Youm7: "Тошкентда бўлиб ўтган Ислом цивилизацияси бўйича I халқаро форум якуний декларацияси эълон қилинди"
Мисрнинг етакчи ахборот нашрларидан бири — Youm7нинг ёзишича, Тошкентда ўтказилган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми якунида қабул қилинган декларация ислом цивилизацияси меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган қатор йирик халқаро ташаббусларни илгари сурди. Нашрда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қароргоҳи бўладиган Жаҳон Ислом цивилизацияси альянсини ташкил этиш, ягона Жаҳон рақамли реестри ва рақамли кутубхонани яратиш, халқаро мукофот ва тадқиқотлар жамғармасини таъсис этиш ҳамда 2030 йилгача халқаро ҳамкорлик йўл харитасини ишлаб чиқиш форумнинг асосий натижалари сифатида эътироф этилган.
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ислом цивилизацияси бўйича I халқаро форум якунлари бўйича қабул қилинган декларацияда диний ва маданий меросни илмий асосда ўрганишнинг халқаро ишончни мустаҳкамлаш ҳамда барқарор тараққиётни қўллаб-қувватлашдаги аҳамияти тобора ортиб бораётгани таъкидланди.
Матбуот хизмати маълумотига кўра, форум иштирокчилари Ўзбекистон ва кенг маънодаги Мовароуннаҳр минтақасининг ислом ва жаҳон цивилизацияси шаклланиши ҳамда тараққиётидаги тарихий ўрнини эътироф этдилар.
Форумда Ислом цивилизацияси меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш соҳасида янги халқаро ҳамкорлик тизимини шакллантириш мақсадида Ислом цивилизацияси бўйича I халқаро форумнинг глобал ташаббуслари расман эълон қилинди.
Ушбу ташаббуслар доирасида қароргоҳи Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида жойлашадиган Ислом цивилизациясининг Жаҳон альянсини ташкил этиш назарда тутилган. Альянс халқаро ташкилотлар, академик ва илмий муассасалар, музейлар, кутубхоналар, архивлар, қўлёзмалар марказлари, илмий-тадқиқот институтлари ҳамда бошқа тегишли муассасаларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга хизмат қилади.
Шунингдек, Альянс узоқ муддатли халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма илмий, таълимий, маданий, музей ва рақамли лойиҳаларни амалга ошириш, билим ва илғор тажрибалар алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда ислом цивилизациясининг ижодий салоҳиятини инсониятнинг умумжаҳон маданий ва интеллектуал меросининг муҳим қисми сифатида асраш, ўрганиш ва тарғиб қилишни мақсад қилади.
Иштирокчилар, шунингдек, Ислом цивилизацияси меросининг Жаҳон рақамли реестри ташаббусини ҳам маъқулладилар. Ушбу лойиҳа қўлёзмалар, архив материаллари, музей коллекциялари, меъморий ёдгорликлар, номоддий маданий мерос ҳамда илмий тадқиқотлар натижаларини бирлаштирувчи ягона халқаро рақамли платформани яратишни назарда тутади.
Форум қатнашчилари тўртинчи ташаббус сифатида «Ислом цивилизацияси — бутун инсоният мероси» халқаро дастурини ҳам тасдиқладилар. Унинг мақсади халқаро кўргазмалар, таълим лойиҳалари, илмий конференциялар, нашрлар ва маданий тадбирлар орқали ислом цивилизациясининг илм-фан, маданият ва таълим соҳаларига қўшган ҳиссасини кенг намоён этишдан иборат.
Тошкент декларациясида, шунингдек, ислом цивилизацияси меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш, илм-фан, таълим, маданиятлараро мулоқот ва инсоний ҳамкорлик соҳасидаги алоҳида хизматларни эътироф этиш мақсадида Ислом цивилизацияси халқаро мукофоти таъсис этилиши ҳам эълон қилинди.
Бундан ташқари, иштирокчилар фундаментал илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, тарихий ёдгорликларни реставрация қилиш, ёш тадқиқотчиларни тайёрлаш, нашриёт фаолиятини ривожлантириш ва халқаро академик ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Ислом цивилизацияси бўйича Халқаро тадқиқотлар жамғармасини ташкил этишни маъқулладилар.
Шунингдек, қўлёзмалар, илмий асарлар, архив ҳужжатлари, музей фондлари, таълим ресурслари ва рақамли кўргазмаларни қамраб олувчи кўп тилли Ислом цивилизациясининг Жаҳон рақамли кутубхонасини яратиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Форум иштирокчилари яна кўп жилдли Ислом цивилизацияси халқаро энциклопедиясини тайёрлаш ташаббусини қўллаб-қувватладилар. Энциклопедия ислом цивилизацияси тарихи, буюк алломалар, илмий мактаблар, маданий ёдгорликлар ва ислом оламининг муҳим ютуқларига бағишланади. Шу билан бирга, Ислом цивилизацияси меросининг ҳолати бўйича ҳар йилги халқаро ҳисоботни тайёрлаш ҳам режалаштирилган.
Мазкур таҳлилий ҳисобот мерос объектларининг ҳолати, илмий тадқиқотлар натижалари, мавжуд муаммолар ҳамда халқаро ҳамкорлик истиқболларини баҳолашга қаратилган.
Форум иштирокчилари, шунингдек, ислом цивилизацияси соҳасидаги ёш олимлар, талабалар ва мутахассислар учун доимий майдон вазифасини бажарадиган Ислом цивилизацияси бўйича Халқаро ёшлар форумини ташкил этишга келишиб олдилар.
Шунингдек, турли мамлакатлардаги етакчи музейлар, музей мажмуалари, кўргазма муассасалари ва ихтисослашган ташкилотларни бирлаштирадиган Ислом маданияти, санъати ва цивилизацияси музейларининг Халқаро иттифоқини ташкил этиш ҳам маъқулланди. Иттифоқ музейлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма кўргазмалар ташкил қилиш, илмий тадқиқотлар ўтказиш, реставрация, таълим ва рақамлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш, музей экспонатлари, илғор тажрибалар ва мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда ислом маданияти, санъати ва цивилизациясининг бой меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилади.
Тошкент декларациясида форумнинг биринчи сессиясида Ислом цивилизацияси халқаро форумининг Халқаро кенгашини сайлаш ва уни доимий мувофиқлаштирувчи орган сифатида фаолият юритиши маъқуллангани маълум қилинди. Кенгашга форум иштирокчилари томонидан илгари сурилган барча ташаббус ва таклифларни умумлаштириш, улар асосида 2030 йилгача бўлган халқаро ҳамкорликнинг йўл харитасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, шунингдек, ушбу йўл харитасини форум иштирокчилари, халқаро ташкилотлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига мазкур декларацияни амалга оширишнинг амалий механизми сифатида тақдим этиш вазифаси юклатилди.


