

Янгиликлар
Янги ренессанс пойдевори: беш давлат ҳукумат раҳбарлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугун нафақат мамлакатимизнинг, балки бутун инсониятнинг бой илмий-маънавий меросини ўзида мужассам этган йирик маърифат маскани сифатида халқаро ҳамжамият эътиборини қозонмоқда.
Мазкур марказнинг асосий ғояси — халқимизнинг кўп асрлик цивилизацион меросини илмий асосда тадқиқ этиш, уни асраб-авайлаш, кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлашдан иборат. Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан амалга оширилган ушбу улкан лойиҳа Янги Ўзбекистоннинг маънавий тараққиёт стратегиясида алоҳида ўрин тутади.
Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон ва Беларусь Республикаларининг ҳукумат раҳбарлари мазкур нуфузли илмий-маърифий масканга ташриф буюрдилар. Бу эса Ўзбекистонда маданий меросни асраш ва тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг халқаро даражадаги юксак эътирофи сифатида аҳамият касб этади.
Ташрифда Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси Адилбек Қосималиев, Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода, Озарбайжон Республикаси Бош вазири Али Асадов ҳамда Беларусь Республикаси Бош вазири Александр Турчин иштирок этдилар.
Юқори мартабали меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди ҳамда Марказ бўйлаб ҳамроҳлик қилди.
Экскурсия “Буюк сиймолар галереяси”дан бошланди. Меҳмонларга ислом олами ва жаҳон цивилизацияси тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломалар ва мутафаккирларнинг ҳаёти ҳамда илмий мероси ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шундан сўнг делегация аъзолари “Исломдан олдинги давр”, “Биринчи Ренессанс”, “Иккинчи Ренессанс” заллари ҳамда “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори” экспозицияси билан танишдилар. Айниқса, Марказда қўлланилган замонавий мультимедиа технологиялари, интерактив ечимлар ва “Қуръони карим” залида намойиш этилаётган Усмон мусҳафи меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Марказ фаолияти, унинг концепцияси ва илмий-маърифий аҳамияти ҳақида Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов ҳамда Рустам Жабборов томонидан атрофлича маълумот берилди.
— Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуслари асосида ушбу улкан лойиҳа амалга оширилди. Айнан давлат раҳбарининг ғояси ва стратегик кўрсатмалари бу марказнинг барпо этилишига пойдевор бўлди. Шу ташаббуслар доирасида барча ишлар тизимли равишда ташкил этилди ва ривожлантирилди.
Махсус штаб ташкил этилди ва бу ишга нафақат Ўзбекистон қурувчилари, балки дунёнинг турли мамлакатларидан келган малакали мутахассислар ҳам жалб этилди. Шу сабабли, муҳтарам Президентимиз бежиз таъкидламаганлар, бу марказ бутун инсониятнинг умумий маданий ва маънавий мероси ҳисобланади, — деди Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов.
Ташриф якунида ҳукумат раҳбарлари Марказнинг Фахрий меҳмонлар китобига ўз қайдларини қолдириб, Ўзбекистонда маданий меросни асраш, уни илмий асосда ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак баҳо бердилар.
Беларусь Республикаси Бош вазири Александр Турчин:
“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуси ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши туфайли бунёд этилган Ислом цивилизацияси марказининг улуғворлиги ва бетакрор тимсолидан самимий ҳайратдаман. Ушбу меъморий дурдона ва ноёб музей асрлар давомида илм-фан, санъат ва маърифат тараққиётига илҳом берган. Марказга равнақ ва тараққиёт, Ўзбекистоннинг дўст халқига эса тинчлик, эзгулик ва фаровонлик тилайман”.
Озарбайжон Республикаси Бош вазири Али Асадов:
“Мен ҳайратдаман. Ислом цивилизацияси марказининг улуғворлиги мени чуқур таассуротга солди. Бу ерда муҳтарам Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида, шу вазифа юклатилган масъуллар билан ҳамкорликда Ислом тарихи мукаммал тарзда қайта яратилган.
Барча экспозициялар тарихий ҳақиқатга мос равишда, юксак бадиий дид ва катта маҳорат билан яратилган. Мен ишонч билан айтаманки, дунёда ўхшашини топиш қийин бўлган бу марказ Ислом цивилизациясининг бутун улуғворлигини намоён этади.
Ишончим комилки, марказда акс эттирилган Ислом Ренессансининг уч босқичи узоқ йиллар давомида ёш авлодга таълим ва тарбия беради, уларга тарихни англатади ва ҳар бир инсонга, унинг дини ва эътиқодидан қатъи назар, маънавий сабоқ беради.
Мен Озарбайжон фуқароси сифатида Ўзбекистонга ва унинг меҳмондўст халқига чексиз ҳурмат ва ҳайрат билан қарайман. Барча ташкилотчиларга муваффақият, бахт ва соғлик тилайман. Бу замонавий санъат ва илмий тафаккурнинг ҳақиқий шоҳасаридир”.
Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси Адилбек Қосималиев:
“Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриш мен учун катта шараф ва фахр бўлди. Ушбу марказ ислом оламининг кўп асрлик илмий, маданий ва фалсафий меросини асраб-авайлаш ҳамда навбатдаги авлодларга етказиш йўлидаги юксак саъй-ҳаракатларнинг ёрқин намунаси. Ўзбекистон ташаббуси асосида бунёд этилган ушбу марказ тарихий меросни илмий жиҳатдан ўрганиш ва жаҳон ҳамжамиятига танитишга қаратилган муҳим қадамдир”.
Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода:
“Бугун ҳамкасбларим билан биргаликда Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдик. Экскурсоводларнинг қизиқарли ҳикоялари учун миннатдорлик билдираман. Экспозиция жуда қизиқарли экан. Марказга ривож ва муваффақиятлар тилайман”.
Беш давлат ҳукумат раҳбарларининг мазкур ташрифи Ўзбекистонда Янги Ренессанс ғояси асосида амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар халқаро майдонда юксак эътироф этилаётганининг яна бир амалий тасдиғи бўлди. Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази эса аждодлар меросини келажак билан боғлайдиган, халқлар ўртасидаги ўзаро англашув ва маданий мулоқотни мустаҳкамлайдиган ноёб илм-маърифат кўприги сифатида ўз нуфузини тобора ошириб бормоқда.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.