

Янгиликлар
Швеция делегацияси Ўзбекистоннинг маданий меросни тарғиб қилиш тажрибасини юқори баҳолади
Швециянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Томас Данестад бошчилигидаги делегацияда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тарихий мерос, замонавий технологиялар ва маърифий ёндашув уйғунлашган маскан сифатида катта таассурот қолдирди.
Марказ экспозициялари орқали Ўзбекистон ҳудудида шаклланган уч минг йиллик тарих, турли маданий таъсирлар ва цивилизациялар мулоқоти изчил ҳамда таъсирчан тарзда очиб берилганини алоҳида эътироф этилди. Меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган ушбу йирик илмий-маърифий лойиҳа мамлакатнинг бой тарихий меросини асраб-авайлаш, уни замонавий шаклда тарғиб этиш ва халқаро жамоатчиликка етказишда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидладилар. Айниқса, асл артефактлар, мультимедиа ечимлар ва ёшлар учун яратилган интерактив имкониятлар ҳамда меросни замонавий усулда тақдим этиш тажрибаси делегация вакилларида катта қизиқиш уйғотди.
Ташрифда Швециянинг савдо-иқтисодий соҳалари вакиллари ҳам иштирок этгани эътиборга молик. Меҳмонлар Марказ экспозициялари орқали Ўзбекистоннинг нафақат бой тарихий мероси, балки халқаро ҳамкорлик, очиқлик ва маданиятлараро мулоқотга бўлган интилиши ҳам яққол намоён бўлаётганини қайд этдилар.
Швеция Миллий савдо кенгаши вакили Кристофер Берри Марказ ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашар экан, шундай деди:
“Марказга ташриф биз учун жуда қизиқарли ва мазмунли бўлди. Бу ерда Ўзбекистоннинг узоқ тарихи, турли маданий таъсирлар ва мамлакатнинг дунёга очиқлиги таъсирчан тарзда намоён этилган. Айниқса, ёшлар учун яратилган интерактив имкониятлар, технологиялардан самарали фойдаланилгани ва меросни замонавий усулда тақдим этиш ёндашуви менда катта таассурот қолдирди”.
Делегация вакиллари бундай илмий-маърифий марказлар халқлар ўртасида ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, маданий мулоқотни кенгайтириш ва халқаро ҳамкорликни янги мазмун билан бойитишга хизмат қилишини таъкидладилар.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.