

Янгиликлар
Associated Press of Pakistan: "Биринчи халқаро ислом цивилизацияси форуми иштирокчилари Ўзбекистон Президентига мурожаат қабул қилди"
Покистоннинг расмий ахборот агентлиги — Associated Press of Pakistan (APP)нинг ёзишича, Биринчи халқаро ислом цивилизацияси форуми иштирокчилари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат қабул қилиб, мамлакатнинг ислом цивилизацияси меросини асраш ва тарғиб этиш, шунингдек, халқаро илмий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларини юксак баҳолади. Нашрда форум иштирокчилари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини глобал мулоқот ва ҳамкорлик майдони сифатида эътироф этгани, қабул қилинган декларация ва «Йўл харитаси»ни қўллаб-қувватлаб, Ислом цивилизацияси бўйича Жаҳон альянсини ташкил этиш ташаббусини амалга оширишга тайёр эканликларини билдиргани таъкидланган.
«Биринчи халқаро ислом цивилизацияси форуми» иштирокчилари Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси меросини асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватловчи мурожаатни қабул қилди. Ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқаро илмий ва гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслари ҳам юксак эътироф этилди.
Мурожаатни дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатидан ташриф буюрган делегациялар, жумладан, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, вазирлар, муфтийлар, нуфузли олимлар, университетлар, илмий-тадқиқот институтлари, кутубхоналар, музейлар ва маданий муассасалар вакиллари қўллаб-қувватлади.
Форум иштирокчилари ушбу анжуманни оддий академик йиғин эмас, балки ислом цивилизациясини инсониятнинг умумий маданий ва интеллектуал мероси сифатида ўрганиш, асраш ва тарғиб қилишга қаратилган халқаро ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берган тарихий воқеа сифатида баҳоладилар.
Таъкидланганидек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг форум очилишидаги маърузаси анжуманнинг асосий ғоявий йўналишини белгилаб берди. Тўрт кун давом этган муҳокамалар тинчлик, бағрикенглик, маърифат ва халқаро илмий ҳамкорлик масалаларига бағишланди.
Мурожаатда Президент Мирзиёев томонидан 2017 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси минбаридан илгари сурилган Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ташаббуси алоҳида эътироф этилди. Иштирокчилар ушбу лойиҳани кейинги ўн йилликда амалга оширилган энг муҳим гуманитар ташаббуслардан бири сифатида баҳолаб, унинг мақсади ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фани, маданияти ва маънавияти ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини холисона тадқиқ этишдан иборат эканини таъкидладилар.
Қайд этилганидек, бугунги кунда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳукуматлар, илмий муассасалар, музейлар, кутубхоналар ва тадқиқот ташкилотлари ўртасида ислом меросини ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилаётган муҳим халқаро мулоқот ва ҳамкорлик майдонига айланиб бормоқда.
Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ўтказилган форум Марказий Осиё азалдан илоҳиёт, фалсафа, тиббиёт, математика ва астрономия каби фанлар юксак тараққий этган буюк илм-маърифат маскани бўлганини яна бир бор намоён этди.
Мурожаатда Ўзбекистоннинг маданий ва диний меросни асраш йўлида амалга ошираётган кенг кўламли ишларига ҳам юксак баҳо берилди. Жумладан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Халқаро ислом академияси ҳамда Тошкент ислом институти фаолияти алоҳида қайд этилди.
Форум қатнашчилари мазкур ташаббуслар мамлакатнинг тарихий меросни асраб-авайлаш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва халқаро гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга бўлган қатъий интилишини яққол намоён этаётганини таъкидладилар.
Мурожаатда ислом цивилизацияси меросини асраш ва чуқур ўрганиш нафақат алоҳида мамлакатлар, балки ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар ва бутун жаҳон илмий ҳамжамиятининг умумий масъулияти эканига урғу берилди. Айниқса, бугунги кунда турли ёлғон ахборотлар ва экстремистик ғоялар маданиятлараро англашувга таҳдид солаётган шароитда бу вазифанинг аҳамияти янада ортиб бораётгани қайд этилди.
Шунингдек, делегатлар форум якунида қабул қилинган Декларация ҳамда ислом цивилизациясини асраш, ўрганиш ва ривожлантиришга қаратилган «Йўл харитаси»ни тўлиқ қўллаб-қувватлашларини билдириб, ушбу ҳужжатларни узоқ муддатли халқаро ҳамкорлик учун мустаҳкам асос сифатида баҳоладилар.
Иштирокчилар, шунингдек, Ўзбекистон Президенти билан маслаҳатлашган ҳолда Ислом цивилизацияси бўйича Жаҳон альянсини ташкил этиш ташаббусини амалга ошириш ниятида эканликларини маълум қилдилар. Мазкур тузилма халқаро тадқиқотларни мувофиқлаштириш, академик алмашинувларни кенгайтириш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, нашриёт лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда маданий меросни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга хизмат қилиши кўзда тутилмоқда.
Мурожаатда форум иштирокчилари қабул қилинган қарорларни ҳаётга татбиқ этиш, ислом цивилизациясининг бой илмий ва маънавий меросини келажак авлодларга безавол етказиш йўлида ўзларининг интеллектуал, илмий ва маънавий салоҳиятини бирлаштиришга тайёр эканликларини яна бир бор тасдиқладилар.
Якунда делегатлар форумни юксак ташкилий савияда ўтказгани учун Ўзбекистон халқи ва раҳбариятига самимий миннатдорлик билдириб, мамлакатда қабул қилинган ташаббус ва қарорлар тинчлик, ўзаро англашув, адолат ҳамда цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч изҳор этдилар.
Эслатиб ўтамиз, Биринчи халқаро ислом цивилизацияси форуми 9 июль куни ўз ишини якунлади. Форум иштирокчилари Ўзбекистонда илгари сурилган ташаббуслар илм-фан, маданий меросни муҳофаза қилиш ва гуманитар шерикликка асосланган янги халқаро ҳамкорлик даврига мустаҳкам замин яратишига ишонч билдирдилар.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.