Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

«Бу марказда ҳар бир қадам тарихни сўзлайди» — ЮНЕСКО ижроия кенгаши раиси

 

III Халқаро мақом санъати анжумани ҳамда «Андижон шаҳри — 2026 йилда Туркий дунёнинг маданият пойтахти» халқаро тадбирларининг фахрий меҳмонлари — ЮНЕСКО Ижроия кенгаши раиси доктор Нассер бин Ҳамад Ал Ҳинзаб бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.

Меҳмонларга Марказ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси ва доимий эътибори асосида амалга оширилган йирик маърифий мега-лойиҳа экани, унинг концепциясида буюк аждодлар мероси, замонавий илм-фан ва Янги Ўзбекистон тараққиёти ғоялари ўзаро уйғунлашгани ҳақида маълумот берилди.

Ташриф давомида доктор Нассер бин Ҳамад Ал Ҳинзаб Марказ музейининг кенг қамровли экспозицияси билан батафсил танишди. У ҳар бир тарихий давр ва мавзуга бағишланган бўлимларни алоҳида қизиқиш билан кўздан кечириб, нодир қўлёзмалар, тарихий осори атиқалар, буюк алломаларнинг илмий мероси, мультимедиа воситалари ҳамда замонавий технологик ечимларга юксак баҳо берди.

Айниқса, Марказий Осиёнинг исломдан аввалги цивилизацион тараққиётини ёритувчи экспозиция меҳмонда алоҳида қизиқиш уйғотди. Мазкур бўлимда минтақанинг қадимий маданий қатламлари, турли халқ ва тамаддунлар ўртасидаги тарихий алоқалар, шунингдек, кейинчалик юзага келган буюк илмий-маърифий юксалишнинг чуқур илдизлари яхлит тарихий манзара асосида ифодалангани эътироф этилди.

Марказ ҳақидаги таассуротларини баён этар экан, ЮНЕСКО Ижроия кенгаши раиси Президент Шавкат Мирзиёевнинг мазкур лойиҳа замирига сингдирилган стратегик қарашлари ва унинг халқаро аҳамиятига алоҳида тўхталди.

Доктор Нассер бин Ҳамад Ал Ҳинзаб, ЮНЕСКО Ижроия кенгаши раиси:

«Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиш мен учун катта шараф. Бу ерга қадам қўйган илк лаҳзаларданоқ Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган улкан ғоянинг мазмун-моҳиятини ҳис қилиш мумкин. Ушбу ғоя маданиятлар ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, тарихий хотирани асраш ва уни келажак авлодлар манфаатига хизмат қилдиришга қаратилган.

Бугун бу қараш Марказ тимсолида амалий ифодасини топган. У турли халқлар, маданиятлар ва цивилизацияларни бирлаштирадиган халқаро мулоқот майдонига айланган.

Ушбу Марказнинг аҳамияти фақат Ислом цивилизацияси ёки Марказий Осиё билан чекланмайди. У бутун инсониятга хизмат қилади: инсонга ўтмишни англаш, бугунни теран идрок этиш ва келажакни онгли равишда барпо қилиш имконини беради.

Айни пайтда дунё халқлари ўртасида тинчлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Шу маънода, ушбу Марказнинг маданиятлараро мулоқот ва ўзаро англашувни ривожлантиришдаги ўрни беқиёс. ЮНЕСКО Ижроия кенгаши раиси сифатида биз бу каби юксак мақсадларга хизмат қиладиган лойиҳа билан фахрланамиз».

Меҳмон Марказнинг ёш авлод учун ҳам беқиёс маърифий аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Унинг фикрича, бу даргоҳга кирган ҳар бир ёш тарих, маданият ва илм-фаннинг турли соҳалари ҳақида тизимли билим олиш, аждодлар тафаккури кўламини англаш ҳамда янги илмий изланишлар учун илҳом топиш имконига эга бўлади.

Ташриф доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ҳамда ЮНЕСКО Ижроия кенгаши раиси доктор Нассер бин Ҳамад Ал Ҳинзаб ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов мазкур мажмуа фақат музей ёки тарихий экспозициялар маскани эмас, балки илмий тадқиқотлар, халқаро академик ҳамкорлик ва маърифий мулоқотни бирлаштирадиган йирик илмий платформадир, дея таъкидлади. Унинг қайд этишича, Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда илм-фан ривожини давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб, олимлар, тадқиқотчилар ва ёш изланувчилар учун замонавий шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Марказда нуфузли хорижий илмий муассасалар ва тадқиқот марказлари учун махсус майдонлар ташкил этилаётгани ҳам ана шу стратегик ёндашувнинг амалий ифодасидир.

Музокараларда Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий сингари буюк алломаларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, ЮНЕСКОнинг Париждаги бош қароргоҳида Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ва Ўзбекистон алломаларига бағишланган кўргазма ҳамда тақдимотлар ташкил қилиш масалалари муҳокама этилди. ЮНЕСКО Ижроия кенгаши раиси ушбу ташаббусларни амалга ошириш ва Ўзбекистон билан ЮНЕСКО ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, 7–11 июль кунлари «Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва маърифат йўли» мавзусида ўтказиладиган I Халқаро ислом форуми ҳақида маълумот берилди. 60 дан ортиқ давлатдан 350 нафарга яқин олим, эксперт ва соҳа вакилларини бирлаштирадиган мазкур анжуманга билдирилган таклиф учун меҳмон миннатдорлик изҳор этиб, унда ЮНЕСКО вакилларининг иштирок этиши масаласини кўриб чиқишини маълум қилди.

Музокараларда Қатар университети ҳузуридаги Ислом тадқиқотлари маркази, Қатар музейлари тизими ва Ислом санъати музейи билан илмий, музейшунослик ва маданий алоқаларни йўлга қўйиш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Доктор Нассер бин Ҳамад Ал Ҳинзаб Марказнинг расмий таклифини Қатарнинг тегишли илмий ва музей муассасаларига етказиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик ўрнатилишига амалий кўмак беришини билдирди.

Учрашувда Ўзбекистон томонидан илгари сурилган Халқаро ҳужжатли меросни муҳофаза қилиш кунини таъсис этиш ташаббусига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. ЮНЕСКО Ижроия кенгаши раиси ушбу ташаббус муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон халқини табриклаб, унинг глобал аҳамиятини қуйидагича ифодалади:

«Бу ташаббус бир давлатнинг эмас, бутун инсониятнинг умумий манфаатларига хизмат қилади. Ҳужжатли меросни муҳофаза қилиш, унинг қадр-қиммати ҳақида халқаро жамоатчилик хабардорлигини ошириш ва келажак авлодларга етказиш барчамизнинг муштарак масъулиятимиздир».

Доктор Нассер бин Ҳамад Ал Ҳинзаб Ўзбекистон Қатар халқи қалбида алоҳида ўрин тутишини, мамлакатимизда ўзини худди ўз уйидагидек ҳис қилаётганини ҳам самимий таъкидлади.

Марказ экспозициясининг кўлами ва мазмунан теранлиги ҳақида сўз юритар экан, у:

«Бу Марказда ҳар бир бўлим, ҳар бир қадам ва ҳар бир макон тарихдан ҳикоя қилади. Тарихга чиндан қизиққан инсон учун бу ерда ҳатто бир кун ҳам етарли эмас. Мен Марказда бутун бир кунни ўтказишни истардим»,— деди.

Ташриф якунида Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов меҳмонга буюк алломалар ҳаёти ва фаолияти, Янги Ўзбекистон тараққиёти ҳамда Учинчи Ренессанс ғояларини ўзида мужассам этган китобни эсдалик совғаси сифатида тақдим қилди. Шунингдек, доктор Нассер бин Ҳамад Ал Ҳинзаб Марказнинг фахрий меҳмонлар китобига ўз таассуротларини ёзиб қолдириб, бу масканни тарих, билим ва маданият муштараклашган, Ислом цивилизациясининг умуминсоний қадриятлари ҳамда инсоният тараққиётига қўшган ҳиссаси намоён бўладиган даргоҳ сифатида эътироф этди.

Мазкур ташриф Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ислом цивилизацияси марказининг миллий илмий-маърифий маскандан халқаро маданий мулоқот ва илмий ҳамкорлик марказига айланиб бораётганини яна бир бор намоён қилди. 

Учрашув якунлари Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасида маданий ҳамда ҳужжатли меросни асраш, илмий тадқиқотлар, музейшунослик, таълим ва цивилизациялар мулоқоти соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун янги истиқболларни белгилаб берди.

 

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1406626.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1149429.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
926127.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.