Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

МАЪРИФАТГА ТАЯНГАН ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИ

Ўзбекистонда 7-11 июль кунлари I Халқаро ислом цивилизацияси форуми бўлиб ўтади

Бугун Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим устунларидан бири сифатида миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, халқимизнинг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва уни жаҳон ҳамжамиятига кенг тарғиб этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар иқтисодий ва ижтимоий соҳалар билан бир қаторда маънавий-маърифий ҳаётни ҳам мутлақо янги босқичга олиб чиқди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда буюк алломаларимиз ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш, тарихий обидаларни қайта тиклаш, ноёб қўлёзмаларни сақлаш ва рақамлаштириш, уларни халқаро илмий муомалага киритиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бу жараёнлар нафақат миллий ўзликни англаш ва уни мустаҳкамлаш, балки Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини халқаро майдонда янада кенг намоён этишга хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби, Бурҳониддин Марғиноний илмий-маърифий ва зиёрат-туризм мажмуаси каби муассасалар ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодасига айланди. Бугун мазкур муассасаларда нафақат мамлакатимиз, балки дунёнинг турли давлатларидан келган олимлар иштирокида фундаментал тадқиқотлар амалга оширилмоқда, қўлёзмалар илмий жиҳатдан ўрганилмоқда, янги академик нашрлар тайёрланмоқда. 

Бу борадаги саъй-ҳаракатлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юксак баҳоланмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган "Маърифат ва диний бағрикенглик" резолюцияси мамлакатимизнинг тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғояларини халқаро миқёсда илгари суришдаги фаол ўрнини яна бир бор тасдиқлади.

Айни шу эзгу ғояларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йилнинг 7–11 июль кунлариТошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида "Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли" мавзусида I Халқаро ислом цивилизацияси форуми бўлиб ўтади. Мамлакатимиз тарихида илк бор ташкил этилаётган мазкур нуфузли анжуман нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами илмий-маърифий ҳаётида муҳим воқеа бўлиши кутилмоқда.

Хайрли ташаббусларнинг мантиқий давоми

Форумнинг энг муҳим жиҳатларидан бири унинг айнан Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бошланишидир. Бу тасодифий танлов эмас. Зеро, қисқа вақт ичида мазкур марказ нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақадаги энг йирик илмий-маърифий платформалардан бирига айланиб улгурди.

Марказ бугун аждодларимиз қолдирган бебаҳо илмий меросни ўрганиш, сақлаш ва тарғиб қилиш билан бирга, халқаро академик ҳамкорликни ривожлантириш, илмий муассасалар ўртасида мулоқотни кучайтириш ҳамда янги тадқиқотлар учун мустаҳкам замин яратаётган замонавий илмий маскандир.

Форумнинг асосий тадбирлари ҳам айнан шу ерда бошланади. Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг форум иштирокчиларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилади. Шунингдек, ICESCO Бош директори Салим ал-Малик, IRCICA Бош директори Маҳмуд Эрол Қилич, ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев, Халқаро Туркий академия Президенти Шаҳин Мустафоев сингари йирик халқаро ташқилотлар раҳбарлари, мамлакатимиз вахорижнинг нуфузли давлат ва жамоат арбоблари, олимлари ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарларииштирок этишини кутилмоқда. 

Дунё олимларини бирлаштирадиган йирик майдон

I Халқаро ислом цивилизацияси форуми ўз кўлами жиҳатидан ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Форум доирасида 4 та халқаро конференция, 10 та ялпи мажлис, 15 та пленар йиғилиш ҳамда 6 та соҳавий шўъба ташкил этилади. Уларда ислом цивилизацияси тарихи, ҳадис илми, калом, қўлёзмашунослик, музейшунослик, археология, маданий меросни муҳофаза қилиш, рақамлаштириш, маданий дипломатия ҳамда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар муҳокама қилинади.

Форумда 50 дан ортиқ мамлакатдан 300 га яқин хорижий меҳмон иштирок этиши кутилмоқда. Улар орасида давлат ва жамоат арбоблари, вазирлар, муфтийлар, академиклар, машҳур исломшунос олимлар, қўлёзмашунослар, музей ва кутубхоналар раҳбарлари, нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари бор. Бу эса анжуманнинг ҳақиқий халқаро мулоқот ва академик ҳамкорлик майдонига айланишидан далолат беради.

“Ўзбекистон ИРСИКА билан ҳамкорлик қилаётган 57 та мамлакат орасида ислом маданияти ва меросини асраб-авайлаш борасида етакчиликни қўлдан бермай келмоқда, дейди IRCICA Бош директори, профессор Маҳмуд Эрол Қилич. 

-   Ҳамкорликдаги  тадбирларда ҳам Янги Ўзбекистонда сўнгги йилларда маданий-маърифий соҳаларда қўлга киритилаётган ютуқлар яққол аксини топаётир. Яқинда Амир Темур ва темурийлар цивилизациясига бағишланган халқаро конференцияда иштирок этиш учун Тошкентга келгандим. Айни пайтда Ислом цивилизацияси 1 Халқрао форуминининг юқори савияда ўтиши учун барча шароитлар яратилганига гувоҳ бўлдик.

Форум доирасида китоблар ва илмий нашрлар тақдимотига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. ICESCO билан ҳамкорликда тайёрланган "Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ" — "Уммат китоби"мавзусидаги халқаро конференция ҳамда тезислар тўплами, IRCICA билан ҳамкорликда нашр этилаётган "Шавкат Мирзиёев — маърифатпарвар йўлбошчи" китоб-альбоми, Россия мусулмонлари диний идораси билан ҳамкорликда чоп этилган Имом Термизийнинг "Шамоили Муҳаммадия" асарининг рус тилидаги академик нашри ва бошқа фундаментал лойиҳалар форумнинг энг муҳим воқеаларидан бири бўлади.

Форумда йирик халқаро ташкилотлар, нуфузли музей ва кутубхоналар раҳбарлари иштирок этади. Бу эса Ўзбекистоннинг халқаро илмий ва маданий ҳамкорлик соҳасидаги обрў-эътибори тобора юксалиб бораётганининг яна бир амалий тасдиғидир.

Буюк мерос атрофидаги илмий мулоқот

Форум дастурига назар ташланса, унинг асосий эътибори буюк аждодларимиз қолдирган илмий-маънавий меросни замонавий илмий ёндашувлар асосида тадқиқ этиш ва уни халқаро академик ҳамжамиятга кенг танитишга қаратилганини кўриш мумкин. Шу маънода анжуман нафақат илмий муҳокамалар майдони, балки турли давлатлар ва илмий мактабларни ягона мақсад — маърифат ва илм-фан йўлида бирлаштирадиган нуфузли платформадир.

Форумнинг биринчи кунги ялпи мажлисларида ислом цивилизациясининг маънавий мероси, Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро илмий-маърифий платформа сифатидаги ўрни, шунингдек, қўлёзмаларни асраш, музейлар ва кутубхоналар ҳамкорлигини ривожлантириш каби долзарб мавзулар муҳокама қилинади. Айниқса, мазкур ялпи мажлисларда турли мамлакатлар вазирлари, муфтийлари, академиялар президентлари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этиши форумнинг нуфузини янада оширади. 

Форум давомида Ўзбекистондаги илмий-маърифий марказлар ва хорижнинг етакчи илмий муассасалари ўртасида қўшма лойиҳалар, янги илмий нашрлар, археологик кашфиётлар, ноёб қўлёзмалар ва рақамли лойиҳалар тақдимотиўтказилади. Шунингдек, ҳамкорликка оид "йўл хариталари" муҳокама қилиниб, меморандум ва битимлар имзоланиши режалаштирилган. Бу эса форумнинг фақат илмий муҳокама билан чекланмасдан, аниқ амалий натижаларга хизмат қилишини кўрсатади. 

Буюк мерос — жаҳон олимлари нигоҳида 

Форумнинг муҳим қисмини Самарқанд ва Термиз шаҳарларида бўлиб ўтадиган халқаро конференциялар ташкил этади. Улар буюк алломаларимиз — Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизийнинг бой илмий меросини ҳар томонлама ўрганишга бағишлангани билан аҳамиятлидир.

Жумладан, Самарқандда бўлиб ўтадиган "Имом ал-Бухорийнинг "Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ" асари — Уммат китоби" мавзусидаги халқаро конференцияда буюк муҳаддиснинг ҳаёти, унинг илмий камолоти, "Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ" асарининг яратилиш тарихи, қўлёзмалари, ҳадисларни саралаш услублари ҳамда мазкур асарнинг ислом цивилизацияси тараққиётидаги ўрни атрофлича муҳокама қилинади.

Бу конференция доирасида бешта пленар йиғилиш ташкил қилиниши режалаштирилган бўлиб, унда Саудия Арабистони, Миср, Марокаш, Туркия, Ҳиндистон, Бангладеш, Буюк Британия, Тунис ва бошқа мамлакатлардан келган етакчи ҳадисшунос олимлар маърузалар қилади.

Имом Мотуридий меросига бағишланган конференцияда эса мўътадиллик, диний бағрикенглик, ақл ва нақл уйғунлиги каби масалалар замонавий нуқтаи назардан таҳлил қилинади. Термиз шаҳрида ўтказиладиган анжуман эса Термиз ҳадис мактаби ва Имом Термизийнинг жаҳон ҳадисшунослигига қўшган беқиёс ҳиссасини ўрганишга бағишланади. Бу конференциялар орқали Ўзбекистон нафақат буюк алломалар юрти, балки улар меросини тизимли ўрганиш ва халқаро миқёсда тарғиб этишнинг замонавий маркази сифатида ҳам намоён бўлади.

Маърифатпарварлик сиёсатининг ёрқин намунаси

I Халқаро ислом цивилизацияси форумининг аҳамиятини фақат унинг илмий дастури билан баҳолаб бўлмайди. Бу анжуман, энг аввало, Янги Ўзбекистоннинг инсонпарварлик, маърифат ва бағрикенглик тамойилларига асосланган ташқи сиёсатининг амалий ифодасидир.

Бугун дунёда халқларни бирлаштирувчи энг кучли омиллардан бири илм-фан, маданият ва маънавий мерос ҳисобланади. Шу маънода форум турли давлатлар, цивилизациялар ва илмий мактаблар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, гуманитар мулоқотни ривожлантириш ва янги қўшма илмий ташаббусларни илгари суриш учун муҳим майдон вазифасини бажаради.

Шубҳасиз, I Халқаро ислом цивилизацияси форуми нафақат Ўзбекистоннинг илмий-маърифий ҳаётида, балки халқаро гуманитар ҳамкорлик тарихида ҳам муҳим воқеалардан бири сифатида ўрин эгаллайди, - дейди Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов.

- Бу анжуман муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган маърифатпарвар давлат сиёсати, аждодлар меросини асраб-авайлаш ва уни бутун инсоният манфаати йўлида тарғиб этишга қаратилган эзгу ташаббусларнинг яна бир ёрқин намунаси бўлиб қолади.

Таъкидлаш жоизки, ушбу форум орқали Ўзбекистон буюк аждодларимиз меросини фақат тарихий ёдгорлик сифатида эмас, балки инсониятнинг бугунги ва эртанги тараққиётига хизмат қиладиган ҳаётий илмий-маънавий бойлик сифатида намоён этмоқда. Бу эса мамлакатимизнинг халқаро нуфузи тобора юксалиб, Марказий Осиёнинг маърифат ва цивилизация маркази сифатидаги тарихий мақоми янги мазмун билан бойиб бораётганини англатади.

Рустам Жабборов,
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1383526.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1124929.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
904327.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.