Russia News:"Мўътадиллик — экстремизмга қарши энг самарали жавоб. Самарқандда ўтаётган халқаро мулоқот нима учун муҳим?"
Russia News нашрининг ёзишича, Самарқандда I Халқаро ислом цивилизацияси форуми доирасида ўтказилган «Имом Мотуридий мероси: мўътадиллик, бағрикенглик ва маърифат асоси» мавзусидаги халқаро конференцияда мотуридийлик таълимоти экстремизм ва радикализмга қарши энг самарали маърифий ечимлардан бири сифатида эътироф этилди. Нашрда 100 дан ортиқ халқаро олим ва диний арбоблар иштирок этган анжуманда Имом Мотуридий меросини ўрганиш, унинг мўътадиллик ва бағрикенглик ғояларини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, ушбу илмий мероснинг замонавий жамиятдаги аҳамиятини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилингани таъкидланади.
I Халқаро ислом цивилизацияси форумининг учинчи куни Самарқанд шаҳрида «Имом Мотуридий мероси: мўътадиллик, бағрикенглик ва маърифат асоси» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Анжуманда дунёнинг турли мамлакатларидан 100 нафардан ортиқ нуфузли олимлар, муфтийлар, дин ишлари бўйича масъул раҳбарлар ҳамда экспертлар иштирок этди. Конференцияни Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермуҳамедов очиб берди. У ўз маърузасида мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, бугунги кунда мотуридийлик таълимотининг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Конференцияда Ал-Азҳар олий имомининг маслаҳатчиси Муҳаммад Абдурраҳмон ад-Дувайний, Ислом тадқиқотлари маркази директори Муртазо Бедир, Миср Бош муфтийси шайх Назир Муҳаммад Аййод, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Давронбек Маҳсудов, Малайзиянинг диний ишлар бўйича вазири Зулкифли Ҳасан ҳамда Финляндия Ислом жамияти президенти Гултен Бедреттин маъруза қилди.
Маърузачилар мотуридийлик таълимоти мўътадил исломнинг мустаҳкам интеллектуал ва илмий асоси эканини, у радикализм ва экстремистик ғояларга қарши курашишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бугунги кунда мўътадил ислом таълимотини чуқур ўрганиш, унинг бой илмий меросини тадқиқ этиш ва халқаро миқёсда тарғиб қилиш билан шуғулланаётган нуфузли илмий муассасалардан бири ҳисобланади.
Мотуридийлик Марказий Осиё, Волгабўйи ва Кавказнинг айрим ҳудудларида тарихан кенг тарқалган анъанавий ақидавий мактаб бўлиб, асрлар давомида илм-фан, давлатчилик, бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик тамойиллари билан уйғунлашган ислом маданиятининг шаклланишига муносиб ҳисса қўшган.
Конференция ўз ишини секция йиғилишлари доирасида давом эттирмоқда.


