Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказиИслом цивилизацияси маркази
Чипта сотиб олиш
  1. Бош саҳифа
  2. /
  3. Янгиликлар

Янгиликлар

Макаланын толук тексти, сүрөттөр жана Борбордун башка жаңылыктары.

Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон—Индонезия муносабатларининг янги йўналишлари муҳокама қилинди

30.06.2026, 17:10840
Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон—Индонезия муносабатларининг янги йўналишлари муҳокама қилинди

Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги ҳамкорлик энди нафақат сиёсий ёки иқтисодий муносабатлар, балки цивилизациявий мерос ва маънавий қадриятлар асосида ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги муштарак қадриятлар Индонезия Республикаси Халқ маслаҳати кенгаши Раиси Ахмад Музани бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифи давомида яна бир бор ўз ифодасини топди.

Ташриф чоғида делегация аъзоларига Марказнинг «Буюк сиймолар галереяси»да жойлашган 14 та равоқ орқали буюк муҳаддислар, мутафаккирлар, алломалар ва давлат арбобларининг жаҳон илм-фани ҳамда цивилизацияси тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида маълумот берилди.

Шундан сўнг меҳмонлар Биринчи Ренессанс, Иккинчи Ренессанс, «Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс пойдевори» ҳамда Қуръони Карим залларидаги экспозициялар билан танишдилар. Бу ерда Ўзбекистон ҳудудида шаклланган илмий мактаблар, қўлёзмалар мероси, буюк алломаларнинг кашфиётлари ва замонавий музей технологиялари уйғунлиги меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Айниқса, Иккинчи Ренессанс экспозициясида сақланаётган, машҳур хаттот Умар Ақто томонидан кўчирилган ноёб Қуръони Карим парчаси делегация аъзолари эътиборини ўзига тортди. Асрлар давомида асраб келинган ушбу қўлёзма нафақат юксак хаттотлик санъати намунаси, балки бутун мусулмон оламининг бебаҳо маънавий бойлиги сифатида юксак баҳоланди.

Экспозициялар билан танишиш жараёнида Ахмад Музани Марказда намойиш этилаётган ҳар бир экспонат ислом цивилизациясининг илм-фан, маданият ва инсонпарварлик тамойиллари қандай юксак тараққий этганини ёрқин намоён этишини таъкидлади.

Биз Индонезия Республикаси Халқ маслаҳати кенгаши аъзолари, давлат ва жамоат арбоблари, уламолар, диний олимлар ҳамда таълим соҳаси вакиллари билан биргаликда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини зиёрат қилдик. Бу ерда жамланган бой мерос ислом цивилизациясининг қанчалик юксак тараққий этганини яна бир бор намоён этади.

Бу экспозициялар орқали биз айнан шу заминда илм-фан, маданият ва маърифатнинг буюк маркази шаклланганига яна бир бор амин бўлдик. Бу мерос Индонезия мусулмонлари учун фақат тарих эмас —  меҳнат, илм ва садоқат орқали юксалиш мумкинлигини кўрсатувчи ҳаётий намунадир.

Ўзбекистондан минглаб километр узоқда жойлашган Индонезия учун ҳам ушбу Марказ беқиёс илҳом манбаи ҳисобланади. Ишончим комилки, у келажак авлодларни эзгулик, бағрикенглик ва турли дин ҳамда эътиқод вакилларига ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилади, – деди фахрий меҳмон.

Ташриф давомида Ахмад Музани Марказнинг «Фахрий меҳмонлар» китобига ўзининг самимий фикр-мулоҳазалари ва эзгу тилакларини ёзиб қолдирди.

Шундан сўнг Ахмад Музани Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Шайх Нуриддин Холиқназар билан учрашди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги диний-маърифий ҳамкорликни янада кенгайтириш, зиёрат туризмини ривожлантириш, мусулмон мамлакатлари ўртасидаги илмий алоқаларни мустаҳкамлаш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Томонлар келгусида икки мамлакат фатво марказлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда "Umra + O‘zbekiston" лойиҳасини Индонезияда кенг тарғиб қилиш ташаббусини ҳам муҳокама қилдилар. Мазкур лойиҳа Саудия Арабистонига умра зиёратига борувчи хорижлик зиёратчиларнинг сафар давомида ёки қайтиш йўлида Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари, буюк алломалар мероси ва бой маданий ёдгорликлари билан танишиш имкониятини яратишни назарда тутади.

Мазкур ташриф икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда янги босқични бошлаб берувчи муҳим дипломатик воқеалардан бири бўлиб, илм-маърифат ва инсонпарварлик ғоялари асосидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Индонезия

Дагы окуңуз

26.09.2025·14827
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
29.10.2025·12222
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
27.09.2025·9949
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
30.09.2025·7979
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди
Барча янгиликлар

Ислом цивилизацияси маркази

Марказ ҳақида

  • Янгиликлар
  • Ташриф маълумотлари
  • Қисқача маълумот

Веб-сайт

  • Мультимедиа
  • Мавзули галереялар

Марказ ҳақида

  • Янгиликлар
  • Ташриф маълумотлари
  • Қисқача маълумот

Веб-сайт

  • Мультимедиа
  • Мавзули галереялар

Ижтимоий тармоқлар

Биз билан боғланиш

  • Телефон рақами: +998 55 511 23 06
  • Электрон почта: info@cisc.uz
  • E-XAT: uz.ism@exat.uz
  • Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Қорасарой 47

© 2026 Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

Иштеп чыккан Neovex

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказиИслом цивилизацияси маркази
Чипта сотиб олиш
  • Лойиҳа муаллифи
  • Меҳмонларга
  • Қўлланма