Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Peterburg News: "Ўзбекистонда илк бор ўтказиладиган «Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва маърифат йўли» халқаро форуми"

Россиянинг Peterburg News нашри Ўзбекистонда илк бор ўтказиладиган «Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва маърифат йўли» I Халқаро ислом форумини глобал илмий ва маънавий мулоқот учун муҳим майдон сифатида баҳолади. Нашрда таъкидланишича, Самарқанд ва Тошкентда ўтадиган анжуман ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим ва маданият тараққиётига қўшган ҳиссасини кенг муҳокама қилиш, шунингдек, тинчлик, бағрикенглик ва халқлар ўртасидаги ҳамкорлик ғояларини илгари суришга хизмат қилади.

Дунёда шундай муқаддас масканлар борки, уларнинг ҳар бир қарич ери асрлар давомидаги тарих нафасини ўзида сақлаб келади. Самарқанд ва Тошкент ана шундай шаҳарлар сирасига киради. Улар оддий шаҳарлар эмас. Улар инсоният тараққиётида илм-маърифат ҳал қилувчи аҳамият касб этган даврларнинг тирик гувоҳларидир.

2026 йилнинг 7–11 июль кунлари айнан шу икки шаҳар яна бир бор бутун дунё нигоҳини ўзига қаратади. Улар турли мамлакатлардан келган олимлар, мутафаккирлар ва дин арбобларини бирлаштирувчи нуфузли халқаро мулоқот майдонига айланади.

Араб тилида «ижтиҳод» деган тушунча бор. У ҳақиқатни мустақил мушоҳада қилиш, чуқур англаш ва тайёр қарашларни шунчаки такрорламасдан, изланиш орқали хулоса чиқаришни англатади. «Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва маърифат йўли» мавзусидаги Биринчи халқаро ислом форуми ҳам айнан шу ғоя ва руҳ асосида ташкил этилмоқда.

Бу шунчаки илмий анжуман ёки расмий конференция эмас. Бу турли мамлакат вакилларининг бир-бирини англаш, ўзаро фикр алмашиш ва умумий қадриятлар ҳақида очиқ мулоқот қилишга қаратилган муҳим майдондир.

Форумда нуфузли ислом уламолари, диний арбоблар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, олий таълим муассасалари, музейлар, кутубхоналар ҳамда дунёнинг етакчи гуманитар марказлари вакиллари иштирок этади. Улар учун «ҳикмат» — шунчаки тушунча эмас, балки ҳаёт ва фаолиятнинг муҳим мезонидир.

Муҳокамалар марказида ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фани, фалсафаси, таълим тизими, маданияти ва санъати ривожига қўшган улкан ҳиссаси туради. Зеро, бу мероссиз бугунги замонавий цивилизацияни тасаввур қилиш қийин.

Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ҳам асрлар давомида ўзаро ҳурмат ва ҳамкорлик асосида шаклланиб келган.

Бу алоқаларнинг тарихи совет давридан ҳам анча олдин бошланган. Савдо карвонлари, тасаввуф мактаблари ва саёҳатчи уламолар Волга бўйидан Амударё соҳилларигача бўлган кенг ҳудудни ягона маънавий ва маданий маконга айлантирган. Ислом анъанасида бу «уммат» — миллат ва чегаралардан устун турувчи маънавий ҳамжамият сифатида эътироф этилади.

Бугун Россияда миллионлаб мусулмонлар истиқомат қилади. Форобий, Ибн Сино, Беруний каби буюк алломаларнинг илмий мероси Москвадан Владивостоккача бўлган таълим муассасаларида ўрганилади. Марказий Осиёда яратилган бой маънавий ва илмий мерос бугун нафақат минтақа, балки бутун инсониятнинг умумий бойлиги ҳисобланади.

Бу форум ҳақида сўз юритар эканмиз, унинг амалга ошишида муҳим ўрин тутган инсонни тилга олмаслик мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат ташқи сиёсатида очиқлик, мулоқот ва ўзаро ишонч тамойилларини устувор йўналишга айлантирди. Унинг раҳбарлигида Ўзбекистон маънавий ва дипломатик жиҳатдан янги тараққиёт босқичига қадам қўйди.

Мамлакат халқаро ҳамкорлик учун янада очилди. Россия ва Ўзбекистон ўртасида таълим, маданият, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда ўнлаб қўшма лойиҳалар амалга оширилди, муҳим келишувлар имзоланди. Давлат раҳбарларининг мунтазам учрашувлари амалий натижаларга хизмат қилиб келмоқда.

Айнан шу очиқ ва конструктив сиёсат туфайли Ўзбекистон бугун шундай нуфузли халқаро анжуманларга мезбонлик қилиш имкониятига эга мамлакатга айланди. Шу боис, Биринчи халқаро ислом форумининг айнан Ўзбекистонда ўтказилаётгани табиий ва тарихий аҳамиятга эга воқеликдир.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1380526.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1121729.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
901927.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.