

Янгиликлар
Haber7: "Ўзбекистонга Учинчи Ренессанс сари интилиш жуда ярашади"
Туркиянинг нуфузли Haber7 ахборот портали колумнисти Мурсел Гюндўғду Ўзбекистонда амалга оширилаётган Учинчи Ренессанс ғояси мамлакатнинг бой илмий-маънавий мероси ва цивилизацион салоҳиятига тўла мос эканини таъкидлади. Муаллиф Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Биринчи халқаро ислом цивилизацияси форумини мазкур юксалишнинг амалий ифодаси сифатида баҳолаб, мамлакатда тарихий меросни тиклаш, илм-фан ва маърифатни ривожлантириш, шунингдек, туркий ва ислом цивилизацияси меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ташаббусларга юксак баҳо берган.
Қардош Ўзбекистон пойтахти Тошкентда мазмунли икки кунни ўтказгач, қадимий Самарқанд шаҳрига йўл олдик. Ўзбекистон ҳақида сўз кетганда, вақт гўё ўз маъносини йўқотгандек бўлади. Мамлакат кенг кўламли тараққиёт ва янгиланиш босқичини бошдан кечирмоқда. Давлат идоралари, илмий доиралар, ёшлар ва кенг жамоатчилик мамлакат олдида турган эзгу мақсадлар йўлида бирлашгани яққол сезилади. Жамиятнинг барча қатламларида келажакка ишонч ва юксак руҳият ҳукм сурмоқда.
Ўзбекистон Учинчи Ренессансни барпо этиш йўлида изчил қадам ташламоқда. Бу эзгу ғоя ва уни амалга оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар мамлакатнинг бой тарихий мероси ҳамда интеллектуал салоҳиятига тўла мос келади.
Туркия НАТО саммитига мезбонлик қилиб, халқаро майдонда ўз нуфузини яна бир бор намоён этаётган бир пайтда, Ўзбекистоннинг ҳам янги тараққиёт босқичига цивилизацион ёндашув асосида кириб бораётгани алоҳида аҳамиятга эга. Илм-фан, технология, дипломатия, маданият ва маънавият соҳаларида туркий давлатларнинг ўзаро ҳамкорлик ва соғлом рақобат асосида ривожланиши бутун туркий дунё учун муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон турк-ислом цивилизациясининг энг муҳим маънавий ва илмий марказларидан биридир.
Бу муқаддас заминда Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Муҳаммад Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Маҳмуд Замахшарий, Абу Муин Насафий, Аҳмад Фарғоний каби жаҳон цивилизацияси тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломалар етишиб чиққан. Улар қолдирган бой илмий ва маънавий мерос нафақат ислом олами, балки бутун инсониятнинг умумий бойлиги ҳисобланади.
Бугунги Ўзбекистон ана шу буюк меросни чуқур ўрганиш, асраб-авайлаш ва замонавий тараққиёт билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Маълумки, мусулмон оламининг илк йирик илм маркази Бағдод шаҳри бўлган. “Байтул ҳикма” фаолияти туфайли юксак тараққиётга эришган мазкур марказ турли тарихий омиллар натижасида ўз аҳамиятини йўқота бошлаганидан сўнг, илм-фан маркази сифатида Самарқанд юксала бошлади. Сомонийлар давлатининг оқилона сиёсати туфайли шаҳар қисқа вақт ичида мусулмон оламининг энг нуфузли илм ва маданият марказларидан бирига айланди. Бу ерда диний илмлар билан бир қаторда математика, астрономия ва табиий фанлар ҳам юксак даражада ривожланиб, инсоният тарихидаги энг ёрқин маънавий юксалиш даврларидан бирига замин яратилди.
Бугун Ўзбекистон ана шу шонли анъаналарни қайта тиклаш йўлидан бормоқда. Илгари йўқолган ёки узоқ йиллар эътибордан четда қолган миллий ва маънавий мерос объектлари қайта тикланиб, халқ хизматига қайтарилмоқда.
Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси ана шундай кенг кўламли бунёдкорлик ишларининг ёрқин намунасидир. Қайта барпо этилган ушбу мажмуа ўзининг меъморий ечими, ободлаштирилган ҳудуди ва яратилган замонавий инфратузилмаси билан зиёратчилар учун юксак маънавий муҳитни шакллантирган. Шунингдек, Имом Мотуридий мақбарасида ҳам кенг қамровли таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилмоқда.
Учинчи Ренессанс ғоясини амалий жиҳатдан рўёбга чиқаришда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг ўрни алоҳидадир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилаётган мазкур марказ нафақат муҳташам меъморий мажмуа, балки мамлакатнинг илмий, маърифий ва маданий салоҳиятини намоён этувчи йирик интеллектуал маскан сифатида ҳам шаклланмоқда.
Марказ томонидан халқаро миқёсда муҳим тадбирлар ташкил этилмоқда. Жумладан, 2026 йил 7–11 июль кунлари унинг бош ташкилотчилигида Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Марказий ва Жанубий Осиё, Европа ҳамда Ислом дунёсининг бошқа минтақаларидан 300 нафардан ортиқ иштирокчиларни бирлаштирган Биринчи халқаро Ислом цивилизацияси форуми ўтказилди. Биз ҳам ушбу форумда илмий маъруза билан иштирок этиш имконига эга бўлдик.
“Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва маърифат йўли” мавзусида ўтказилаётган мазкур форум Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ташкил этилди.
Ўзбекистон цивилизация меросини асраб-авайлаш ва уни келажак авлодларга етказишга катта эътибор қаратаётгани ҳар бир қадамда намоён бўлади. Бир томондан тарихий ва маданий мерос объектлари қайта тикланаётган бўлса, иккинчи томондан уларни ёш авлод онгига сингдириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилаётган музей экспозициялари билан танишиш асносида бу ерда фаолият юритаётган ёш мутахассисларнинг ўз тарихи, маданияти ва Ватанига бўлган юксак ҳурмати алоҳида эътиборга лойиқ.
Форумни ташкил этишда WOSCU, IRCICA, TÜRKSOY, “Ал-Фурқон” жамғармаси, Турк маданияти ва мероси жамғармаси, Халқаро турк академияси, Туркия Фанлар академияси, Турк қўлёзмалари институти, Оксфорд Ислом тадқиқотлари маркази каби нуфузли халқаро ташкилотлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ташқи ишлар вазирлиги, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамкорлик қилди. Форумнинг бош халқаро ҳамкори ICESCO бўлди.
Форум иштирокчиларига Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғаннинг мурожаатини Адолат ва тараққиёт партияси раиси ўринбосари, Туркий давлатлар билан алоқалар бўйича раҳбар профессор доктор Кўршад Зорлу ўқиб эшиттирди.
Шу билан бирга, мусулмон мамлакатларининг олий даражадаги диний ва илмий вакиллари иштирок этган мазкур халқаро форумда Туркия Дин ишлари бошқармасининг юқори даражадаги иштироки таъминланмагани ҳам эътиборга сазовор ҳолат сифатида қайд этилди. Зеро, Имом Мотуридий, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк алломаларнинг меросини муҳокама қилиш, Ислом динининг тинчлик, бағрикенглик, маърифат ва бунёдкорликка асосланган ҳақиқий моҳиятини кенг ёритишга қаратилган бундай нуфузли анжуманда иштирок этиш ҳар қандай диний ва илмий муассаса учун муҳим аҳамият касб этади.
Минтақавий кучдан глобал таъсир доирасига эга давлат сифатида Туркиянинг қардош туркий мамлакатларда кечаётган муҳим жараёнларни яқиндан кузатиши ҳамда мавжуд имкониятлари доирасида уларни қўллаб-қувватлаши ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.