Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Ҳаким Термизийнинг ноёб асари илк бор тўлиқ ўзбек тилида нашр этилмоқда

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан нодир қўлёзмаларни илмий тадқиқ этиш, таржима қилиш ва кенг китобхонлар оммасига етказиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар яна бир муҳим натижа берди. Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифлардаги ибратли мисоллар, инсон маънавий камолотини юксалтиришга хизмат қилувчи ҳикматлар ҳамда ахлоқий таълимотларни ўзида мужассам этган буюк мутафаккир Ҳаким Термизийнинг "Ал-Амсол минал китоб вас-сунна" асари Ўзбекистонда илк бор тўлиқ ўзбек тилига таржима қилиниб, илмий изоҳлар билан нашрга тайёрланди. Бу нафақат миллий китобшунослик, балки халқимизнинг кўп асрлик илмий-маънавий меросини қайта тиклаш йўлидаги муҳим илмий воқеалардан бири, дейиш мумкин.

Марказ кутубхонаси фонди ҳамда дунё қўлёзма хазиналарида сақланаётган манбалар асосида термизлик буюк аллома Ҳаким Термизийнинг "Ал-Амсол минал китоб вас-сунна" асари тўлиқ илмий таржима қилиниб, нашрга тайёрланди.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимизда сақланаётган нодир қўлёзмаларни илмий ўрганиш, таржима қилиш ва нашр этиш ишларининг амалий натижаси ҳисобланади.

Илмий меросни қайта кашф этишдаги муҳим қадам

IX асрнинг йирик муҳаддиси, мутафаккири ва тасаввуф илмининг машҳур намояндаларидан бири бўлган Ҳаким Термизий ислом тафаккури тарихида ўзига хос мактаб яратган олимлардан саналади. Унинг илмий мероси нафақат мусулмон Шарқи, балки бутун жаҳон илм аҳли томонидан юксак баҳоланади.

Нашрга тайёрланган китобнинг муқаддима қисмида Ҳаким Термизий ҳаёти ва илмий фаолияти, унинг асарларининг ўрганилиш тарихи, совет даврида аллома меросига муносабат ҳамда мустақиллик йилларида мазкур меросни қайта тиклаш ва тадқиқ этиш соҳасида амалга оширилган ишлар атрофлича ёритилган.

Шунингдек, Янги Ўзбекистонда Ҳаким Термизий меросини кенг тарғиб қилиш, унинг мақбараси ва зиёратгоҳини ободонлаштириш, илмий меросини халқаро даражада танитишга қаратилган ташаббуслар ҳам таҳлилий асосда келтирилган.

Асарни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази катта илмий ходими Абдушукуржон Мурадов ҳамда Тошкент ислом институти ўқитувчиси Баҳодир Аъзамов таржима қилиб, илмий таҳрир асосида нашрга тайёрлади.

Китобда Ҳаким Термизий шахсиятига муҳим чизгилар, ислом илмлари ривожига қўшган ҳиссаси, қолдирган бой мероси ҳақидаги муҳим маълумотлар билан бир қаторда "Ал-Амсол минал китоб вас-сунна" асарининг дунё қўлёзма фондларида сақланаётган нусхалари, уларнинг хусусиятлари, фарқлари ва илмий тавсифи ҳам алоҳида ўрин олган.

Бу эса нашрни нафақат таржима, балки илмий манбашунослик нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга фундаментал тадқиқотга айлантирмоқда.

Ёш авлодни тарбиялашда муҳим

Марказ катта илмий ходими Абдушукуржон Мурадовнинг таъкидлашича, асарнинг энг муҳим хусусияти унинг маънавий-тарбиявий аҳамиятидадир.

«Мазкур асарнинг асосий қиммати шундаки, унда Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда келган ибратли мисоллар, ҳаёт ҳақиқатларини англатувчи ҳикматли сўзлар, уламоларнинг панд-насиҳатлари ҳамда инсон маънавий камолотига хизмат қилувчи таълимотлар жамланган. Китоб инсонни эзгуликка чорлаш, яхши ва ёмонни фарқлаш, адолат, ҳалоллик, сабр, шукр ва инсонпарварлик каби фазилатларни мустаҳкамлашга хизмат қилади», — дейди у.

Мутахассислар фикрича, мазкур асарни фақат диний-маърифий манба сифатида эмас, балки инсон тарбияси, ахлоқий камолот ва маънавий баркамолликка бағишланган қўлланма сифатида ҳам баҳолаш мумкин.

Унда келтирилган ҳикматлар, ҳаётий мисоллар ва панд-насиҳатлар бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини сақлаб қолган бўлиб, айниқса ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Илк бор тўлиқ ўзбек тилида

Нашрнинг энг муҳим жиҳати шундаки, "Ал-Амсол минал китоб вас-сунна" асари мамлакатимизда биринчи марта тўлиқ ҳажмда ўзбек тилига таржима қилинди. Шу билан бирга, айрим мураккаб изоҳлари қўшимча илмий шарҳлар ва тушунтиришлар билан бойитилди.

Бу эса асардан нафақат олимлар ва тадқиқотчилар, балки кенг китобхонлар оммаси ҳам самарали фойдаланиши учун қулай имконият яратади.

Ҳаким Термизийнинг мазкур асарини нашр этиш Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг миллий илмий меросни ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш борасидаги изчил сиёсати амалий натижалар бераётганининг яна бир ёрқин намунасидир.

Шубҳасиз, ушбу китобнинг чоп этилиши Ҳаким Термизий меросини янада чуқур ўрганиш, аждодларимиз қолдирган бебаҳо илмий-маънавий бойликларни халқимизга қайтариш ва уларни келажак авлодларга етказиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида тарихдан муносиб ўрин эгаллайди.

Эслатиб ўтамиз: жорий йилнинг 7-11 июл кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида I Халқаро Ислом цивилизацияси форуми бўлиб ўтади. Унда 40 дан ортиқ давлатдан 300 нафарга яқин хорижий меҳмонлар, олимлар, уламолар ва халқаро ташкилотлар вакиллари — бир майдонда жамланади. Форумнинг бош мақсади — исломнинг тинчлик, бағрикенглик, илм-фан, маърифат ва инсонпарварликка асосланган асл моҳиятини халқаро ҳамжамиятга етказиш бўлиб, унинг доирасида илмий мулоқотлар, халқаро кўргазмалар, ноёб қўлёзмалар тақдимоти ва маданий-маърифий тадбирлар орқали ислом цивилизациясининг бой мероси намоён этилади.

Дурдона Расулова

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1374526.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1116029.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
896627.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.