“I халқаро Ислом цивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли”
халқаро тадбирининг 2-куни учун
ПРЕСС-РЕЛИЗ
Тошкент шаҳрида “I Халқаро ислом цивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” халқаро форуми ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг I Халқаро Ислом цивилизацияси форуми иштирокчиларига йўллаган МУРОЖААТИни Президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.
Президентимиз форум иштирокчиларига йўллаган Мурожаатида қайд этилганидек: “Юртимиз тарихида амалга оширилган, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс деб ном олган буюк юксалиш даврларида эришилган ноёб илмий-маданий ютуқлар ҳозирги кунда ҳам инсониятни янги марралар сари руҳлантириб келмоқда. Бугунги кунда Янги Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорликда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлидан қатъият билан бормоқда.”
Дунёнинг қирқдан ортиқ мамлакатларидан ташриф буюрган таниқли олимлар, нуфузли халқаро ташкилотларнинг вакиллари, давлат ва жамоат арбоблари, маданият ва диний конфессиялар намояндалари иштирок этаётган ушбу анжуманнинг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилаётгани чуқур тарихий ва рамзий маънога эга. Бу йирик халқаро тадбир жаҳон ҳамжамиятининг ислом цивилизациясига, унинг бой маънавий, илмий ва маданий меросига қизиқиш ва эътибори ортиб бораётганидан далолат беради.
Эслатиб ўтамиз, “I Халқаро ислом цивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” халқаро форумининг биринчи кунида ICESCO Бош директори доктор Сoлим ал-Мoлик, Ислом олами уюшмаси Бош котиби Муҳаммад ал-Исо, Иордания шаҳзодаси Ҳасан бин Талол, Россия мусулмонлари муфтийси Равиль Гайнутдин, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев, ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев, IRSICA Бош директори Маҳмуд Эрол Қилич, Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Оллошукур Пошшозода ва бошқа кўплаб нуфузли меҳмонлар форум Ўзбекистоннинг бой тарихий ва илмий меросини халқаро илмий жамоатчиликка танитиш, Ислом цивилизацияси марказини глобал илмий-маърифий платформа сифатида намоён этиш ҳамда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини кенг тарғиб қилишга хизмат қилувчи платформага айланганини таъкидладилар.
Форумнинг иккинчи куни “I Халқаро ислом цивилизацияси форуми” ислом цивилизациясининг ҳақиқий мазмун-моҳиятини очиб бериш, унинг илм-фан, маданият ва маънавий тараққиётга қўшган улкан ҳиссасини намоён этиш, шунингдек, замонавий дунёда тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғояларини кенг тарғиб қилишдан иборатлигини намоён қилди.
Жумладан, иккинчи иш кунидан бир қанча медиа воқеалар ва тақдимотлар ҳам ўрин олди. «Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази: мерос, илм-фан ва маърифатнинг глобал платформаси» тақдимоти ўтказилди. Уни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов тақдим қилди. Тақдимотда ушбу Форум ислом дунёсининг бой илмий ва маънавий меросини ўрганиш, уни жаҳон ҳамжамиятига кенг намоён этиш ҳамда цивилизациялар ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қиладиган муҳим халқаро майдон экани таъкидланди.
Куннинг асосий воқеаларидан бири IRCICA билан ҳамкорликда нашр этилаётган "Шавкат Мирзиёев — маърифатпарвар йўлбошчи" китоб-альбоми тақдимоти ўтказилгани бўлди. Тақдимотда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг бош минбарларидан илгари сурган ташаббуслари ислом цивилизациясининг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасида янги босқични бошлаб бергани қайд этилди. Жумладан, Марказий Осиё уйғониш даври алломаларининг жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини намоён этиш, Имом Бухорий каби буюк муҳаддислар илмий меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, шунингдек, маърифат ва диний бағрекенглик тамойилларини халқаро миқёсда илгари суришга қаратилган ташаббуслар бугун изчил амалга оширилаётгани таъкидланди.
Тадбирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU )билан ҳамкорликда амалга оширилаётган бир қатор ноширлик лойиҳаларининг ҳам тақдимотлари ўтказилди.
Хусусан, «Ўзбекистонда сақланаётган нодир Қуръон қўлёзмалари», «Жаҳоннинг 114 нодир Қуръон қўлёзмаси», «Катта Лангар Қуръони: тарих ва ҳақиқат» нашрлари тақдимоти ана шу улкан илмий-маърифий жараённинг муҳим натижасидир.
Бу нашрларнинг моҳияти шундаки, улар Қуръони карим қўлёзмаларини фақат муқаддас ёдгорлик сифатида эмас, балки тарих, хаттотлик, китобат санъати, қоғозшунослик, пергаментшунослик, маданий алоқалар ва цивилизацион хотира манбаи сифатида ўрганади.
Биринчи китоб — «Ўзбекистонда сақланаётган нодир Қуръон қўлёзмалари» юртимиз фондларида сақланаётган Қуръони карим қўлёзмаларини илк бор яхлит илмий тизимда жамлашга қаратилган.
Ушбу китобда музейлар, кутубхоналар, илмий муассасалар ва диний ташкилотларда сақланаётган нусхалар ҳақида маълумотлар жамланган. Ҳар бир қўлёзманинг тарихи, китобат қилинган даври, хат услуби, қоғоз ёки пергамент хусусиятлари, безаклари, сақланиш жойи ва илмий тавсифи берилган.
Иккинчи китоб — «Жаҳоннинг 114 нодир Қуръон қўлёзмаси» эса Ўзбекистон доирасидан чиқиб, Қуръон қўлёзмалари тарихини жаҳон миқёсида кўрсатади. Ушбу нашрда дунёнинг энг машҳур музейлари, кутубхоналари ва илмий марказларида сақланаётган нодир Қуръон қўлёзмалари ҳақида маълумотлар жамланган.
Улар орасида ҳазрати Усмон мусҳафлари, Сано қўлёзмаси, Париж кодекси, Бирмингем парчалари, Тўпқопи мусҳафи, Мовий Қуръон, Ибн ал-Баввоб Қуръони, шунингдек, юртимиз тарихи билан боғлиқ Катта Лангар Қуръони каби ислом қўлёзма маданиятининг энг муҳим намуналари бор.
Учинчи китоб — «Катта Лангар Қуръони: тарих ва ҳақиқат» алоҳида аҳамиятга эга. Чунки бу нашр фақат битта қўлёзма ҳақидаги китоб эмас, балки бир нодир мусҳафнинг тақдири, унинг йўқолган ва топилган саҳифалари, илмий баҳслар, радиокарбон таҳлиллар, сақланиш манзиллари ва тарихий ҳақиқатини тиклашга қаратилган тадқиқотдир.
Ушбу китобнинг энг муҳим жиҳати шундаки, унда ҳозирча маълум бўлган барча саҳифалар илк бор бир бутун тартибда жамланган. Қайси саҳифа қаерда сақланаётгани, уларда қайси сура ва оятлар борлиги, хат услуби, материал бирлиги, матндаги тузатишлар ва сақланиш тарихи илмий асосда ёритилган.
Шунингдек, форумнинг иккинчи кунидан ўрин олган Ироқлик публицист ёзувчи Аҳмад Жасим Зубайдийнинг «Янги Ўзбекистон: тинчлик, инсонпарварлик ва бағрикенглик диёри» китоб-альбоми тақдимоти, халқаро журналист Валерий Бирюковнинг «Шавкат Мирзиёев – жаҳон миқиёсидаги давлат ва сиёсат арбоби» китоб-альбоми тақдимоти, покистонлик журналист Муҳаммад Аббос Хоннинг «Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс – тараққиёт концепти» асари тақдимоти йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
- «Қардошлик ва иттифоқчиликнинг олий нуқтаси» китоб-альбоми тақдимоти.
- «Саҳиҳ ал-Бухорий – “Уммат китоби”» китоб-альбоми тақдимоти.
- «Мангу дўстлик, илмий ҳамкорлик, маърифий келажак: ИРСИКА ва Ўзбекистон йўли» китоб-альбоми тақдимоти.
- «Ислом цивилизациясининг илмий атласи» янги нашри анонси.
- «Абу Исо ат-Термизий. Пайғамбарнинг фазилатлари» китоби тақдимоти.
- Россия миллий кутубхонаси тўпламидаги «Марсель коллекцияси»нинг факсимиле нашри лойиҳаси анонс-тақдимоти.
- «Аллоҳнинг 99 гўзал исми» нашри тақдимоти.
- «INKSIGHT AI – араб ёзувидаги қўлёзма матнларни таниш ва ўқиш учун интеллектуал модель» тақдимоти.
- «Тарихий шахсларнинг рақамли қиёфалари» рақамли лойиҳаси тақдимоти.
- «Тенг имкониятлар музейи: рақамли маконда ишора тили» инклюзив лойиҳаси тақдимоти.
- «Чегарасиз музей: тарихий-маданий мерос дунёсига саёҳат» виртуал лойиҳаси тақдимоти.
- «Ўзбекистондан дунёга 1001 ихтиро» кўчма болалар кўргазмаси янги лойиҳаси тақдимоти.
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг замонавий таҳлилий лабораторияси тақдимоти.
- «Марсель коллекцияси»нинг факсимиле нашри лойиҳаси анонс-тақдимоти.
- «Мероснинг қайтиши: ЕХҲТ кўмагида маданий бойликларни репатриация қилиш дастури» тақдимоти сингари кун воқеалари форумнинг маданий мулоқот майдони сифатидаги аҳамиятини янада оширди.
Форумнинг иккинчи кун якунида Ислом цивилизацияси меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, илмий муассасалар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, қўлёзмаларни сақлаш ва рақамлаштириш бўйича халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот марказлари ва маданий муассасалар ўртасида ҳамкорлик меморандумлари ҳамда келишувлар имзоланди.
Шунингдек, I Халқаро ислом цивилизацияси форумининг Тошкент декларацияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини 2027-2030 йилларда ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси» каби муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.
Форумнинг асосий воқеаси сифатида эса анжуман иштирокчиларининг Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаати йўлланиши бўлди.
I Халқаро ислом цивилизацияси форумининг бир гуруҳ меҳмонларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг эсдалик совғалари топширилди.
Бир сўз билан айтганда, I Халқаро ислом цивилизацияси форуми Ўзбекистоннинг бой тарихий ва илмий меросини жаҳон ҳамжамиятига янада кенг танитиш, цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда исломнинг тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифатга асосланган эзгу қадриятларини кенг тарғиб қилишга хизмат қиладиган муҳим халқаро майдонга айланмоқда.


