Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Ўзбекистон ислом цивилизацияси бўйича дунё тарихида янги саҳифа очмоқда

Жорий йилнинг 7–11 июль кунлари мамлакатимизда ўтказиладиган “Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” мавзусидаги I Халқаро ислом цивилизацияси форумига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Форум 50 дан ортиқ мамлакатдан қарийб 300 нафар олим, давлат арбоби, вазир, муфтий, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, музей ва кутубхоналар мутахассисларини бир майдонга жамлаб, ислом цивилизациясининг илмий мероси, қўлёзмалар, маданий дипломатия, рақамлаштириш ва академик ҳамкорлик каби масалалар бўйича энг йирик халқаро платформалардан бирига айланиши кутилмоқда. Яъни беш кун ичида Самарқанд, Тошкент ва Термиз —дунё илм марказига айланади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилган брифингда форумнинг мақсад ва вазифалари, халқаро аҳамияти, иштирокчилари ҳамда дастури ҳақида батафсил маълумот берилди. Тадбирда маҳаллий ва хорижий олимлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳамда давлат идоралари вакиллари иштирок этиб, мазкур форум нафақат мамлакатимиз, балки бутун мусулмон олами ва халқаро илмий ҳамжамият ҳаётида муҳим воқеа бўлишини таъкидладилар.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ислом цивилизациясининг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш, уни асраб-авайлаш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган ташаббуслари ушбу жараёнга мутлақо янги мазмун бағишлади. Давлатимиз раҳбари ўша нуфузли минбардан туриб ислом динининг асл моҳияти тинчлик, бағрикенглик, илм-фан ва инсонпарварликдан иборат эканини таъкидлаб, жаҳон ҳамжамиятини маърифат орқали экстремизм ва жаҳолатга қарши курашишга чақирган эди.

Бугун ана шу ташаббуслар амалий натижа бермоқда. Президент ғояси асосида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби, Бурҳониддин Марғиноний илмий-маърифий мажмуаси каби муассасалар ташкил этилди. Мазкур муассасалар нафақат мамлакатимиз, балки халқаро илмий жамоатчилик томонидан ҳам Марказий Осиёдаги йирик маърифат масканлари сифатида эътироф этилмоқда.

Эндиликда ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида мамлакатимиз тарихида илк бор Халқаро ислом цивилизацияси форуми ташкил этилмоқда. Беш кун давом этадиган мазкур нуфузли анжуман Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларини қамраб олади ҳамда ислом цивилизацияси тарихи, қўлёзмалар, музейшунослик, маданий мерос, ҳадис илми, ақида, калом, археология ва маданий дипломатия каби долзарб мавзулар муҳокама қилинадиган энг йирик халқаро майдонлардан бирига айланиши кутилмоқда.

Брифингда қайд этилганидек, форумда дунёнинг 50 дан ортиқ давлатидан қарийб 300 нафар меҳмон иштирок этади. Улар орасида давлат ва жамоат арбоблари, вазирлар, муфтийлар, академиклар, машҳур исломшунос олимлар, қўлёзмашунослар, музей ва кутубхоналар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари бор. Бу эса форумнинг ҳақиқий халқаро мулоқот ва академик ҳамкорлик майдонига айланишидан далолат беради.

Матбуот анжуманида сўзга чиққан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдулхолиқов форумнинг мамлакатимиз ва бутун мусулмон олами учун аҳамияти ҳақида атрофлича тўхталди.

- 2017 йилда муҳтарам Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси минбаридан туриб ислом маърифати ғоясини илгари сурдилар. Ушбу ташаббус орқали муқаддас динимизнинг асл моҳияти — тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат эканини бутун дунёга етказдилар. Кейинчалик БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси мамлакатимиз олиб бораётган сиёсатга халқаро ҳамжамият томонидан берилган юксак баҳо бўлди. Бугун ташкил этилаётган Биринчи халқаро ислом цивилизацияси форуми ана шу эзгу ташаббусларнинг мантиқий ва амалий давомидир. Биз бугун шунчаки яна бир халқаро конференция ташкил этаётганимиз йўқ. Мамлакатимиз тарихида биринчи марта ислом цивилизациясини ҳар томонлама ўрганишга бағишланган, турли давлатлар олимлари, вазирлари, муфтийлари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этадиган улкан форумга мезбонлик қиляпмиз. Бу форум нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом оламининг илмий-маърифий ҳаётида муҳим воқеага айланади. Биз бу ерда фақат маърузаларни эшитиш учун эмас, балки келгусида амалга ошириладиган қўшма тадқиқотлар, илмий лойиҳалар ва маданий ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратамиз, — деди Фирдавс Абдулхолиқов.

Марказ директори форумнинг тантанали очилиш маросимида Президентнинг иштирокчиларга йўллаган табриги ўқиб эшиттирилиши, шунингдек, ICESCO, IRCICA, TURKSOY, Халқаро Туркий академия каби нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этиши кутилётганини ҳам маълум қилди.

Брифингда сўзга чиққан ICESCO Бош директори Солим ал-Молик Ўзбекистонда ташкил этилаётган форумга юксак баҳо бериб, унинг мазмун-моҳияти фақат илмий анжуман билан чекланмаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, мазкур форум ислом цивилизациясининг ҳақиқий қиёфасини намоён этадиган, илм-фан, маданият ва инсоний қадриятларни бирлаштирадиган нуфузли халқаро майдонга айланади.

– Аввало, барчангизни самимий муборакбод этаман. Бугунги анжуман Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Бурҳониддин Марғиноний каби буюк алломалар меросига бағишланган халқаро конференциялар муносабати билан ўтказилаётгани алоҳида аҳамиятга эга. Бу тадбирга айнан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мезбонлик қилаётгани бежиз эмас. Чунки бу марказ бугун ислом цивилизациясининг инсоният тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини дунёга танитаётган, буюк алломалар меросини халқаро миқёсда тарғиб қилаётган энг муҳим маърифат масканларидан бирига айланган. Бу уч буюк алломанинг танлангани тасодиф эмас. Улар ислом цивилизациясининг уч устуни — ҳадис илми, ақида ва фиқҳ илмларини ифода этади. Ўзбекистон Республикаси раҳбариятига, ҳукуматига ва бутун халқига чуқур миннатдорлик билдираман. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган ушбу муҳташам марказ бугун нафақат буюк ўтмишнинг ёрқин тимсоли, балки келажакни қуришга хизмат қиладиган, цивилизациялар ва маданиятлар ўртасида мулоқотни мустаҳкамлайдиган халқаро майдонга айланди, — деди ICESCO раҳбари.

Тадбирда иштирок этган Ал-Фурқон Ислом мероси жамғармаси раиси Сали Шаҳсувари ҳам Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрнига юқори баҳо берди.

Унинг таъкидлашича, Лондонда фаолият юритаётган жамғарма кўп йиллардан бери ислом ёзма меросини тадқиқ этиш билан шуғулланади ва Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар халқаро миқёсда катта қизиқиш уйғотмоқда.

- Мен учун яна бир бор Ўзбекистонга келиш катта бахт. Айниқса, илм-маърифат машъали бўлган Ислом цивилизацияси марказида туриш мен учун алоҳида ифтихордир. Инсоният меросининг турли қирраларини, хусусан, ислом мероси ва ўзбек халқи цивилизациясининг бой тарихини ёритишга қаратилган бундай ташаббусларнинг бир қисми бўлиш мен учун ҳамиша шараф. Ўзбекистон қадимдан маданият ва цивилизация бешиги бўлиб келган. Бу заминда туғилган ғоялар бир халқ ёки бир ҳудуд доирасида қолиб кетмаган. Улар бутун инсоният тараққиётига хизмат қилган. Илм-фан, методология, турли фан соҳалари ва таълим анъаналари айнан шу ердан дунёга тарқалган. Бу юрт инсониятга шунчалик катта ҳисса қўшганки, бунга тенг келадиган мисолни топиш жуда қийин. Тинчлик, бағрикенглик ва маърифат йўли” мавзуси бугунги дунё учун ниҳоятда долзарб. Инсоният ҳозир айнан шу қадриятларга муҳтож. Ҳамкорлик қилиш, бир-биримизни тушуниш ва Ер сайёрасини барча учун яхшироқ маконга айлантиришдан бошқа йўл йўқ. Менимча, айнан Ўзбекистон ва Ислом цивилизацияси марказидан кўра бу ғояларни бутун дунёга етказиш учун муносиброқ жойни топиш қийин, — деди Сали Шаҳсувари.

Матбуот анжуманида сўзга чиққан ҳар бир хорижлик меҳмон Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган маърифий ислоҳотларни юқори баҳолаб, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази халқаро илмий ҳамкорлик учун ноёб платформага айланаётганини таъкидлади.

Матбуот анжуманида иштирок этган Миср Араб Республикаси “Салам” маркази директори Муҳаммад Ҳассан ислом цивилизацияси тарихи ҳақида сўз юритар экан, мусулмон дунёси бугун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ўзаро ҳамкорлик ва илм-фан атрофида бирлашиши зарурлигини таъкидлади.

-Биз бугун жуда муҳим воқеа арафасида турибмиз. Ўзбекистонда ташкил этилаётган мазкур форум фақат бир давлат ёки бир минтақанинг тадбири эмас. Бу – бутун мусулмон уммати учун катта аҳамиятга эга бўлган халқаро анжуман. Чунки бу ерда ислом цивилизациясига оид масалалар сиёсий нуқтаи назардан эмас, балки илм-фан, тадқиқот ва ҳақиқат нуқтаи назаридан муҳокама қилинади. Бугун ана шундай ёндашувга эҳтиёж жуда катта. Бугунги кунда ахборот оқими жуда тез. Афсуски, баъзан ислом ҳақида нотўғри тасаввурлар ҳам тарқалмоқда. Биз ана шундай шароитда аждодларимиз қолдирган ҳақиқий илмий меросга таянишимиз лозим. Имом Бухорий, Имом Мотуридий ёки Имом Термизий асарларини ўқиган инсон ислом динининг асосида бағрикенглик, адолат, ҳикмат ва инсонпарварлик ётганини англайди. Шу боис бу форумнинг аҳамияти жуда катта, — деди Ҳассан Муҳаммад.

Унинг фикрича, Ўзбекистон тарихан ислом илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган юрт бўлиб, бугун ҳам ушбу анъаналар муносиб давом эттирилмоқда. Нутқи якунида у форум ташкилотчиларига миннатдорлик билдириб, келгусида Ўзбекистон ва Миср олимлари ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланишига умид билдирди.

- Биз ушбу форумни фақат маърузалар ўқиладиган тадбир сифатида эмас, балки келгуси йилларда амалга ошириладиган фундаментал илмий тадқиқотларга замин яратадиган платформа сифатида кўряпмиз. Бугун турли давлатлардан келаётган олимлар қўлёзмашунослик, манбашунослик, археология, тарих ва исломшунослик соҳаларида катта тажрибага эга. Ана шу салоҳиятни бирлаштириш орқали янги қўшма илмий лойиҳалар амалга оширилади. Ислом цивилизациясини фақат ўтмиш сифатида ўрганиш тўғри эмас. Бу цивилизация ҳозирги кунда ҳам илм-фан, таълим, маънавият ва жамият тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун конференцияларда аждодлар меросини замонавий илм билан уйғунлаштириш, рақамлаштириш ва ёш авлодга етказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади, — деди Дин ишлари бўйича қўмита раиси биринчи ўринбосари Давронбек Мақсудов.

Матбуот анжуманида сўзга чиққан Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермуҳамедов форумнинг амалий аҳамияти ҳақида тўхталиб, мазкур анжуман натижалари келгуси йилларда халқаро ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб беришини таъкидлади.

-Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда маданий меросни асраш ва ўрганиш соҳасида мутлақо янги тизим шаклланди. Илгари асосан мавжуд қўлёзмаларни сақлаш ҳақида кўпроқ гапирилар эди. Бугун эса уларни илмий тадқиқ қилиш, рақамлаштириш, хорижда сақланаётган нусхаларни юртимизга қайтариш, академик нашрларини тайёрлаш ва бутун жаҳон олимлари учун очиқ илмий манбага айлантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Биринчи Халқаро ислом цивилизацияси форуми ана шу ишларга янги суръат бағишлайди. Бугун биз дунёнинг энг нуфузли кутубхоналари, музейлари, архивлари ва тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Форум кунларида бир қатор меморандумлар, қўшма тадқиқотлар бўйича келишувлар ва “йўл хариталари” имзоланиши режалаштирилган. Бу эса Ўзбекистоннинг халқаро илмий майдондаги ўрнини янада мустаҳкамлайди, — деди Комилжон Шермуҳаммедов.

Биринчи Халқаро ислом цивилизацияси форуми Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган маърифат, диний бағрикенглик ва маданиятлараро мулоқот ғояларининг халқаро миқёсдаги амалий ифодаси сифатида тарихга кирмоқда. Форум орқали Ўзбекистон ўзини нафақат буюк аждодлар юрти, балки улар қолдирган бебаҳо меросни илмий асосда ўрганиш, асраб-авайлаш ва бутун инсоният манфаати йўлида тарғиб қилишга қодир давлат сифатида яна бир бор намоён этмоқда.

Энг муҳими, мазкур анжуман ўтмишга назар ташлаш билан чекланмайди. У келажакка хизмат қилади. Чунки бу ерда муҳокама қилинадиган ғоялар, қабул қилинадиган қарорлар, имзоланадиган келишувлар ва бошланадиган қўшма илмий тадқиқотлар ислом цивилизациясининг бой маънавий меросини янги авлодларга етказиш, халқлар ва цивилизациялар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шу маънода, Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида бўлиб ўтадиган Биринчи Халқаро ислом цивилизацияси форуми нафақат Ўзбекистоннинг илмий-маърифий ҳаётида, балки бутун мусулмон олами ва халқаро академик ҳамжамият тарихида янги саҳифа очадиган муҳим воқеалардан бири сифатида эътироф этилиши шубҳасиз.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1388826.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1129829.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
909027.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.