

Янгиликлар
“Бу ҳақиқатан ҳам илмий марказ”: Германия Президентини Ўзбекистоннинг янги илмий-маърифий бренди ҳайратга солди
Цивилизациялар мулоқоти халқлар ўртасидаги ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамловчи муҳим асосдир. Шу маънода, Германия Федератив Республикаси Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг рафиқаси Эльке Бюденбендер билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифи икки мамлакат ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларнинг яна бир муҳим ифодаси бўлди.
Олий мартабали меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов кутиб олди.
Ташриф давомида Федерал Президент ва унинг рафиқаси Марказнинг асосий музей экспозициялари ҳамда 550 ўринга мўлжалланган замонавий анжуманлар зали билан танишди. Меҳмонларга Қуръони карим зали, Исломдан аввалги давр цивилизациялари, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс, Ўзбек хонликлари, XX аср тарихи ҳамда “Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс” экспозициялари орқали Ўзбекистоннинг бой тарихий-маърифий мероси узвий тарзда намоён этилаётгани ҳақида маълумот берилди.
Олий мартабали меҳмон экспозициялар билан танишиш жараёнида ҳар бир бўлим мазмунига алоҳида қизиқиш билдирди. Айниқса, исломдан аввалги даврга оид асл тарихий ашёлар, қадимий маданий қатламларнинг илмий асосда очиб берилиши ҳамда тарихий мероснинг замонавий рақамли технологиялар орқали намойиш этилиши унда катта таассурот қолдирди.
Франк-Вальтер Штайнмайер Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси марказида олган таассуротлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг минтақавий жараёнлар ва халқаро мулоқотдаги ўрни ҳақида сўз юритар экан, қуйидагиларни таъкидлади:
“Ислом цивилизацияси маркази ҳақиқатан ҳам илмий марказ бўлиб, Марказий Осиёнинг исломгача бўлган даври ва ислом цивилизацияси тарихини жуда таъсирчан тарзда намоён этади. Биз бу ерда Ўзбекистоннинг бой маданияти, кўп асрлик тарихи ва цивилизацион мероси билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдик.
Шунингдек, Германия нуқтаи назаридан бу минтақа Европа ва Осиёнинг кенг ҳудудлари ўртасидаги ўзига хос кўприкдир. Ўзбекистон эса Марказий Осиёда ушбу кўприк вазифасини ўз тараққиёт йўли ва сиёсатида доимо намоён этиб келган давлатлардан биридир”, — деди Германия Федератив Республикаси Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер.
Олий мартабали меҳмон, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган мулоқотни алоҳида қайд этиб, сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар изчил яқинлашиб бораётганини таъкидлади. Унинг фикрича, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар сиёсий мулоқот, иқтисодий ҳамкорлик, бизнес ва маданий алмашинув соҳаларида янги имкониятлар очмоқда. Франк-Вальтер Штайнмайер Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ҳамкорликни ишонч, ўзаро ҳурмат ва амалий манфаатдорлик асосида янада мустаҳкамлаш учун барча зарур пойдеворлар шаклланганини эътироф этди.
Ташриф давомида Марказ нафақат тарихий меросни асраб-авайлаш, балки уни замонавий музейчилик, рақамли ечимлар ва илмий ёндашув орқали халқаро аудиторияга етказишга қаратилган илмий-маърифий майдон экани яна бир бор намоён бўлди.
Шунингдек, Федерал Президент Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда янада яқинлашганини, сиёсий мулоқот, иқтисодиёт, бизнес ва маданий алмашинув соҳаларида ҳамкорлик учун мустаҳкам асослар яратилганини таъкидлади.
Германия Федерал Президентининг Ислом цивилизацияси марказига ташрифи Ўзбекистоннинг бой тарихи, илм-фанга асосланган мероси ва замонавий тараққиёт йўлини халқаро майдонда намоён этган муҳим воқеа бўлди. Бу ташриф икки мамлакат ўртасидаги мулоқот нафақат сиёсий ва иқтисодий ҳамкорлик, балки тарих, маданият, илм-фан ва халқлар ўртасидаги ишончли алоқалар орқали ҳам мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатди.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.