

Янгиликлар
БРИКС банки Президенти Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессанс ғоясини эътироф этди
«Бу ерда ўтмиш шунчаки намойиш этилмайди, у келажакни шакллантириш учун илҳом манбаига айлантирилган». БРИКСнинг Янги тараққиёт банки (NDB) Президенти Дилма Русефнинг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифи давомида билдирган ушбу фикрлари меҳмонларда уйғонган таассуротларнинг моҳиятини яққол ифода этади.
Марказ бўйлаб саёҳат меҳмонларни нафақат бой тарих ва маданий мерос, балки замонавий технологиялар билан уйғунлашган ноёб экспозициялар оламига олиб кирди. Делегация аъзолари дастлаб марказнинг муҳташам архитектураси, миллий меъморчилик анъаналари ва энг сўнгги мультимедиа ечимлари асосида яратилган кўргазмалар билан танишди. Айниқса, Иккинчи Ренессанс даврига бағишланган бўлимда намойиш этилган Амир Темур шахмати меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Ушбу ноёб экспонат нафақат буюк саркарданинг стратегик тафаккурини, балки ўша давр илм-фан ва интеллектуал муҳитини ҳам ёрқин намоён этиб берди.
Қуръони Карим залида делегация аъзолари дунё мусулмонлари учун беқиёс аҳамиятга эга бўлган Усмон Мусҳафи атрофида жойлаштирилган, турли даврларга мансуб 114 та Қуръони Карим нусхасини томоша қилди. Ислом китобат санъати ва муқаддас мероснинг асрлар давомидаги тараққиётини акс эттирувчи ушбу коллекция меҳмонларда чуқур таассурот қолдирди. Шунингдек, 65 метрли гумбаз остида жойлашган, бир миллиондан ортиқ Swarovski тошлари билан безатилган улкан қандил ҳам делегация диққат марказида бўлди. Нур, меъморчилик ва муҳандислик ечимлари уйғунлашган мазкур композиция марказнинг энг ёрқин рамзларидан бири сифатида меҳмонларни ҳайратга солди.
Ташриф якунида Дилма Русеф марказ ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашар экан, бу ердаги ҳар бир жиҳат юқори маҳорат ва юксак маданий дид билан яратилганини алоҳида таъкидлади.
«Менда бу Марказ ҳақида жуда кўп ва жуда илиқ таассуротлар қолди. Аввало, бу бинодаги ҳар бир жиҳатнинг юксак сифат билан амалга оширилгани мени ҳайратга солди. Деворлардаги нафис нақшлар, эшиклардаги нозик қўл меҳнати, музейнинг ҳар бир бурчагида намоён бўлган ҳунармандчилик анъаналари жуда таъсирли экан.
Шу билан бирга, бу ерда турли тарихий даврлар ва цивилизациялар таъсири ўзаро уйғунлашиб, инсонни ислом оламининг бой маънавий муҳитига олиб киради. Бу шундай цивилизацияки, у инсониятга математика, астрономия, адабиёт ва шеърият соҳаларида беқиёс билимлар тақдим этган, халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик ғояларини тарғиб қилган. Экспозициялар орқали шаҳарлар қандай шакллангани ва тараққий этганини ҳам яққол кўриш мумкин.
Менга, айниқса, Ренессанс ғояси катта таассурот қолдирди. Бу ерда Биринчи Ренессанс, Иккинчи Ренессанс ва Учинчи Ренессанс ўртасидаги тарихий ва маънавий боғлиқлик жуда таъсирчан тарзда намоён этилган. Бугунги Учинчи Ренессанс ғояси Ўзбекистон Президенти жаноб Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва етакчилиги остида амалга оширилаётган муҳим жараёндир. Энг муҳими, у аввалги икки буюк Ренессанснинг мустаҳкам илмий ва маданий пойдеворига таянаётганини кўриш мумкин.
Бугунги мураккаб ва турли синовларга бой дунёда бундай ташаббусларни кўриш инсонга умид бағишлайди. Менимча, барчамиз учун энг муҳим нарса — келажакка ишонч билан қараш, илҳом олиш мумкин бўлган уфқни кўра билишдир. Бу Марказ айнан шу ғояни намоён этади: ҳар бир мамлакат ва ҳар бир халқ ўз салоҳиятини тўлиқ ишга солиб, янги уйғониш ва тараққиёт даврини барпо этиши мумкин.», — деди Дилма Русеф.
Ташриф сўнгида БРИКСнинг Янги тараққиёт банки Президенти Марказнинг Фахрий меҳмонлар китобига ўз таассуротларини ёзиб қолдирди. Шунингдек, делегация аъзоларига Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов томонидан Марказ номидан эсдалик совғалар топширилди. Ушбу рамзий ҳадялар икки томонлама ҳамкорлик ва маданий алоқаларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилувчи самимий эътибор ифодаси сифатида қабул қилинди.
Бугун дунё молиявий ва иқтисодий тараққиётига таъсир кўрсатаётган йирик халқаро институт раҳбарининг Марказ ҳақида билдирган юксак эътирофи ушбу лойиҳанинг глобал аҳамияти ва нуфузи тобора ортиб бораётганининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.