Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Ўзбекистонни қандай кашф этишмоқда? БМТ вакилининг муносабати

Буюк Ипак йўли ҳақида кўп эшитганини, аммо унинг ҳақиқий манбалари билан биринчи марта юзма-юз келганини айтган БМТнинг Европа учун Иқтисодий комиссияси вакили Элизабет Турк Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида кўрганларини “маданият, тарих ва замонавий технологиялар уйғунлашган бетакрор тажриба” деб баҳолади. Унинг таъкидлашича, Марказ нафақат ўтмиш ҳақида ҳикоя қилади, балки қадимий цивилизациялар иқтисодиёти, илм-фани ва маданий алоқаларини замонавий форматда қайта жонлантириб, ташриф буюрувчини тарихнинг ўз ичига олиб киради.

Ўзбекистоннинг кўп асрлик тарихи ва маданий мероси билан танишиш мақсадида БМТнинг Европа учун Иқтисодий комиссияси Иқтисодий ҳамкорлик ва савдо департаменти директори Элизабет Турк бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлди.

Бу ташриф меҳмонлар учун оддий музей экскурсиясидан кўра кенгроқ маъно касб этди. Марказ музейи экспозицияларида делегация аъзолари Ўзбекистон ҳудудида шаклланган цивилизациялар тарихи, илм-фан тараққиёти, савдо алоқалари ва маданий тараққиёт босқичлари билан яқиндан танишди. Ҳар бир экспонат уларда янги савол ва қизиқиш уйғотиб, ҳар бир зал эса минтақанинг бой ўтмиши ҳақида яна бир муҳим ҳикояни очиб берди.

Айниқса, исломдан аввалги даврга оид нумизматик намуналар делегация эътиборини тортди. Қадимий тангалар нафақат иқтисодий муносабатлар, балки турли халқлар ва давлатлар ўртасидаги маданий ҳамда савдо алоқаларининг жонли гувоҳи сифатида меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, Буюк Ипак йўли бўйлаб шаклланган қадимги савдо йўллари, улар орқали кечган иқтисодий ва маданий алмашинув жараёнлари ҳақидаги маълумотлар ҳам делегация томонидан катта қизиқиш билан ўрганилди.

Суғд цивилизациясига оид мусиқа чолғулари ҳам меҳмонлар эътиборидан четда қолмади. Асрлар оша сақланиб келган бу ноёб мерос намуналари орқали қадимги халқларнинг нафақат иқтисодий ҳаёти, балки мусиқий диди, эстетик қарашлари ва маданий муҳити ҳақида ҳам тасаввур ҳосил қилинди.

Ташриф давомида Иккинчи Ренессанс даврининг илм-фан ва маърифат муҳитини ўзида мужассам этган Темурийлар кутубхонаси композицияси, шунингдек, хонликлар даврининг юксак бадиий диди ва амалий санъат анъаналарини акс эттирувчи нафис сўзаналар делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди. Экспозициялар билан танишиш жараёнида меҳмонлар гид ҳамроҳлигида ҳар бир экспонатнинг тарихи, яратилиш даври ва маданий аҳамияти ҳақида батафсил маълумот олди, ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб топди.

Элизабет Туркнинг таъкидлашича, у 5-Тошкент халқаро инвестиция форуми муносабати билан ташриф буюрган бўлса-да, Ислом цивилизацияси марказида кўрганлари унда алоҳида таассурот қолдирган.

– Мен Австрияданман. Биз ўз тарихимиз, мусиқамиз, маданиятимиз ва адабий меросимиз билан фахрланамиз. Бироқ бу ерда кўрган бой маданий хазина, ноёб қўлёзмалар, қадимий мусиқа асбоблари ва муҳташам меъморий анъаналар менда катта ҳурмат ва ҳайрат уйғотди. Буюк Ипак йўли ҳақида кўп эшитганмиз. Ушбу йўл бўйлаб яратилган кашфиётлар ва илм-фан ютуқлари ҳақида ҳикоялар авлоддан-авлодга ўтиб келган. Марказда мен ана шу ҳикояларнинг манбаларини ўз кўзим билан кўриш имконига эга бўлдим. Бу юртнинг нақадар бой тарихий ва маданий меросга эга эканини янада чуқурроқ ҳис қилдим. Бу ернинг ўзига хос жиҳати шундаки, исломдан аввалги давр тарихи ҳам, ислом цивилизацияси тарихи ҳам бир маконда уйғун тарзда акс эттирилган. Энг муҳими, буларнинг барчаси замонавий технологиялар билан бойитилган. Интерактив инсталляциялар инсонни воқеалар марказига олиб киради. Айрим лаҳзаларда гўё қадимги ҳукмдорлар, мутафаккирлар ёки қўлёзма котиблари билан мулоқот қилаётгандек ҳис қиласиз, — деди у.

Унинг сўзларига кўра, экспозицияларда нафақат маданий бойликлар, балки минтақанинг иқтисодий тараққиётига доир муҳим маълумотлар ҳам ўз аксини топган. Хусусан, қишлоқ хўжалиги, фойдали қазилмалар, қадимги ирригация тизимлари ва сувни бошқариш технологиялари ҳақидаги маълумотлар тарих ва иқтисодиётнинг узвий боғлиқлигини намоён этади.

Марказнинг Гиннесс рекордлар китобига киритилгани ҳақида фикр билдирар экан, меҳмон буни мутлақо табиий ҳол деб баҳолади.

«Бу ҳақиқатан ҳам жаҳон миқёсидаги музей. У ўз тарихи ва донишмандлик меросини замонавий усулларда намойиш этишнинг самарали моделини ярата олган. Бу ердаги тажриба нафақат билим беради, балки инсонни руҳан ҳам бойитади», — деди Элизабет Турк.

Ташриф якунида БМТ вакили Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, халқининг билимдонлиги ва яратувчанлик салоҳияти мамлакатнинг келгуси тараққиёти учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

«Мен ишонаманки, Ўзбекистон ўз тараққиёт йўлини изчил давом эттиради. Келажакда бугунги Ўзбекистонга ҳам худди биз ўтмиш цивилизацияларига қараганимиздек ҳурмат ва ҳавас билан назар ташланади», — деди у.

Элизабет Турк Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига яна қайтиб келиш ниятида эканини билдирди.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1354726.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1096529.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
877527.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.