Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

I Халқаро ислом цивилизацияси форуми «Тинчлик, бағрикенглик ва маърифат йўли»

ДЕКЛАРАЦИЯ

Биз, 2026 йил 7–8 июль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми иштирокчилари, 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессияси минбаридан илгари сурилган, ислом цивилизациясининг инсонпарварлик меросини тиклаш, илмий ўрганиш ва кенг тарғиб қилишга қаратилган тарихий ташаббус учун чуқур миннатдорлик билдирамиз. Мазкур ташаббуснинг амалий ифодаси сифатида Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилиши ва I Халқаро ислом цивилизацияси форумининг ўтказилиши ислом цивилизацияси меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш соҳасида халқаро ҳамкорликнинг янги босқичига асос солди.

◾️Тинчлик, бағрикенглик, маърифат, маданиятлараро ва динлараро мулоқот тамойилларига таянган ҳолда;

◾️ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фани, таълим, санъат, меъморчилик ҳамда ахлоқий-маънавий тафаккур ривожига қўшган улкан ҳиссасини таъкидлаб;

◾️жаҳолат, экстремизм, ксенофобия, исломофобия ва ислом мероси ҳақидаги бузиб кўрсатилган тасаввурларга қарши курашиш зарурлигини эътироф этиб;

◾️диний ва маданий меросни илмий асосда ўрганиш халқаро ишончни мустаҳкамлаш ҳамда барқарор тараққиётни таъминлашда тобора муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлаб;

Ўзбекистон ва бутун тарихий Мовароуннаҳрнинг ислом ҳамда жаҳон цивилизациясининг шаклланиши ва тараққиётидаги тарихий ўрнини эътироф этган ҳолда, мазкур Декларацияни қабул қиламиз.

Халқаро ислом цивилизацияси форумининг глобал ташаббуслари

Ислом цивилизацияси меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш соҳасида янги халқаро ҳамкорлик архитектурасини шакллантириш мақсадида I Халқаро ислом цивилизацияси форуми иштирокчилари қуйидаги глобал ташаббусларни илгари суради:

1. Жаҳон Ислом цивилизацияси альянси.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази негизида халқаро ташкилотлар, илмий ва таълим муассасалари, фанлар академиялари, музейлар, кутубхоналар, архивлар, ислом қўлёзмалари марказлари, тадқиқот институтлари ҳамда бошқа ихтисослашган ташкилотларни бирлаштирувчи Жаҳон Ислом цивилизацияси альянсини ташкил этиш.

Альянснинг асосий мақсади узоқ муддатли халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма илмий, таълимий, маданий, музей ва рақамли лойиҳаларни амалга ошириш, билим ва илғор тажриба алмашинувини рағбатлантириш, шунингдек, ислом цивилизациясининг жаҳон маданий ва интеллектуал меросининг ажралмас қисми сифатидаги бунёдкорлик салоҳиятини асраш, илмий ўрганиш, оммалаштириш ва кенг намоён этишга қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштиришдан иборат.

2. Ислом цивилизацияси меросининг Жаҳон рақамли реестри.

Қўлёзмалар, архив материаллари, музей коллекциялари, меъморий ёдгорликлар, номоддий маданий мерос объектлари ва илмий тадқиқотлар натижаларини бирлаштирувчи ягона халқаро рақамли платформани ишлаб чиқиш.

3. «Ислом цивилизациясибутун инсоният бойлиги» халқаро дастури.

Ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фани, маданияти ва маърифати ривожига қўшган ҳиссасини кенг тарғиб қилишга қаратилган халқаро кўргазмалар, таълим лойиҳалари, илмий конференциялар, нашриёт ташаббуслари ва маданий тадбирларни қамраб олган кенг кўламли дастурни амалга оширишга кўмаклашиш.

4. Халқаро Ислом цивилизацияси мукофоти.

Ислом цивилизацияси меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш, илм-фан, таълим, маданиятлараро мулоқот ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга қўшилган улкан ҳиссани муносиб тақдирлаш мақсадида халқаро мукофот таъсис этиш.

5. Ислом цивилизациясини тадқиқ этиш халқаро жамғармаси.

Фундаментал илмий тадқиқотларни, тарихий ёдгорликларни реставрация қилишни, ёш олимларни тайёрлашни, нашриёт лойиҳаларини амалга оширишни ҳамда халқаро академик ҳамкорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун халқаро жамғарма ташкил этиш.

6. Ислом цивилизациясининг глобал рақамли кутубхонаси.

Қўлёзмалар, илмий асарлар, архив ҳужжатлари, музей коллекциялари, таълим ресурслари ва рақамли экспозицияларни бирлаштирувчи кўп тилли электрон кутубхонани яратиш.

7. Ислом цивилизациясининг халқаро энциклопедияси.

Ислом цивилизацияси тарихи, буюк олимлар, илмий мактаблар, маданий ёдгорликлар ҳамда ислом оламининг энг муҳим ютуқларига бағишланган фундаментал кўп жилдли илмий энциклопедияни тайёрлаш.

8. Ислом цивилизацияси меросининг ҳолати бўйича ҳар йилги халқаро маъруза.

Мерос объектларининг ҳолати, илмий тадқиқотлар натижалари, замонавий таҳдидлар ва халқаро ҳамкорлик истиқболларига бағишланган ҳар йилги таҳлилий маърузани тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш.

9. Ислом цивилизацияси бўйича халқаро ёшлар форуми.

Ёш олимлар, тадқиқотчилар, талабалар ва маданий мерос соҳаси мутахассислари учун ислом цивилизациясини ўрганувчи янги авлод тадқиқотчиларини шакллантириш мақсадида доимий фаолият юритувчи мулоқот майдонини ташкил этиш.

10. Ислом маданияти, санъати ва цивилизацияси музейларининг халқаро иттифоқи.

Турли мамлакатларнинг етакчи музейлари, музей мажмуалари, галереялари ва ихтисослашган муассасаларини бирлаштирувчи Ислом маданияти, санъати ва цивилизацияси музейларининг халқаро иттифоқини ташкил этиш.

Иттифоқнинг мақсади халқаро музей ҳамкорлигини ривожлантириш, қўшма кўргазмаларни ташкил этиш, илмий тадқиқот, реставрация, таълим ва рақамли лойиҳаларни амалга ошириш, музей коллекциялари, илғор тажриба ва мутахассислар алмашинувини таъминлаш, шунингдек, ислом маданияти, санъати ва цивилизациясининг бой меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштиришдан иборат.

Халқаро ислом цивилизацияси форумида сайланган Форумнинг Халқаро кенгаши доимий фаолият юритувчи мувофиқлаштирувчи орган сифатида сақлаб қолинсин. Унга Форум иштирокчилари томонидан билдирилган барча ташаббус ва таклифларни умумлаштириш, улар асосида 2030 йилгача бўлган Қўшма ҳаракатларнинг халқаро йўл харитасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, шунингдек, уни мазкур Декларацияни амалга оширишнинг амалий механизми сифатида Форум иштирокчиларига, халқаро ташкилотларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига тақдим этиш вазифаси юклансин.

Форум иштирокчилари давлатлар, халқаро ташкилотлар, илмий муассасалар, университетлар, музейлар, кутубхоналар ва жамоат ташкилотларини тинчлик, ўзаро ҳурмат, маърифат ҳамда ислом цивилизациясининг бой меросини жаҳон маданий меросининг ажралмас қисми сифатида асраш йўлида мазкур ташаббусларни амалга ошириш учун ўз саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга чақиради.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1386426.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1127329.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
906827.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.