Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

“Масжид ал-Ҳаром” масжиди Бош имоми Шайх Солиҳ бин Абдуллоҳ бин Ҳумайд: “Ўзбекистонда ҳақиқий Уйғониш руҳи намоён бўлмоқда”

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтаётган “I Халқаро ислом цивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” халқаро форумида  Макка шаҳридаги “Масжид ал-Ҳаром” масжиди Бош имоми Шайх Солиҳ бин Абдуллоҳ бин Ҳумайд ҳам иштирок этмоқда.

Форум доирасида сўзлаган нутқида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Ислом цивилизацияси маркази ва халқаро форумини ташкил этишга қаратилган шахсий эътибори, маданий меросни асраш ва илм-маърифатни ривожлантириш йўлидаги ташаббуслари учун миннатдорлик билдираркан, “Бу ерда кўрганларим ва эшитганларим менда катта мамнуният уйғотди. Бундай улкан ишларни амалга ошираётган барча инсонларга миннатдорчилик билдираман. Ўзбекистонда кечаётган жараёнлар бугунги кунда ҳақиқий Уйғониш руҳини намоён этмоқда”, — дея таъкидлади.

Унинг қайд этишича, Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ишлар Учинчи Ренессанс ғояси атрофида шаклланаётган янги тараққиёт босқичини ифода этади.

Макка шаҳридаги “Масжид ал-Ҳаром” масжиди Бош имоми Шайх Солиҳ бин Абдуллоҳ бин Ҳумайд ислом цивилизацияси ҳақида сўз юритиш фақат қадимий бинолар, тарихий ёдгорликлар ёки қўлёзмалар ҳақида гапириш эмаслиги алоҳида қайд этди.

– Ислом цивилизацияси — бу асрлар давомида шаклланган, илмни имон билан, ҳуқуқни ахлоқ билан, эркинликни масъулият билан боғлаган ҳаёт тарзи ва маънавий тизимдир, – деди Шайх Солиҳ бин Абдуллоҳ бин Ҳумайд.

“Масжид ал-Ҳаром” масжиди Бош имомининг таъкидлашича, ислом цивилизацияси тавҳид асосига қурилган бўлиб, бу тушунча фақат ақидавий масала эмас, балки инсонни ҳар қандай зулм, қуллик ва ноҳақ устунликдан озод этувчи маънавий мезондир. У инсон қадри, барча одамларнинг яратилишда тенглиги, фазилат мезони эса фақат тақво ва солиҳ амаллар билан белгиланишини англатади.

Шунингдек, мартабали меҳмон ўз маърузасида ислом цивилизацияси Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварадан бошланганини, аммо у муайян ирқ, халқ, ранг ёки маданият устунлигига асосланмаганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, бу цивилизация араб ва ажамни, оқ ва қорани, бой ва камбағални, эркак ва аёлни ягона инсоний қадриятлар асосида бирлаштирган.

– Ушбу цивилизация байроғи остида муфассирлар, муҳаддислар, фақиҳлар, муҳандислар, фалакшунослар, тилшунослар ва тарихчилар фаолият юритган. Улар илмни ривожлантириш, ерни обод қилиш, инсон манфаатига хизмат қилиш ва жамиятда адолатни қарор топтириш йўлида меҳнат қилганлар, – дейди у.

Маърузада ислом цивилизациясининг энг муҳим хусусиятларидан бири сифатида адолат, бағрикенглик ва инсон ҳуқуқларига ҳурмат ғоялари тилга олинди. Қайд этилишича, Ислом инсонларни яхшиликка, ёмонликдан қайтишга, ўзаро меҳр-шафқат, инсоф ва адолат билан муносабатда бўлишга чақиради.

Шу билан бирга, Ислом тарихида турли дин ва маданият вакиллари ўз эътиқоди ва қадриятларини сақлаган ҳолда хавфсиз ва адолатли муҳитда яшагани таъкидланди. Бу ҳолат Ислом цивилизациясининг инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойилларига асосланганини кўрсатади.

Макка бош имоми маърузасида Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёти кечиримлилик, адолат, омонатдорлик ва раҳм-шафқатнинг энг юксак намунаси эканини эслатди. У зотнинг ёмонликка яхшилик билан жавоб бергани, узр сўраганларни кечиргани, қудратли бўла туриб афв этишни танлагани раҳмат пайғамбари эканлигидан далолатлигини келтирди.

Ислом цивилизацияси қотиб қолган тизим эмаслигини, балки шариат мақсадлари ва воқелик ўртасида мувозанат сақлаган ҳолда ривожланганини қайд этди. Қайд этишича, исломда ижтиҳод юксак мақомга эга бўлиб, у чуқур илм, воқеликни англаш, манфаат ва зарарни тўғри баҳолаш қобилиятини талаб қилади.

Бош имомнинг таъкидлашича, ислом уламолари ўзгармас ва ўзгарувчан қадриятлар ўртасида аниқ фарқ қўйганлар. Ақида, ибодат ва асосий усуллар барқарор устунлар сифатида сақланган бўлса, муомалалар, сиёсат ва ижтимоий ҳаёт масалаларида замон ва макон талабларига мос ёндашув учун кенг майдон қолдирилган.

Шунингдек, маърузада бугунги дунёда илм-фан, технология, иқтисодиёт ва ижтимоий муносабатлар тез суръатлар билан ўзгараётгани, шу сабабли мусулмон жамиятлари далилга асосланган, мўътадил ва ҳикматли ёндашувга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтож экани таъкидланди.

Қайд этилишича, ислом цивилизацияси фойдали тараққиётдан қўрқмайди ва замонавий воситаларга душманлик қилмайди. Аксинча, инсон манфаатига хизмат қиладиган илм, технология ва янгиликлар шариат мезонлари асосида қабул қилинади, жамиятга зарар етказувчи омиллар эса рад этилади.

Маърузачи бугунги авлод олдида турган асосий вазифалардан бири — ёшларни мустаҳкам эътиқодли, юксак ахлоқли, замонавий билимларни пухта эгаллаган, ўз ватанига фойда келтирадиган ва Исломнинг бағрикенглик ҳамда адолатга асосланган моҳиятини амалий ҳаёти билан намоён этадиган инсонлар қилиб тарбиялаш эканини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, жамиятларни бирлаштирадиган, парчаламайдиган, бунёдкорликка чорлайдиган, жаҳолат ўрнига илмни, умидсизлик ўрнига масъулиятни кучайтирадиган мўътадиллик бугунги даврнинг энг муҳим эҳтиёжларидан биридир.

“Цивилизация фақат сўзлар билан барпо бўлмайди. У солиҳ инсон, илмига амал қилувчи олим, адолатли раҳбар, омонатдор тадбиркор, ихлосли муаллим ва ҳалол меҳнат билан юксалади”, — дея таъкидлади Макка бош имоми ўз маърузасида.

Макка бош имоми маърузаси якунида мусулмон умматига илм, адолат, эҳсон, бирлик ва фаровонлик, шунингдек, Ўзбекистон халқига хайр-барака, мамлакатда амалга оширилаётган эзгу ишларга эса муваффақият тилади.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1403626.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1146129.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
923627.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.