Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

“I ХАЛҚАРО ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ ФОРУМИ: ТИНЧЛИК ВА БАҒРИКЕНГЛИК ВА ИЛМ-МАЪРИФАТ ЙЎЛИ” НОМЛИ ХАЛҚАРО ФОРУМ ДОИРАСИДА “ИСЛОМ НУРИ ДУРДОНАЛАРИ” КЎРГАЗМАСИ ЎТКАЗИЛДИ

6 июль куни “I халқаро ислом цивилизацияси форуми: тинчлик ва бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” номли халқаро форум доирасида “Ислом нури дурдоналари” кўргазмаси ўтказилди. 

Янги Ўзбекистонда кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда буюк мутафаккир аждодларимиз қолдирган бой илмий-маънавий меросни чуқур ўрганиш, унинг глобал аҳамиятини очиб бериш, ислом цивилизациясининг ҳақиқий инсонпарварлик моҳиятини жаҳон ҳамжамиятига етказиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Ислом динининг тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат ғояларини жаҳон ҳамжамиятига етказиш нафақат муайян бир давлатнинг, балки бутун мусулмон оламининг умумий вазифасига айланмоқда. Ўзбекистон эса ана шу халқаро ҳамкорликнинг ташаббускори сифатида майдонга чиқмоқда. Зотан, Ўзбекистон Республикаси Президенти таъкидлаганидек, буюк аждодларимиз қолдирган илмий-маънавий меросни чуқур ўрганиш, уни ёшлар тарбияси ва жамият тараққиётига хизмат қилдириш Янги Ўзбекистоннинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси юраги бўлмиш Қуръон залида очилган “Ислом нури дурдоналари” кўргазмасининг асосий мақсади ҳам ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фани, маданияти ва маънавияти тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссасини намоён этишдан иборат.

Кўргазма орқали Ўзбекистон ҳудудида шаклланган бой исломий мерос, буюк алломаларнинг илмий ва маънавий мероси, ноёб қўлёзмалар, Қуръон нусхалари, хаттотлик, миниатюра санъати, амалий безак санъати ҳамда маданий бойликлар замонавий музей технологиялари асосида тақдим этилди.

“Ислом – илм, маърифат ва тинчлик дини” ғояси асос қилиб олинган кўргазма экспозиция меҳмонларни ислом цивилизациясининг шаклланиши, унинг жаҳон цивилизациясига таъсири ҳамда Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистоннинг ушбу жараёндаги ўрни билан таништиради.

Кўргазмадан Каъбанинг эшик қисми кисваси ва унинг атрофида XIX – XX асрларга тегишла бўлган,  “Аллоҳ”  ва “Муҳаммад” ёзувли панно, Каъба кисвасидан олинган каллиграфик панел-“Ҳизам” ва  Каъбапўш (Кисва)  лар жой олган. Бу ўз навбатида Қуръон зали аҳамияти ва улуғворлигини янада оширишга хизмат қилади. 

Кўргазмада шунингдек, 1900-йилда тайёрланган, пайғамбар алайҳиссалом қабрларидан олинган яшил ипакдан тайёрланган катта мақбара ёпқичи, “Мақоми Иброҳим”, XIX асрга оид “Маҳмил” намойиш этилди.

Қуръони карим залининг Қўқон порталидан кириш қисмида эса “Усмон мусҳафи”ни Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, хусусан “Қуръони карим зали”га етиб келиш тарихига оид фотосуратлар кўргазмаси ҳам намойиш этилди.

Тадбир давомида Президент администрацияси Диний-маърифий масалалар бўйича департаментининг бошлиғи Музаффар Камилов сўзга чиқди.

- Янги Ўзбекистонда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев жаноби олийларининг шахсан ташаббуслари ва раҳбарликларида бунёд этилган ушбу муаззам – бизнинг қадриятимиз, минг йиллик илм-фан, тараққиёт, исломий маданият ва тафаккур тараққиёти ва ривожини ўзида мужассам этган Ислом цивилизацияси марказининг қалби бўлган – Қуръони карим залида сиз азизларни кўриб турганимиздан бағоят мамнунмиз.

Ҳақиқатдан ҳам бугун дунёнинг энг йирик ва олий минбарларидан туриб ҳам Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва шу каби буюк алломаларимизнинг исмлари ва илмий меросини дунёга тақдим этаётган Ўзбекистон Президенти бугун исломнинг ренессанс, тамаддун, уйғониш даврларини ўз ичига олган ушбу муҳташам мегалойиҳанинг асосчисидир. Тақдимотда гувоҳи бўлганимиз ва бу ерда жам бўлган ушбу сермазмун, жуда катта бир кўргазманинг ҳам мазмун-моҳияти ислом тинчлик, маърифат дини ва бу бугун инсоният учун жуда муҳим эканлигини, албатта, шу орқали ёш авлодни тарбиялашда ислом маърифати энг тўғри йўл эканлигини кўрсатиб беришдир, – деди Музаффар Камилов.

Шундан сўнг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон-Саудия дўстлик жамияти раиси Фирдавс Абдухолиқов ҳам юртимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган диний-маърифий ислоҳотларга алоҳида тўхталди:

 - Янги Ўзбекистонда ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатда буюк мутафаккир аждодларимиз қолдирган бой илмий-маънавий меросни чуқур ўрганиш, унинг глобал аҳамиятини очиб бериш, ислом цивилизациясининг ҳақиқий инсонпарварлик моҳиятини жаҳон ҳамжамиятига етказиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.

Мамлакатимизнинг узоқ илмий-тарихий даврида халқимизнинг интеллектуал салоҳияти туфайли яратилган нодир маданий мерос намуналари турли сабаблар билан юртимиздан олиб чиқиб кетилган. Фақат янги Ўзбекистон даврида, ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари ва доимий эътиборлари билан миллий ғуруримиз тимсоли бўлган буюк меросимиз намуналари ватанимизга қайта бошлади. Бугун кўргазмага қўйилган зарҳал симли ислом санъати экспонатлари айнан ҳурматли Президентимизнинг тарихий меросни қайтариш бўйича олиб бораётган сиёсатлари маҳсулидир.

  Саудия Арабистони подшоҳлигининг Жидда шаҳрида жойлашган Ислом санъати музейи ушбу кўргазма учун ислом тарихидан олинган ноёб қўлёзмалар, илмий ва маънавий мерос намунаси бўлган китоблар, хаттотлик санъати, маданий мерос ашёларини Марказимизга тақдим этди. Фурсатдан фойдаланиб, Жидда шаҳрида жойлашган Ислом санъати музейи раҳбарияти ва барча илмий-ижодий ходимларга Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази номидан чуқур миннатдорчилик билдирамиз, – деди Марказ директори.

Бундан ташқари, Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Жидда шаҳрида жойлашган, “Ислом санъати” музейидан ушбу кўргазма учун махсус келтирилган,  ислом тарихи билан боғлиқ ноёб қўлёзмалар, илмий ва маънавий мерос намуналари бўлган китоблар, экспонатлар, маданий мерос ашёлари, хусусан:  “Муҳаммад (с.а.в) намозлари зикрига” бағишланган ҳамда Қуръондан бир неча суралар келтирилган асар, муаллифи Имомзода ал Ҳаж Муҳаммад “Далоил ал хайрот” ва “Ал ҳизб ал Аъзам” асарларидан иборат дуо китоби,  Салжуқийлар даври (XII аср)га оид Қуръон қўлёзмасидан варақ, “Тавба” сурасининг 70–71-оятлари ёзилган Қуръон парчаси, Сулс хатида кўчирилган Қуръон парчаси (“Аҳзоб сураси” 41-43 оятлари), Куфий хат турида кўчирилган Қуръон парчаси, VII асрга мансуб “Катта Лангар Қуръони”нинг факсимил нашри, “Бақара” сурасининг 255-оятлари ёзилган Қуръон парчаси, “Иброҳим” сураси 40-оят ёзилган  Қуръон парчаси,  Ғубор хатида ёзилган каллиграфик лавҳа,  1670 йил Муҳаммад Тақий ибн Муҳаммад Али Давлатободий томонидан имзоланган Қуръон, XVII асрга тегишли Қуръон, булардан ташқари мўғуллар даврига оид Қулф ва калит, Макка шаҳридаги Масжидул Ҳаромнинг панжара қисмида ишлатилган мис парчаси каби ислом санъатига тегишли бўлган меъморчилик, амалий санъат, хаттотлик, миниатюра, кулолчилик, заргарлик, намуналари каби артефактлар намойиш этилгани меҳмонларда катта таассурот уйғотди.

Бир сўз билан айтганда, “Ислом нури дурдоналари” кўргазмаси Ислом цивилизациясининг бой илмий ва маданий меросини замонавий музей экспозицияси орқали намоён этувчи нуфузли халқаро маданий лойиҳа бўлиб, форумнинг “Тинчлик ва бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” мавзусини мазмунан бойитади.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1383826.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1125229.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
904627.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.