Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ БЎЙИЧА БИРИНЧИ ХАЛҚАРО ФОРУМ ЎЗ ИШИНИ ЯКУНЛАДИ: ФОРУМ ИШТИРОКЧИЛАРИ ПРЕЗИДЕНТГА МУРОЖААТ ЙЎЛЛАДИ

Тошкентда Ислом цивилизацияси бўйича Биринчи халқаро форумнинг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Бир неча кун давомида Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ўтказилган нуфузли анжуман якунлари сарҳисоб қилиниб, форум иштирокчиларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаати ўқиб эшиттирилди. Унда ислом цивилизациясининг бой илмий-маънавий меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди.

Якунловчи ялпи йиғилишни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов очиб берди.

У форум иштирокчиларига мурожаат қилиб, мазкур халқаро анжуман қисқа вақт ичида ислом цивилизацияси тарихи, илмий мероси ва замонавий тараққиётига бағишланган энг йирик мулоқот майдонларидан бирига айланганини таъкидлади.

— Форумимиз ўз ишини муваффақиятли якунлаб бормоқда. Аввало, ушбу нуфузли анжумандаги фаол иштирокингиз, юксак илмий салоҳиятингиз, сермазмун маърузаларингиз ва амалий таклифларингиз учун барчангизга самимий миннатдорлик билдираман, — деди Фирдавс Абдухолиқов.

Қайд этилганидек, форумда дунёнинг 46 мамлакатидан ташриф буюрган 500 нафардан ортиқ олимлар, тадқиқотчилар, давлат ва жамоат арбоблари, халқаро ташкилотлар ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари иштирок этди.

Форум дастури доирасида Тошкент шаҳрида 14 та ялпи йиғилиш ва 6 та шўъба йиғилиши ўтказилди. Самарқанд шаҳрида учта халқаро илмий конференция ҳамда 11 та ялпи йиғилиш ташкил этилди. Термиз шаҳрида эса бир халқаро конференция ва икки шўъба йиғилиши бўлиб ўтди. Учала шаҳарда ташкил этилган илмий анжуманларда жами 129 та маъруза тингланди.

Шунингдек, форум доирасида Ислом цивилизациясига бағишланган қатор илмий ва нашриёт лойиҳалари тақдим этилди. Форум декларацияси қабул қилиниб, 2027–2031 йилларга мўлжалланган халқаро ҳамкорлик йўл харитаси тасдиқланди. Бешта китоб тақдимоти ўтказилди, олтита англашув меморандуми ва ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Фирдавс Абдухолиқов ўз нутқида форум нафақат ислом цивилизациясининг бой илмий ва маданий меросини ўрганишга бағишланган нуфузли мулоқот майдони бўлганини, балки Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ҳамда илмий-маданий ислоҳотларни халқаро жамоатчиликка кенг намоён этганини таъкидлади.

Шу билан бирга, форумни юқори савияда ташкил этишда ҳамкорлик қилган ICESCO, IRCICA, ЮНЕСКО, Ал-Фурқон жамғармаси, ИКОМ, Халқаро Туркий академия, Жаҳон мусулмонлар лигаси ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар ва илмий муассасаларга миннатдорлик билдирилди.

Шундан сўнг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов форум иштирокчиларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига йўлланган мурожаатини ўқиб эшиттирди.

Мурожаатда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва бевосита қўллаб-қувватлови билан ташкил этилган Биринчи халқаро Ислом цивилизацияси форуми нафақат нуфузли илмий анжуман, балки инсониятнинг умумий маънавий ва интеллектуал меросини асрашга қаратилган глобал ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берган тарихий воқеа сифатида баҳоланди.

Ҳужжатда форумнинг Тошкент, Самарқанд ва Термиз каби буюк цивилизация марказларида ўтказилгани чуқур рамзий аҳамиятга эга экани қайд этилиб, айнан шу заминда жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган алломалар етишиб чиққанлиги алоҳида таъкидланди.

Форум иштирокчилари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш ташаббусини сўнгги ўн йилликдаги энг муҳим халқаро гуманитар ташаббуслардан бири сифатида эътироф этдилар. Улар мазкур марказ келгусида жаҳоннинг етакчи олимлари, университетлари, музейлари, архивлари ва илмий муассасаларини бирлаштирувчи йирик халқаро илмий-маърифий платформага айланишига ишонч билдирдилар.

Мурожаатда, шунингдек, Ўзбекистонда тарихий меросни асраш, фундаментал илм-фанни ривожлантириш ва цивилизациялар мулоқотини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар юксак баҳоланди. Хусусан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Халқаро ислом академияси фаолияти ушбу сиёсатнинг ёрқин намунаси сифатида қайд этилди.

Форум иштирокчилари қабул қилинган Декларация ва Ислом цивилизациясини асраш, ўрганиш ва ривожлантириш бўйича халқаро йўл харитасини тўлиқ қўллаб-қувватлашларини билдириб, мазкур қарорларни амалга ошириш мақсадида Ислом цивилизациясини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон альянсини таъсис этиш ташаббусини илгари сурдилар.

Мурожаат якунида Президент Шавкат Мирзиёевга, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига, форум ташкилотчилари ва кўп миллатли Ўзбекистон халқига юксак меҳмондўстлик ҳамда форумни юксак савияда ташкил этгани учун самимий миннатдорлик изҳор этилди.

Шу тариқа, 7–11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида бўлиб ўтган Ислом цивилизацияси бўйича Биринчи халқаро форум ўз ишини муваффақиятли якунлади. Форумда қабул қилинган ҳужжатлар, илгари сурилган ташаббуслар ва Президент номига қабул қилинган мурожаат ислом цивилизациясининг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш, асраш ва кенг тарғиб қилиш, шунингдек, халқаро гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлида муҳим дастуриламал аҳамият касб этиши таъкидланди.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1389026.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1130229.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
909227.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.