Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

“I ХАЛҚАРО ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ ФОРУМИ: ТИНЧЛИК, БАҒРИКЕНГЛИК ВА ИЛМ-МАЪРИФАТ ЙЎЛИ”

ПРЕСС-РЕЛИЗ

Самарқанд шаҳрида “I Халқаро ислом цивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” халқаро форумининг учинчи куни ўз ишини давом эттирди.

Форум Имом Бухорийнинг “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” асари – Уммат китоби” мавзусидаги халқаро конференция билан бошланди.

Дунёнинг қирқдан ортиқ мамлакатларидан ташриф буюрган таниқли олимлар, нуфузли халқаро ташкилотларнинг вакиллари, давлат ва жамоат арбоблари, маданият ва диний конфессиялар намояндалари иштирок этаётган ушбу анжуманнинг Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётгани чуқур тарихий ва рамзий маънога эга. Бу йирик халқаро тадбир жаҳон ҳамжамиятининг ислом цивилизациясига, унинг бой маънавий, илмий ва маданий меросига қизиқиш ва эътибори ортиб бораётганидан далолат беради.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ислом олами таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ICESCO ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро илмий-амалий конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилда ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бугунги кунда буюк муҳаддис илмий меросини ўрганиш, аллома асарларининг қўлёзма нусхаларини тадқиқ этишда муҳим аҳамиятга эга бўлаётгани таъкидланди. Ўтказилаётган конференция эса бу борадаги халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Анжуманда ICESCO, WOSCU, IRCICA, ТУРКСОЙ, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, “Ал-Фурқон” ислом меросини ўрганиш жамғармаси каби халқаро ташкилотлар ва илмий муассасалар вакиллари, шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Фанлар академияси, хорижий давлатларнинг диний идоралари вакиллари, етук ҳадисшунос олимлар ҳамда халқаро экспертлар иштирок этди.

Конференция иши бешта илмий шўъба асосида ташкил этилди. Уларда Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятига таъсир кўрсатган муҳит, “Саҳиҳ ал-Бухорий” асаридаги илмий мезонлар ва ҳадисларни таснифлаш усуллари, “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ”нинг жаҳон кутубхоналарида сақланаётган нодир қўлёзмалари, турли мамлакатлар олимларининг мазкур асарни ўрганиш ва тарғиб этишдаги ҳиссаси, шунингдек, асар билан боғлиқ илмий масалалар ва замонавий тадқиқот ёндашувлари муҳокама қилинди.

Конференциянинг ялпи мажлисларида Имом Бухорийнинг ислом цивилизацияси ва жаҳон тамаддуни тараққиётидаги ўрни, “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асарининг ислом уммати учун илмий-маънавий аҳамияти, ҳадисларни текшириш ва таҳлил қилиш анъаналари, ҳадис меросини замонавий тадқиқ этиш, қўлёзмаларни сақлаш ва рақамлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида амалга оширилаётган илмий лойиҳалар, жумладан, қўлёзмаларни ўрганиш ва рақамлаштириш йўналишидаги ишлар тақдим этилди. Шунингдек, замонавий ахборот технологиялари, хусусан, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда илмий меросни ўрганиш ва уни кенг аудиторияга етказиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Конференцияда иштирокчилар томонидан якуний Декларация қабул қилинди. Муҳокамалар натижаси бўйича “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асарининг турли мамлакатларда сақланаётган нодир қўлёзма нусхаларини ўзаро ҳамкорликда тадқиқ этиш, уларни илмий тавсифлаш ва факсимиле нашрларини тайёрлаш бўйича халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, жаҳон ҳадисшунослиги марказлари ўртасидаги илмий алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан муҳим таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.

Конференция иштирокчилари Самарқанд шаҳрида барпо этилган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ҳадис илми мактаби фаолияти билан танишиб, мазкур масканларнинг ислом цивилизацияси илмий меросини ўрганиш ва халқаро тадқиқотларни ривожлантиришдаги аҳамиятини юқори баҳоладилар.

Анжуман натижалари бўйича билдирилган таклиф ва ташаббуслар жаҳон ҳадисшунослиги марказлари ўртасидаги илмий алоқаларни мустаҳкамлаш, қўлёзмаларни ўрганиш ва рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, халқаро форумининг Тошкентда ўтган иккинчи кунида I Халқаро ислом цивилизацияси форумининг Тошкент декларацияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини 2027-2030 йилларда ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси» каби муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.

Форум иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат йўллади.

Биринчи Халқаро Ислом цивилизацияси форуми муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маркази Банки томонидан махсус эсдалик кумуш тангалар зарб қилинди. Бу  тангалар саноқли нусхада чиқарилган бўлиб, махсус рақамланган гувоҳнома билан бирга форум иштирокчиларига ҳадя қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг форум иштирокчиларининг бир гуруҳига махсус эсдалик совғалари топширилди. 

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1390126.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1131629.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
910427.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.