

Янгиликлар
ЮНЕСКО иштирокчилари Ислом цивилизацияси марказида келажак ғояларини кашф этди
Шарқнинг янги дурдонаси сифатида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат тарихшунослар ва тадқиқотчилар, балки креатив индустрия вакиллари учун ҳам муҳим илҳом манбаи сифатида эътибор қозонмоқда.
ЮНЕСКО томонидан ташкил этилган “Инновацион дизайн бўйича менторлик дастури” иштирокчилари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, миллий маданий мероснинг замонавий дизайн, мультимедиа ва креатив индустриялар билан уйғунлашган намуналари билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида меҳмонлар Марказ экспозициялари, тарихий артефактлар, интерактив платформалар ҳамда рақамли технологиялар асосида яратилган мультимедиа ечимларини кўздан кечирди. Улар учун мазкур ташриф музей билан танишишдан ташқари, миллий меросни ранг, шакл, нақш, мато ва рамзлар орқали англаш имкониятини ҳам яратди.
Иштирокчилар Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси, экспозицион ечимлари ва маданий меросни замонавий технологиялар орқали тақдим этиш тажрибасига алоҳида қизиқиш билдирди.
Айниқса, ўзбек миллий каштачилигининг бетакрор намунаси бўлган сўзанага бағишланган интерактив экспозиция меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Ушбу майдонда иштирокчилар миллий нақшларнинг маъно-мазмуни билан танишиш, ўз дизайнини яратиш ва сўзананинг тарихий ҳамда маданий аҳамияти ҳақида маълумот олиш имконига эга бўлди.
Шунингдек, меҳмонлар Суғд либослари ва матолари коллекцияси, қадимий тўқимачилик анъаналари, ипакчилик тарихи ҳамда миллий ҳунармандчилик намуналарини акс эттирувчи экспозициялар билан ҳам танишди. Ушбу экспонатлар Марказий Осиёнинг Буюк ипак йўли давридаги маданий алоқалари, савдо муносабатлари ва амалий санъат ривожланишини ёритиб беради.
MARU бренди асосчиси, дизайнер, ЮНЕСКО лойиҳалари тренери ва эксперти Марҳамат Умарованинг таъкидлашича, Марказ нафақат музей, балки тарихни ҳис қилиш мумкин бўлган замонавий маданий майдон сифатида ҳам катта аҳамиятга эга.
“Марказда бутун макон жуда пухта ташкил этилган. Музей замонавий, интерактив ва қизиқарли. Айниқса, тарихий жараёнлар ҳар бир объект ва унинг тавсифи орқали юқори даражада ёритилган. Мен бу ерни ёшлар ва талабаларга албатта тавсия қилган бўлардим”, — деди Марҳамат Умарова.
Унинг фикрича, Марказ экспозициялари тарихни оддий маълумот эмас, балки кўриш, ҳис қилиш ва ўрганиш мумкин бўлган жонли тажриба сифатида намоён этади. Шу билан бирга, Суғд матолари ва қадимий текстиль мероси намуналари дизайнер сифатида унда катта қизиқиш уйғотган.
Ташриф якунида иштирокчилар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини тарихий мерос, дизайн ва инновацион технологиялар уйғунлашган ноёб маданий ва маърифий платформа сифатида баҳолади.
Марҳамат Умарова, MARU бренди асосчиси, мода дизайнери, ЮНЕСКО лойиҳалари тренери ва эксперти
— Мен Марказга иккинчи бор ташриф буюряпман. Бу гал ЮНЕСКО ҳамда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси лойиҳасида иштирок этаётган талабаларимиз билан келдик.
Аввало, Марказ ўз кўлами ва мазмуни билан катта таассурот қолдиради. Бу ерда макон жуда пухта ўйланган, экспозициялар замонавий, интерактив ва томошабин учун қизиқарли тарзда ташкил этилган.
Айниқса, тарихий жараёнларнинг ҳар бир детал, ҳар бир объект ва уларга берилган изоҳлар орқали аниқ ва таъсирли очиб берилгани эътиборга молик. Бу каби натижа ортида жуда катта жамоавий меҳнат тургани сезилиб туради.
Шунинг учун мен бу марказни, айниқса, ёшлар, талабалар ва ўқувчиларга албатта тавсия қилган бўлардим. Чунки у нафақат эстетик жиҳатдан гўзал, балки билим олиш нуқтаи назаридан ҳам жуда фойдали.
Бу ерда тарихни фақат ўқиб эмас, балки кўриб, ҳис қилиб ва англаб ўрганиш мумкин. Дизайнер сифатида эса менда Суғд матоларига оид бой коллекция алоҳида таассурот қолдирди.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.