

Янгиликлар
Озарбайжон Шайхулисломи: «Ўзбекистоннинг энг буюк туҳфаси – Имом Бухорий»
Самарқанд шаҳрида ўтаётган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми доирасидаги халқаро конференцияда Оллошукур Пошозода Имом Бухорий меросини «бутун ислом цивилизациясининг умумий маънавий бойлиги» деб атаб, Ўзбекистоннинг ушбу меросни асраш ва халқаро миқёсда тарғиб қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. Унинг таъкидлашича, тарихий мерос атрофида шаклланаётган илмий ва маънавий ҳамкорлик Ўзбекистон ҳамда Озарбайжон ўртасидаги муносабатларнигина эмас, балки туркий ва мусулмон мамлакатлари ўртасидаги цивилизацион мулоқотни ҳам янги босқичга олиб чиқмоқда.
Самарқанд шаҳрида I Халқаро ислом цивилизацияси форуми доирасида ўтаётган «Имом ал-Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асари – уммат китоби» мавзусидаги халқаро конференцияда Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллошукур Пошозода Озарбайжон халқи ва Президенти Илҳом Алиевнинг самимий саломлари ва эзгу тилакларини Ўзбекистон халқи ҳамда Президент Шавкат Мирзиёевга етказди. У икки халқ ўртасидаги тарихий қардошлик ришталари маънавий-маърифий соҳадаги ҳамкорлик билан янада мустаҳкамланаётганини таъкидлади.
Кавказ мусулмонлари идораси раиси Ўзбекистонда ислом цивилизацияси меросини асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга юксак баҳо берди. Конференциянинг аҳамияти ҳақида фикр билдириб, Имом Бухорий меросининг юксаклигини эътироф этди.
– Ўзбекистоннинг дунё ҳадис илмига тақдим этган энг катта туҳфаси – Имом Бухорий ва у зотнинг бой меросидир. Бухорий мақбараси нафақат муқаддас зиёратгоҳ, балки бутун ислом цивилизациясининг бебаҳо маънавий ва маданий меросидир. Бу маскан ҳар бир ўзбек учун қанчалик азиз бўлса, бутун мусулмон олами учун ҳам шунчалик қадрлидир, — деди Шайхулислом.
Оллошукур Пошозода Ўзбекистонни ўзининг иккинчи ватани деб билишини қайд этиб, Имом Бухорий мақбарасини қайта тиклаш ишларининг илк босқичларига шахсан гувоҳ бўлганини эслади.
– Атеистик тузум даврида вайрон қилинган ушбу муқаддас қадамжонинг қайта тикланишида ёшлигимда иштирок этганман. Ўша йилларда бу масканнинг яна ўзининг муносиб улуғвор қиёфасига қайтиши учун устозларимиз билан қилган дуоларимиз бугун ижобат бўлганини кўриб, қалбим чексиз қувончга тўлмоқда, — деди у.
Шайхулислом ўз чиқишида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Имом Бухорий мажмуаси ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилганини тарихий аҳамиятга эга воқеа сифатида баҳолади.
– Самарқанднинг шуҳратини янада юксалтирган, Имом Бухорий мақбарасини унинг муқаддаслигига муносиб муҳташам мажмуага айлантирган, Ислом цивилизацияси марказини барпо этган муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев жанобларига чуқур эҳтиром ва самимий миннатдорчилигимизни билдирамиз. Бу ишлар Ўзбекистоннинг ўз тарихи, дини ва маънавий қадриятларига юксак эҳтиром билан ёндашаётганининг ёрқин намунасидир, — дея таъкидлади у.
Шунингдек, Шайхулислом Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназарнинг диний-маърифий соҳада амалга ошираётган фаолиятини ҳам алоҳида эътироф этди. Шу билан бирга Туркий давлатлар ташкилоти доирасида мусулмон диний етакчилари ўртасидаги ҳамкорлик изчил давом этаётганини маълум қилиб, жорий йил сентябрь ойида Боку шаҳрида навбатдаги учрашув ҳамда Саййид Яҳё Бокувий меросига бағишланган халқаро конференция ўтказилишини маълум қилди.
Ўз чиқишида Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий каби буюк алломалар меросини жаҳон миқёсида тарғиб қилиш йўлида Ўзбекистон амалга ошираётган саъй-ҳаракатлар халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этди:
– Ўзбекистонда амалга оширилаётган фундаментал ишлар бугун халқаро миқёсда муносиб баҳоланмоқда. Ислом мутафаккирлари мероси бутун инсониятнинг умумий бойлиги сифатида намоён бўлмоқда. Бу эзгу ишларга ҳисса қўшаётган Ислом цивилизацияси маркази, ICESCO ҳамда ушбу соҳада меҳнат қилаётган барча олимлар ва мутахассисларга самимий миннатдорчилик билдираман. Аллоҳ таоло Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларини доимо ўз паноҳида асрасин, — деди Шайхулислом Оллошукур Пошозода.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.