Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

“I ХАЛҚАРО ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ ФОРУМИ: ТИНЧЛИК, БАҒРИКЕНГЛИК ВА ИЛМ-МАЪРИФАТ ЙЎЛИ” ХАЛҚАРО ФОРУМИ

ПРЕСС-РЕЛИЗ

Жорий йилнинг 7–11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида "Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли" мавзусида I Халқаро ислом цивилизацияси форуми бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгани сурган ташаббуслари ислом цивилизациясининг бой илмий-маънавий меросини ўргани ва кенг тарғиб этиш борасида янги босқични бошлаб берди. Жумладан, Марказий Осиё уйғониш даври алломаларининг жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини намоён этиш, Имом Бухорий каби буюк муҳаддислар илмий меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, шунингдек, маърифат ва диний бағрекенглик тамойилларини халқаро миқёсда илгари суришга қаратилган мазкур ташаббуслар бугун изчил амалга оширилмоқда. Ана шу эзгу мақсадларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йилнинг 7–11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида "Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли" мавзусида I Халқаро ислом цивилизацияси форуми ташкил этилмоқда.

Форум Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Имом Мотурудий, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳамда Ислом олами таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ICESCO ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Форумда 50 дан ортиқ мамлакатдан 300 га яқин хорижий меҳмон иштирок этиши кутилмоқда. Улар орасида давлат ва жамоат арбоблари, вазирлар, муфтийлар, академиклар, машҳур исломшунос олимлар, қўлёзмашунослар, музей ва кутубхоналар раҳбарлари, нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари бор. Бу эса анжуманнинг ҳақиқий халқаро мулоқот ва академик ҳамкорлик майдонига айланишидан далолат беради.

Давлатимиз раҳбари ғояси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби, Бурҳониддин Марғиноний илмий-маърифий ва зиёрат-туризм мажмуаси каби муассасалар халқимизнинг ғурур-ифтихорига айланди.

Бугун мазкур муассасаларда нафақат мамлакатимиз, балки дунёнинг турли давлатларидан келган олимлар иштирокида фундаментал тадқиқотлар амалга оширилмоқда, қўлёзмалар илмий жиҳатдан ўрганилмоқда, янги академик нашрлар тайёрланмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан қабул қилинган "Маърифат ва диний бағрикенглик" резолюцияси мамлакатимизнинг тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғояларини халқаро миқёсда илгари суришдаги фаол ўрнини яна бир бор тасдиқлади.

Ҳурматли Президентимизнинг ушбу эзгу ғояларнинг мантиқий давоми сифатида ўтказилиши режалаштирилаётган "Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли" мавзусида I Халқаро ислом цивилизацияси форуми мамлакатимиз тарихида илк бор ташкил этилаётгани билан аҳамиятлидир. Мазкур нуфузли анжуман нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами илмий-маърифий ҳаётида муҳим воқеа бўлиши кутилмоқда.

Форумнинг энг муҳим жиҳатларидан бири унинг айнан Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғояси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бошланишидир. Бу тасодифий танлов эмас. Зеро, қисқа вақт ичида мазкур марказ нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақадаги энг йирик ва нуфузли илмий-маърифий платформалардан бирига айланиб улгурди.

Форум доирасида бир қанча йирик тадбирлар, оламшумул кашфиётлар ва илмий-оммабоп лойиҳаларнинг тақдимотларига гувоҳ бўлишингиз мумкин.

Форумнинг асосий воқеаси сифатида тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг форум иштирокчиларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилиши кутилмоқда.

Шунингдек, АЙСЕСКО Бош директори Салим ал-Малик, ИРСИКА Бош директори Маҳмуд Эрол Қилич, ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев, Халқаро Туркий академия Президенти Шаҳин Мустафоев сингари йирик халқаро ташкилотлар раҳбарлари, мамлакатимиз ва хорижнинг нуфузли давлат ва жамоат арбоблари, олимлари ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этишини режалаштирилган.

I Халқаро ислом цивилизацияси форуми ўз кўлами жиҳатидан ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Форум доирасида 4 та халқаро конференция, 10 та ялпи мажлис, 15 та пленар йиғилиш ҳамда 6 та соҳавий шўъба ташкил этилади.

Уларда ислом цивилизацияси тарихи, ҳадис илми, калом, қўлёзмашунослик, музейшунослик, археология, маданий меросни муҳофаза қилиш, рақамлаштириш, маданий дипломатия ҳамда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар муҳокама қилинади.

Форум доирасида китоблар ва илмий нашрлар тақдимотига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. ICESCO билан ҳамкорликда тайёрланган "Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ" — "Уммат китоби" мавзусидаги халқаро конференция ҳамда тезислар тўплами, IRCICA билан ҳамкорликда нашр этилаётган "Шавкат Мирзиёев — маърифатпарвар йўлбошчи" китоб-альбоми, Россия мусулмонлари диний идораси билан ҳамкорликда чоп этилган Имом Термизийнинг "Шамоили Муҳаммадия" асарининг рус тилидаги академик нашри ва бошқа фундаментал лойиҳалар форумнинг энг муҳим қисмларидан бири бўлади.

Форумда йирик халқаро ташкилотлар, нуфузли музей ва кутубхоналар раҳбарлари иштирок этади. Бу эса Ўзбекистоннинг халқаро илмий ва маданий ҳамкорлик соҳасидаги обрў-эътибори  тобора юксалиб бораётганининг яна бир амалий тасдиғидир.

Форумнинг биринчи кунги ялпи мажлисларида ислом цивилизациясининг маънавий мероси, Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро илмий-маърифий платформа сифатидаги ўрни, шунингдек, қўлёзмаларни асраш, музейлар ва кутубхоналар ҳамкорлигини ривожлантириш каби долзарб мавзулар муҳокама қилинади. Айниқса, мазкур ялпи мажлисларда турли мамлакатлар вазирлари, муфтийлари, академиялар президентлари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этиши форумнинг нуфузини янада оширади.

Форум давомида Ўзбекистондаги илмий-маърифий марказлар ва хорижнинг етакчи илмий муассасалари ўртасида қўшма лойиҳалар, янги илмий нашрлар, археологик кашфиётлар, ноёб қўлёзмалар ва рақамли лойиҳалар тақдимоти ўтказилади. Шунингдек, ҳамкорликка оид "йўл хариталари" муҳокама қилиниб, меморандум ва битимлар имзоланиши режалаштирилган. Бу эса форумнинг фақат илмий муҳокама билан чекланмасдан, аниқ амалий натижаларга хизмат қилишини кўрсатади.

Форумнинг муҳим қисмини Самарқанд ва Термиз шаҳарларида бўлиб ўтадиган халқаро конференциялар ташкил этади. Улар буюк алломаларимиз — Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизийнинг бой илмий меросини ҳар томонлама ўрганишга бағишлангани билан аҳамиятлидир.

Жумладан, Самарқандда бўлиб ўтадиган "Имом ал-Бухорийнинг "Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ" асари — Уммат китоби" мавзусидаги халқаро конференцияда буюк муҳаддиснинг ҳаёти, унинг илмий камолоти, "Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ" асарининг яратилиш тарихи, қўлёзмалари, ҳадисларни саралаш услублари ҳамда мазкур асарнинг ислом цивилизацияси тараққиётидаги ўрни атрофлича муҳокама қилинади. Бу конференция доирасида бешта пленар йиғилиш ташкил қилиниши режалаштирилган бўлиб, унда Саудия Арабистони, Миср, Марокаш, Туркия, Ҳиндистон, Бангладеш, Буюк Британия, Тунис ва бошқа мамлакатлардан келган етакчи ҳадисшунос олимлар маърузалар қилади.

Имом Мотуридийнинг бебаҳо меросига бағишланган конференцияда эса мўътадиллик, диний бағрикенглик, ақл ва нақл уйғунлиги каби масалалар замонавий нуқтаи назардан таҳлил қилинади. Термиз шаҳрида ўтказиладиган анжуман эса Термиз ҳадис мактаби ва Имом Термизийнинг жаҳон ҳадисшунослигига қўшган беқиёс ҳиссасини ўрганишга бағишланади. Бу конференциялар орқали Ўзбекистон нафақат буюк алломалар юрти, балки улар меросини тизимли ўрганиш ва халқаро миқёсда тарғиб этишнинг замонавий маркази сифатида ҳам намоён бўлади.

Шубҳасиз, I Халқаро ислом цивилизацияси форуми нафақат Ўзбекистоннинг илмий-маърифий ҳаётида, балки халқаро гуманитар ҳамкорлик тарихида ҳам муҳим воқеалардан бири сифатида ўрин эгаллайди. Бу анжуман Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган маърифатпарвар давлат сиёсати, аждодлар меросини асраб-авайлаш ва уни бутун инсоният манфаати йўлида тарғиб этишга қаратилган эзгу ташаббусларнинг яна бир ёрқин намунаси бўлиб қолади.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1382726.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1124029.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
903727.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.