

Янгиликлар
“Учинчи Ренессанс чорраҳаси”да тадбирлари давом этмоқда
Ўзбекистонда аёллар таълими, илм-фан ва миллий меросни ўрганишга қаратилган саъй-ҳаракатлар янги босқичга чиқмоқда. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва бошқа ҳамкор марказлар билан тасдиқланган “Тамаддун” қўшма дастурининг “Учинчи Ренессанс чорраҳаси” тадбирлари доирасида “Хадичаи Кубро” таълим муассасаси вакилларининг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифи ёш авлодни илм-фан, тадқиқотчилик ва маърифат сари йўналтиришдаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
“Бир даргоҳ – бир маслаҳат – бир натижа – бир келажак” шиори остида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилаётган “Учинчи Ренессанс чорраҳаси” илмий-маърифий тадбирлари доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ва талабалари Марказ фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Ташриф давомида меҳмонлар Марказнинг музей экспозициялари, халқаро илмий-маърифий платформа, замонавий кутубхона, рақамли технологиялар билан жиҳозланган аудиториялар ҳамда тадқиқотчилар учун яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирдилар.
Иштирокчиларга Ўзбекистон ҳудудида шаклланган қадимги цивилизациялар, ислом маданиятининг тараққиёт босқичлари, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларида яшаб ижод қилган буюк алломаларнинг бой илмий мероси ҳамда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган Учинчи Ренессанс ғояларининг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тадбир қатнашчилари аждодларимиз қолдирган бебаҳо меросни замонавий технологиялар асосида намойиш этиш, қўлёзма манбаларни асраб-авайлаш ва уларни кенг жамоатчиликка етказиш бўйича амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо бердилар. Шунингдек, мамлакатимизда хотин-қизларнинг таълим олиши, илм-фан билан шуғулланиши ва тадқиқотчилик фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор алоҳида эътироф этилди.
“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси Рақамли таълим технологиялари маркази бошлиғи Гулруҳ Муҳамедованинг таъкидлашича, Марказда яратилган имкониятлар ёш тадқиқотчилар, педагоглар ва талабалар учун муҳим илмий-маърифий майдон вазифасини ўтайди.
— Бугунги ташриф давомида мамлакатимизда хотин-қизларга қаратилаётган юксак эътиборни яна бир бор ҳис қилдик. Марказда аждодларимиз мероси, қўлёзма манбалар ва тарихий бойликлар ҳақида берилган маълумотлар бизда катта таассурот қолдирди. Айниқса, тарихимизда аёлларнинг ўрни ва хизматларини ёритишга қаратилган маълумотлар биз учун жуда аҳамиятли бўлди. Ёш педагоглар, тадқиқотчилар ва талабалар учун бундай имкониятлар катта илҳом манбаи ҳисобланади. Биз ҳам аждодларимиз қолдирган меросни ўрганиш, уни тадқиқ қилиш ва келажак авлодга етказиш йўлида муносиб ҳисса қўшишимиз керак, — деди у.
Ташриф давомида меҳмонлар Марказ таркибида фаолият юритаётган халқаро илмий-маърифий платформа билан ҳам танишдилар. Уларга мазкур платформа ислом цивилизацияси тарихи, Марказий Осиё алломалари мероси ва миллий давлатчилик анъаналарини ўрганиш бўйича муҳим тадқиқот майдони бўлиб хизмат қилиши ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, платформа доирасида ташкил этиладиган халқаро конференциялар, илмий анжуманлар, семинарлар, китоб тақдимотлари ва тадқиқот лойиҳалари ҳақида ҳам сўз юритилди. Таъкидланганидек, бу ерда яратилган илмий муҳит маҳаллий ва хорижий тадқиқотчилар ўртасида тажриба алмашиш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда янги илмий изланишларни рағбатлантиришга хизмат қилади.
Меҳмонларда Марказнинг замонавий кутубхонаси ҳам катта қизиқиш уйғотди. Бу ерда ислом тарихи, ҳадисшунослик, ақида, мотуридийлик таълимоти ва бошқа соҳаларга оид бой адабиётлар фонди жамлангани, шунингдек, имконияти чекланган фуқаролар учун махсус хизматлар йўлга қўйилгани таъкидланди.
“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси Дилнура Исломова ташриф давомида олган таассуротлари билан ўртоқлашар экан, Марказ ёшларни илм-фан ва маърифатга чорловчи муҳим маскан эканини таъкидлади.
— Биз бу ерда Туркистон заминининг қадимги даврлардан бугунги кунгача бўлган тарихи, ислом динининг тарқалиши ва аждодларимизнинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдик. Айниқса, кутубхонадаги манбалар бизда катта қизиқиш уйғотди. Ҳадисшунослик, ислом тарихи, ақида ва мотуридийлик таълимотига оид адабиётларни кўриб, келажакдаги илмий фаолиятимиз учун муҳим манбаларга эга бўлганимиздан хурсанд бўлдик. Бу ердаги имкониятлар биз каби ёшларни янада кўпроқ ўқишга, изланишга ва аждодлар меросини чуқур ўрганишга ундайди, — деди у.
Тадбир якунида иштирокчилар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мамлакатимизда илм-фан, маърифат ва миллий меросни ўрганишга хизмат қилаётган муҳим илмий-маърифий масканлардан бири эканини таъкидладилар.
Шунингдек, таълим муассасаси ва Марказ ўртасида илмий-маърифий ҳамкорликни янада ривожлантириш, талабалар ва педагогларни тадқиқот ишларига кенг жалб этиш, маънавий-маърифий лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Қайд этилганидек, бундай тадбирлар ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, миллий меросга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш ҳамда Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс ғояларини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.