

Янгиликлар
Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо бошчилигидаги делегация Ислом цивилизацияси маркази билан танишди
Ўзбекистонда тараққиёт нафақат иқтисодий кўрсаткичлар, балки инсон капитали, илм-фан, таълим ва маданий меросга бўлган эътибор билан ҳам белгиланишини намоён этаётган юқори даражали ташрифлар давом этмоқда.
Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Делегация Марказда тарихий мероснинг замонавий технологиялар орқали талқин этилиши билан танишди. Экспозициялар бўйлаб саёҳат Амир Темур ва темурийлар давридан Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрнига қадар бўлган тарихий жараёнларни қамраб олди.
Одиль Рено-Бассонинг эътиборини нодир сўзаналар, Мирзо Улуғбек расадхонасининг интерактив макети ҳамда рақамли музейчилик ечимлари алоҳида тортди. Ушбу экспонатлар Марказда ўтмиш мероси фақат намойиш этилмасдан, замонавий воситалар ёрдамида қайта англанишини намоён этди.
Ташриф якунида Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов Одиль Рено-Бассога Учинчи Ренессанс мавзусига бағишланган махсус совға — китоб тақдим этди. Унда ватанимиз алломалари, мамлакатимизда илм-фан ва маърифат ривожига қўшилаётган ҳисса, шунингдек, “Янги Ўзбекистон” даврида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар ўз аксини топган.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо Марказ ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашар экан, шундай деди:
«Бу марказ мамлакатнинг бой ўтмиши ва келажакка қаратилган замонавий ёндашуви уйғунлашган ғоят таъсирчан маскандир. У Ўзбекистоннинг Шарқ ва Ғарбни боғлаган Буюк ипак йўлида тутган ўрнини англашга ёрдам беради. Энг ҳайратланарли жиҳати — тарихий мероснинг инновацион технологиялар ва сунъий интеллект воситалари билан уйғунлаштирилганидир. Бу ерда ўтмиш билан бугун ўртасида жонли мулоқот яратилган. Мен ушбу Марказни ўтмиш қудрати ва Ўзбекистоннинг келажак имкониятларини яққол акс эттирувчи маскан сифатида баҳолайман. Президент Шавкат Мирзиёевга ушбу улкан ташаббуси учун самимий миннатдорлик билдираман»,— деди Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо.
Меҳмон Марказнинг фахрий меҳмонлар китобида ҳам ўз таассуротларини қолдирди. У музейни ғаройиб маскан сифатида таърифлаб, Ўзбекистоннинг қадим даврлардан икки Ренессанс орқали замонавий Ўзбекистонгача бўлган бой тарихи бўйлаб ўзига хос саёҳат қилганини қайд этди. Шунингдек, қадимий буюмлар, заргарлик намуналари, гиламлар ва китобларнинг замонавий технологиялар ҳамда ёш авлод учун янги имкониятлар очиб берувчи сунъий интеллект воситалари билан уйғунлашгани унда катта таассурот қолдирганини ёзди.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.