги кунда ёшлар онги учун турли мафкуравий таъсирлар кучайиб бораётган шароитда ушбу асарлардаги маърифатпарварлик, инсонпарварлик ва маънавий покланиш ғоялари жамият барқарорлиги ва маънавий хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Энг муҳими, мазкур ишлар Марказнинг музей, кутубхона, архив, илмий тадқиқот ва таълим йўналишларини бирлаштирган ягона концепцияси доирасида амалга оширилмоқда.

Жаҳолатга қарши энг кучли жавоб

Бугун дунёда турли мафкуравий таҳдидлар, ахборот хуружлари ва маънавий бўшлиқлар кучайиб бораётган бир шароитда аждодлар меросини ўрганиш нафақат тарихий эҳтиёж, балки стратегик зарурат сифатида намоён бўлмоқда.

Шу маънода, Нажмиддин Кубро, Хованд Тоҳур ва Мавлоно Яъқуб Чархий асарларининг таржима қилиниши ва нашр этилиши Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан нуфузли халқаро минбарларда илгари сурилган «Жаҳолатга қарши маърифат» ғоясининг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда. Шунингдек, бу нафақат илмий лойиҳа, балки Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим маънавий-маърифий вазифа ҳамдир.

Дурдона Расулова

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1405026.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1147429.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
924727.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.