Euronews: “Исломни зўравонлик билан боғлаш унинг ҳақиқий моҳиятига зид”: Глобал форумда ислом мероси муҳокама қилинмоқда
Нуфузли халқаро Euronews нашрида эълон қилинган мазкур материалда Биринчи Халқаро ислом цивилизацияси форуми ислом меросини замонавий глобал тараққиёт контекстида қайта англашга қаратилган муҳим халқаро мулоқот майдони сифатида талқин этилади. Мақолада форум доирасида илм-фан, таълим, маданий алмашинув ва халқаро академик ҳамкорликни ривожлантириш орқали исломни экстремизм ва зўравонлик билан боғловчи стереотипларга илмий асосланган ёндашув билан қарши туриш масаласига алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланади. Шунингдек, 40 дан ортиқ давлат вакилларини бирлаштирган мазкур анжуманнинг ислом цивилизациясининг интеллектуал меросини асраш, рақамлаштириш ва жаҳон илмий ҳамжамияти билан ҳамкорликни кенгайтиришдаги стратегик аҳамияти академик-аналитик нуқтаи назардан ёритилади.
Ўзбекистонда ўтказилаётган биринчи Халқаро ислом цивилизацияси форуми доирасида 70 дан ортиқ халқаро лойиҳага старт берилди. Форум иштирокчилари илмий ҳамкорликни кенгайтириш, таълимни ривожлантириш ва ислом меросини асраб-авайлашни янада кучайтиришга чақирдилар.
Таълим, илмий ҳамкорлик ва маданий алмашинув биринчи Халқаро ислом цивилизацияси форумида мулоқот ва ҳамжиҳатликнинг асосий воситалари сифатида илгари сурилмоқда. Ўзбекистонда жамланган олимлар ва расмийлар ислом меросининг бугунги глобал жараёнлардаги ўрни ва аҳамиятини муҳокама қилмоқда.
Беш кун давом этадиган форум Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ўтказилмоқда. Унда дунёнинг 50 дан ортиқ давлатидан 450 нафардан зиёд олимлар, диний арбоблар, дипломатлар ва тадқиқотчилар иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази томонидан ташкил этилган мазкур тадбир ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим ва интеллектуал ҳаётга қўшган ҳиссаси, шунингдек, халқаро академик ҳамкорликнинг янги шаклларига бағишланган.
Форумнинг очилиш маросимида йўлланган мурожаатида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугунги дунё чуқур ўзгаришлар даврини бошдан кечираётганини, бу жараёнлар можаролар, ўзаро ишончсизлик, экстремизм ва исломофобия билан кечаётганини таъкидлади.
Президентнинг қайд этишича, илм-фан, таълим, маданият ва умуминсоний ахлоқий қадриятлар тинчлик, мулоқот ва барқарор тараққиётнинг энг муҳим пойдевори бўлиб қолмоқда.
Таълим — бўлиниш эмас, бирлаштириш воситаси
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, форумнинг асосий мақсадларидан бири — асрлар давомида шаклланган бой илмий мерос ва илм-фан ютуқларини намоён этиш орқали исломни зўравонлик ёки экстремизм билан боғловчи қарашларга қарши туришдир.
«Ушбу форумнинг асосий мақсади мусулмон уламоларининг жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини яна бир бор намоён этиш ҳамда ислом азалдан илм, маърифат ва инсонпарварликка даъват қилиб келганини кўрсатишдир», — деди Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов Euronews телеканалига берган интервьюсида.
«Исломни зўравонлик ёки экстремизм билан боғлаш унинг ҳақиқий моҳиятига мутлақо зиддир».
Бугунги дунёни шакллантираётган илмий мерос
Муҳокамаларда, айниқса, Марказий Осиёдан етишиб чиққан олимларнинг математика, астрономия, тиббиёт ва фалсафа соҳаларидаги жаҳон тараққиётига қўшган улкан ҳиссасига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) бош директори доктор Сoлим бин Муҳаммад Ал-Мoликнинг таъкидлашича, ушбу олимларнинг таъсири бугун ҳам давом этмоқда.
«Ал-Хоразмий асос солган тамойилларсиз сунъий интеллект мавжуд бўлолмас эди. Улуғбек ва Берунийсиз астрономия бугунги даражага етмаган бўлар эди. Биз ислом оламининг буюк олимлари билан фахрланишимиз керак».
Форум доирасида сунъий интеллект технологияларидан қўлёзмаларни сақлаш, каталоглаштириш ва тадқиқ этишда фойдаланиш имкониятлари, шунингдек, академик алмашинувлар ва халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинмоқда.
Замонавий дунёда илм-фаннинг ўрни
Лондон ва Қоҳирада фаолият юритувчи «Меросни тиклаш ва рақамли хизматлар» илмий жамғармаси Кенгаши раиси Абдул-Ати Аш-Шарқовийнинг фикрича, Ўзбекистоннинг илмий мероси мамлакат чегараларидан анча узоқларга тарқалган.
«Бу мамлакат бир пайтлар бутун дунёга буюк илм-фан, адабиёт ва ижодкорликни экспорт қилган», — деди у.
Унинг маълум қилишича, тадқиқотчилар томонидан Мовароуннаҳр олимлари яратган қарийб 100 мингта қўлёзма аниқланган бўлиб, улар ҳозирги кунда жаҳоннинг турли кутубхоналарида сақланмоқда. Шу билан бирга, янги манбалар ва қўлёзмаларни аниқлаш ишлари ҳам давом этмоқда.
Туркиянинг Адолат ва тараққиёт партияси (AK Party) раиси ўринбосари Кюршад Зорлу форумни Ўзбекистоннинг ислом ва туркий дунёдаги нуфузи тобора ортиб бораётганининг яна бир ёрқин исботи сифатида баҳолади.
«Бугун Ўзбекистон туркий ва ислом олами учун жуда муҳим муассасага мезбонлик қилмоқда. Сўнгги ўн йилда амалга оширилган ислоҳотлар айнан шу муҳим муассаса фаолияти билан янада мустаҳкамланмоқда», — деди у.
«Уч минг йилдан зиёд тарихга таянган Ўзбекистон бугун ислом цивилизациясининг муҳим марказларидан бирига айланди. Шу жиҳатдан ҳам Ўзбекистон Туркия учун алоҳида аҳамиятга эга».
Форум 10 июлга қадар давом этади. Унда университетлар, музейлар, илмий муассасалар ва халқаро ташкилотлар иштирокида 70 дан ортиқ қўшма ташаббус тақдим этилиши кутилмоқда.
Тадбир кун тартибидан Тошкент декларациясини қабул қилиш, шунингдек, илмий тадқиқотлар, қўлёзмаларни муҳофаза қилиш, таълим ва рақамли технологиялар соҳасидаги келгуси ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш ҳам ўрин олган.


