

Янгиликлар
“I ХАЛҚАРО ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ ФОРУМИ: ТИНЧЛИК, БАҒРИКЕНГЛИК ВА ИЛМ-МАЪРИФАТ ЙЎЛИ”
ПРЕСС-РЕЛИЗ
Бугун Янги Ўзбекистонда буюк аждодларимиз илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, ислом цивилизациясининг инсонпарварлик, тинчликпарварлик ва маърифатпарварлик ғояларини халқаро майдонда кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган ташаббуслари ислом цивилизациясининг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасида янги босқични бошлаб берди.
Жумладан, Марказий Осиё Уйғониш даври алломаларининг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини намоён этиш, Имом Бухорий каби буюк муҳаддислар илмий меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, шунингдек, “Маърифат ва диний бағрикенглик” тамойилларини халқаро миқёсда илгари суришга қаратилган мазкур ташаббуслар бугун изчил амалга оширилмоқда.
Ислом динининг тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат ғояларини жаҳон ҳамжамиятига етказиш нафақат муайян бир давлатнинг, балки бутун мусулмон оламининг умумий вазифасига айланмоқда. Ўзбекистон эса ана шу халқаро ҳамкорликнинг ташаббускори сифатида майдонга чиқмоқда. Зотан, Ўзбекистон Республикаси Президенти таъкидлаганидек, буюк аждодларимиз қолдирган илмий-маънавий меросни чуқур ўрганиш, уни ёшлар тарбияси ва жамият тараққиётига хизмат қилдириш Янги Ўзбекистоннинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда ислом цивилизациясининг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва уни жаҳон ҳамжамиятига кенг танитиш мақсадида мамлакатимизда Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси каби йирик маърифий ва илмий-маънавий масканлар барпо этилди. Бугунги кунда мазкур мажмуалар нафақат миллий маънавий ҳаётимизнинг муҳим марказлари, балки халқаро илмий ҳамкорлик, тадқиқот ва маърифат алмашинуви учун муҳим платформа сифатида шаклланиб бормоқда.
Ана шу эзгу мақсадларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йилнинг 7-11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида “I Халқаро ислом цивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” халқаро форуми ташкил этилмоқда.
Мазкур нуфузли анжуман Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳамда Ислом олами таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ICESCO ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Форумда 50 дан ортиқ мамлакатдан давлат ва жамоат арбоблари, вазирлар, муфтийлар, етук уламолар, академиклар, тадқиқотчилар, музей ва кутубхона раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Умуман, тадбир доирасида 300 га яқин хорижий олимлар, сиёсат, маданият ва дин арбоблари келиши режалаштирилган.
Хусусан, тадбирда ICESCO Бош директори доктор Салим ал-Малик, Ислом олами уюшмаси Бош котиби Муҳаммад ал-Исо, Иордания шаҳзодаси Ҳасан бин Талол, Россия мусулмонлари муфтийси Равиль Гайнутдин, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев, ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев, IRSICA Бош директори Маҳмуд Эрол Қилич, Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Оллошукур Пошшозода ва бошқа кўплаб нуфузли меҳмонларнинг иштироки кўзда тутилган.
Таъкидлаш жоизки, “I Халқаро ислом цивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм–маърифат йўли”нинг асосий мақсади – ислом цивилизациясининг ҳақиқий мазмун-моҳиятини очиб бериш, унинг илм-фан, маданият ва маънавий тараққиётга қўшган улкан ҳиссасини намоён этиш, шунингдек, замонавий дунёда тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғояларини кенг тарғиб қилишдан иборат.
Форум, шунингдек, Ўзбекистоннинг бой тарихий ва илмий меросини халқаро илмий жамоатчиликка танитиш, Ислом цивилизацияси марказини глобал илмий-маърифий платформа сифатида намоён этиш ҳамда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини кенг ёритишга хизмат қилади.
Мазкур тадбир давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилда БМТнинг Нью-Йорк ва Женева шаҳарларидаги қароргоҳларида, шунингдек, ЮНЕСКОнинг Париждаги офисида ислом цивилизацияси ва аждодларимиз меросига бағишлаб ўтказилиши режалаштирилаётган махсус тақдимотлар учун муҳим тайёргарлик босқичи ҳам ҳисобланади.
Форумнинг асосий тадбирлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади. Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг форум иштирокчиларига табриги ўқиб эшиттирилади.
Анжуман доирасида 11 та ялпи мажлис ташкил этилиб, уларда:
◾️Ислом цивилизацияси марказининг халқаро илмий-маърифий платформа сифатидаги ўрни;
◾️Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар;
◾️Учинчи Ренессанс ғоялари ва унинг маънавий асослари;
◾️туркий халқларнинг ислом цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси;
◾️ҳадис, фиқҳ, калом ва илоҳиёт соҳаларидаги илмий мерос;
◾️қўлёзмаларни сақлаш, ўрганиш ва рақамлаштириш масалалари;
◾️ислом санъати ва маданий мерос тадқиқотларининг истиқболлари;
таълим ва маърифатнинг цивилизация тараққиётидаги аҳамияти каби масалалар муҳокама қилинади.
Форумнинг асосий иш кунидан бир қанча медиа воқеалар ва тақдимотлар ҳам ўрин олган. Жумладан:
◾️«Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази: мерос, илм-фан ва маърифатнинг глобал платформаси».
◾️IRCICA билан ҳамкорликда нашр этилаётган "Шавкат Мирзиёев — маърифатпарвар йўлбошчи" китоб-альбоми тақдимоти.
◾️«Қардошлик ва иттифоқчиликнинг олий нуқтаси» китоб-альбоми тақдимоти.
◾️«Саҳиҳ ал-Бухорий – “Уммат китоби”» китоб-альбоми тақдимоти.
◾️«Мангу дўстлик, илмий ҳамкорлик, маърифий келажак: ИРСИКА ва Ўзбекистон йўли» китоб-альбоми тақдимоти.
◾️«Ислом цивилизациясининг илмий атласи» янги нашри анонси.
◾️«Абу Исо ат-Термизий. Пайғамбарнинг фазилатлари» китоби тақдимоти.
◾️Катта Лангар Қуръонининг иккинчи нашри лойиҳаси анонс-тақдимоти.
◾️Россия миллий кутубхонаси тўпламидаги «Марсель коллекцияси»нинг факсимиле нашри лойиҳаси анонс-тақдимоти.
◾️«114 Қуръон», «Катта лангар Қуръони», «Ўзбекистон Қуръонлари» номли нашр лойиҳалари тақдимоти.
◾️«Аллоҳнинг 99 гўзал исми» нашри тақдимоти.
◾️«INKSIGHT AI – араб ёзувидаги қўлёзма матнларни таниш ва ўқиш учун интеллектуал модель» тақдимоти.
◾️«Тарихий шахсларнинг рақамли қиёфалари» рақамли лойиҳаси тақдимоти.
◾️«Тенг имкониятлар музейи: рақамли маконда ишора тили» инклюзив лойиҳаси тақдимоти.
◾️«Чегарасиз музей: тарихий-маданий мерос дунёсига саёҳат» виртуал лойиҳаси тақдимоти.
◾️«Ўзбекистондан дунёга 1001 ихтиро» кўчма болалар кўргазмаси янги лойиҳаси тақдимоти.
◾️Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг замонавий таҳлилий лабораторияси тақдимоти.
◾️«Мероснинг қайтиши: ЕХҲТ кўмагида маданий бойликларни репатриация қилиш дастури» тақдимоти сингари кун воқеалари бўлиши кутилмоқда.
Форумнинг якуний ялпи мажлисида ислом цивилизацияси соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган янги ташаббуслар муҳокама қилиниб, келгуси ҳамкорлик йўналишлари белгилаб берилади.
Форум доирасида буюк алломалар меросига бағишланган тўртта халқаро илмий конференция ўтказилади.
Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида “Имом ал-Бухорийнинг «Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ» асари – Уммат китоби” мавзусидаги конференция ташкил этилади. Унда Имом Бухорийнинг илмий мероси, ҳадисларни саралаш мезонлари, “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарининг жаҳон илм-фанидаги ўрни ва аҳамияти муҳокама қилинади.
“Имом Мотуридий мероси – ислом цивилизациясининг мўътадиллик ва ақл-идрок пойдевори” мавзусидаги конференцияда Имом Мотуридий таълимоти, мотуридийлик мактаби уламоларининг илмий мероси ҳамда мазкур таълимотнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида фикр алмашилади.
Термиз шаҳрида бўлиб ўтадиган “Термиз ҳадис мактаби: алломалар мероси ва замонавий тадқиқотлар” мавзусидаги конференцияда Имом Термизий ва Термиз ҳадисшунослик мактабининг илмий аҳамияти, термизлик уламолар мероси ҳамда замонавий тадқиқотлар натижалари тақдим этилади.
Форум иштирокчилари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музей экспозицияси, Имом Бухорий инновацион музейи билан танишади, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Ҳаким Термизий, Султон Саодат ва Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳларига ташриф буюради.
Тадбирлар доирасида ноёб қўлёзмалар ва тарихий артефактлар кўргазмалари, илмий тақдимотлар, маданий дастурлар ва расмий учрашувлар ўтказилади.
Форум якунида Ислом цивилизацияси меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, илмий муассасалар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, қўлёзмаларни сақлаш ва рақамлаштириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган ташаббуслар илгари сурилади.
Шунингдек, форум якунида I Халқаро ислом цивилизацияси форумининг Тошкент декларацияси қабул қилиниши, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини 2027-2030 йилларда ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»ни қабул қилиш, халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот марказлари ва маданий муассасалар ўртасида ҳамкорлик меморандумлари ҳамда келишувлар имзоланиши режалаштирилган.
Форумнинг асосий воқеаси сифатида анжуман қатнашчилари номидан Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат йўлланиши кўзда тутилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, I Халқаро ислом цивилизацияси форуми Ўзбекистоннинг бой тарихий ва илмий меросини жаҳон ҳамжамиятига янада кенг танитиш, цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда исломнинг тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифатга асосланган эзгу қадриятларини кенг тарғиб қилишга хизмат қиладиган муҳим халқаро майдонга айланади.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.