Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Албания Президенти Байрам Бегай Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан танишди

Албания Республикаси Президенти Байрам Бегай ва рафиқаси Арманда Бегай Ўзбекистонга амалга ошираётган расмий ташрифи доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмонга Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов ҳамроқлик қилди.

Олий мартабали меҳмонларни Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов кутиб олди ҳамда уларга мажмуанинг концепцияси, эспозициялари ва илмий-маърифий фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берди.

Ташриф давомида Президент Байрам Бегай Марказнинг улкан меъморий қиёфаси ва замонавий экспозициялари билан танишар экан, бундай кўламдаги маданий-маърифий мажмуани биринчи бор кўраётганини таъкидлади.

Меҳмонлар дастлаб Буюк сиймолар галереясини томоша қилди. Бу ерда жойлаштирилган интерактив панеллар, мультимедиа технологиялари ҳамда маълумотларнинг бир нечта тилда тақдим этилиши Албания делегациясида катта қизиқиш уйғотди.

Исломгача бўлган давр цивилизацияларига бағишланган экспозицияларда Ўзбекистон ҳудудида шаклланган қадимий маданият ва давлатчилик тарихи намойиш этилди. Хусусан, Кампиртепа археологик ёдгорлиги асосида яратилган махсус экспозиция, Бақтрия цивилизациясига оид ноёб артефактлар ҳамда Буюк ипак йўлининг мамлакатимиз тарихи билан узвий боғлиқлиги ҳақидаги маълумотлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Суғд цивилизациясига бағишланган залдаги қушлар тасвири туширилган нодир кулолчилик намуналари, шунингдек, виртуал технологиялар орқали қадимги цивилизациялар ҳаётини намойиш этиш имконияти юксак баҳоланди.

Биринчи Ренессанс даври экспозицияларида Мағоки Аттор масжиди тарихи, салжуқийлар даврига оид нодир тақинчоқлар, узук ва билакузуклар меҳмонларнинг алоҳида эътиборини тортди. Президент Байрам Бегай мазкур санъат намуналаридаги юксак маҳорат ва нозик ишловни юқори баҳолаб, ўрта асрларда бундай даражадаги ҳунармандчилик маҳсулининг яратилгани ҳайратланарли эканини таъкидлади.

Экспозициядан ўрин олган муқаддас Каъбапўш — кисва намуналари ҳам меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Иккинчи Ренессанс даврига бағишланган бўлимда эса Амир Темур даврига оид шахмат доначалари, миниатюра санъати намуналари ҳамда европалик олимларнинг Соҳибқирон ҳақидаги асарлари намойиш этилди. Суҳбат чоғида Амир Темурнинг жаҳон цивилизацияси ва давлатчилик тарихи тараққиётидаги ўрни ҳақида фикр алмашилди.

Мирзо Улуғбек расадхонасининг модели ва буюк алломанинг астрономия соҳасидаги илмий мероси ҳам меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, Султон Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий ўртасидаги илмий, маънавий-маърифий муносабатларни акс эттирувчи экспозициялар илм-фан ва маърифатга берилган юксак эътибор намунаси сифатида баҳоланди.

Қуръони карим оятлари битилган нодир тарихий либос, қадимий қўлёзмалар ва ноёб хаттотлик намуналари ҳам Албания делегациясида катта таассурот қолдирди. Меҳмонлар мазкур асарларнинг асрлар давомида сақланиб келгани ва уларда мужассам бўлган юксак маънавий меросни алоҳида эътироф этди.

“Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриш мен учун катта мамнуният бўлди. Президентингизнинг узоқни кўзлаган ташаббуси ва қарашлари натижасида барпо этилган ушбу муҳташам марказ нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё учун бебаҳо хазинадир. Бу ерга кўплаб меҳмонлар ва сайёҳлар ташриф буюради. Энг муҳими, ёш авлод шу ерда мамлакатингизнинг бой тарихи ва цивилизацион мероси билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлади”, — деди Албания Президенти.

Шунингдек, давлат раҳбари V Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳақида ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш мен учун муҳим тажриба бўлди. Бу форумда биринчи марта қатнашдим. Форум тадбиркорларимиз учун янги шериклар топиш, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва ўзаро ҳамкорлик имкониятларини мустаҳкамлаш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, бундай учрашувлар халқларимиз ва давлатларимизнинг бир-бирини янада яқиндан англашига хизмат қилади”, — деди Байрам Бегай.

Ташриф давомида меҳмонлар “Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс пойдевори” экспозицияси, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, замонавий шаҳарсозлик лойиҳалари билан ҳам танишди.

Қуръони карим залида намойиш этилган мэппинг-шоу, нодир қўлёзмалар ва ҳазрати Усмон мусҳафи тарихи ҳақидаги маълумотлар меҳмонларда алоҳида қизиқиш уйғотди.

Ташриф якунида марказ директори Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистон ва Албания ўртасидаги илмий-маърифий ҳамкорликни янада кенгайтириш, икки мамлакат олимлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда албаниялик тадқиқотчиларни Марказ фаолиятига жалб этиш бўйича режалар ҳақида маълумот берди.

Албания Президенти мазкур ташаббусларни юксак баҳолаб, Марказ фаолияти ва бу ерда амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар Ўзбекистоннинг бой тарихи ва цивилизацион меросини халқаро майдонда тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ташриф самимий ва дўстона муҳитда ўтди.
 
 
 
 

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1405726.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1148429.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
925127.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.