Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

I халқаро Ислом цивилизацияси форуми

АХБОРОТ ХАТИ

Цивилизациялараро мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда ислом динининг асл инсонпарварлик ва маърифатпарварлик моҳиятини тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистонда йирик халқаро анжуман ташкил этилмоқда. 

Ушбу форум Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ғояси остида Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилишини эълон қилган тарихий ташаббусларининг мантиқий давомидир. Анжуман юртимизнинг бой илмий-маънавий меросини жаҳон ҳамжамиятига етказиш ва цивилизациялараро тотувликни кучайтиришга хизмат қилади.

Тадбир мавзуси: I Халқаро ислом цивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли.

Ўтказиш саналари: 2026 йил 7-11 июль.

Ўтказиш жойи: Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарлари.

Асосий ташкилотчилар: Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Дин ишлари қўмитаси, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси.

Бош халқаро ҳамкор: ICESCO (Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти).

Форумда Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Марказий ва Жанубий Осиё ҳамда Европа давлатларидан 300 га яқин меҳмонлар қатнашиши кутилмоқда.

Форумнинг асосий тадбирлари 7-8 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилади. 

Унда ислом цивилизациясига оид мавзуларда ташкил этиладиган ялпи мажлисларда нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, маданият ва дин ишлари бўйича вазирлар, муфтийлар, таниқли олим ва уламолар ўз маърузалари билан иштирок этади.  

Форумнинг иккинчи қисми 9-10 июль кунлари Мовароуннаҳрнинг уч буюк алломаси илмий меросига бағишланган конференциялар Самарқанд ва Термиз шаҳарларида давом этади:

1.  Самарқанд вилоятида – «Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асари – уммат китоби» халқаро конференцияси.

2.  Самарқанд вилоятида – «Имом Мотуридий мероси: ислом цивилизациясининг мўътадиллик ва ақл-идрок пойдевори» халқаро конференцияси.

3.  Самарқанд вилоятида – «Марказий Осиё: ғоялар, кашфиётлар ва цивилизациялар туташган замин» халқаро конференцияси.

4.  Сурхондарё вилоятида – «Термиз ҳадис мактаби: алломалар мероси ва замонавий тадқиқотлар» халқаро конференцияси.

Форум якунида Ислом цивилизациясини ҳамкорликда ривожлантириш истиқболлари бўйича “Йўл харитаси” имзоланиши, I халқаро ислом цивилизацияси форуми якунлари бўйича Тошкент Декларациясини қабул қилиш кутилмоқда.

Форум доирасида хорижлик меҳмонлар учун “Гиннес рекордлар китоби”га киритилган Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизациясига бағишланган музей, Имом Бухорий мажмуаси, шунингдек, Самарқанд ва Термиз шаҳарларидаги зиёратгоҳларга маданий ташрифлар ташкил этилади.

Тезисларни қабул қилишнинг сўнгги муддати: 2026 йил 20 июль

Тезисларни расмийлаштириш учун талаблар:

тезислар А4 форматда, 5-10 саҳифа; шрифт – Times New Roman, шрифт ҳажми – 14 пт; интерваль – 1,5; матн майдони – юқори ва пастдан 2 см., ўнгдан 1,5 см., чапдан 3 см.;

биринчи саҳифанинг юқори қисмида ўртада тезис мавзуси (14 пт, бош ҳарфларда, қалин шрифт) ёзилади. Унинг остидан саҳифанинг чап томонида муаллиф (ҳаммуаллифлар)нинг исми ва фамилияси, илмий унвони, илмий даражаси, иш жойи ва лавозими, телефон рақами, электрон почта манзили (барчаси 10 пт, курсив) ёзилади;

ўзбек ва инглиз тилларида 150 тагача сўздан иборат бўлган аннотация, 3-7 та калит сўзлар ёзилади (14 пт);

иқтисоблар саҳифада, матн остида (10 пт) берилади;

тезиснинг электрон нусхаси .docx форматида сақланади, муаллифнинг номи билан номланади;

тезислар ўзбек, араб, инглиз, турк ва рус тилларида тақдим этилади.

Тақдим этилган тезислар муаллифлари маълумотларнинг тўлиқлиги ва ишончлилиги учун шахсан жавобгардирлар.

Ташкилий қўмита Форум йўналишлари мавзусига ва белгиланган талабларга жавоб бермайдиган тезисларни рад этиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Тезислар қуйидаги манзилга юборилади:

э-почта: icforum2026@gmail.com

телеграм: @diloruz; @gulruh602.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1396726.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1138429.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
916527.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.