Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

World News AM: “Биринчи халқаро Ислом цивилизацияси форуми Декларацияси қабул қилинди”

World News AM халқаро ахборот портали Биринчи халқаро Ислом цивилизацияси форуми якунлари бўйича қабул қилинган Тошкент декларациясига алоҳида эътибор қаратиб, унда Ўзбекистон ташаббуси билан ислом цивилизацияси меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилишга қаратилган ўнта йирик халқаро ташаббус илгари сурилганини ёритди. Нашрда Жаҳон альянсини ташкил этиш, мероснинг ягона рақамли реестри ва глобал рақамли кутубхонасини яратиш, халқаро мукофот, энциклопедия, тадқиқотлар жамғармаси ҳамда музейлар иттифоқини таъсис этиш каби ташаббуслар ислом цивилизацияси соҳасида халқаро ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб бериши таъкидланган.

Биз, 2026 йил 7–8 июль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Биринчи халқаро Ислом цивилизацияси форуми иштирокчилари, Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига чуқур миннатдорлигимизни билдирамиз ҳамда у кишининг 2017 йил сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган тарихий ташаббусининг бугунги жамият учун беқиёс аҳамиятини алоҳида эътироф этамиз. Ушбу ташаббус Ислом цивилизациясининг бой инсонпарварлик меросини қайта тиклаш, илмий ўрганиш ва кенг тарғиб этишга қаратилган.

Биз якдиллик билан эътироф этамизки, Ўзбекистон Республикасидаги Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилиши, унинг самарали фаолияти йўлга қўйилиши ҳамда Биринчи халқаро Ислом цивилизацияси форумининг ўтказилиши мазкур ташаббуснинг амалий ифодаси бўлди. Бу саъй-ҳаракатлар мусулмон умматининг бебаҳо меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди.

– Тинчлик, бағрикенглик, маърифат, маданиятлараро ва динлараро мулоқот тамойилларига таянган ҳолда;

– Ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фани, таълим, санъат, меъморчилик ҳамда маънавий ва интеллектуал тафаккур ривожига қўшган улкан ҳиссасини эътироф этиб;

– жаҳолат, экстремизм, ксенофобия, исломофобия ва Ислом мероси ҳақидаги бузиб кўрсатилган тасаввурларга қарши курашиш зарурлигини тан олган ҳолда;

– диний ва маданий меросни илмий жиҳатдан ўрганиш халқаро ишончни мустаҳкамлаш ва барқарор тараққиётни таъминлашда тобора муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлаб;

– қадимги ва замонавий Ўзбекистон ҳамда бутун минтақа Ислом ва жаҳон цивилизацияси шаклланиши ва тараққиётига улкан тарихий ҳисса қўшганини эътироф этган ҳолда, ушбу Декларацияни қабул қиламиз.

Ислом цивилизацияси меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликнинг янги тизимини шакллантириш мақсадида Биринчи халқаро Ислом цивилизацияси форуми иштирокчилари қуйидаги глобал ташаббусларни илгари суради:

1. Ислом цивилизацияси бўйича Жаҳон альянси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази негизида халқаро ташкилотлар, илмий ва таълим муассасалари, фанлар академиялари, музейлар, кутубхоналар, жамғармалар, архивлар, ислом қўлёзмалари марказлари, тадқиқот институтлари ва бошқа манфаатдор ташкилотларни бирлаштирувчи Жаҳон альянсини ташкил этиш таклиф этилади.
Альянснинг асосий мақсади – барқарор халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма илмий, таълимий, маданий, музей ва рақамли лойиҳаларни амалга ошириш, билим ва илғор тажрибалар алмашинувини таъминлаш ҳамда Ислом цивилизациясининг жаҳон маданий ва интеллектуал меросининг ажралмас қисми сифатидаги ижодий ютуқларини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришдан иборат.

2. Ислом цивилизацияси меросининг Жаҳон рақамли реестри

Ислом цивилизацияси меросига оид қўлёзмалар, архив ҳужжатлари, музей тўпламлари, меъморий ёдгорликлар, номоддий маданий мерос ва илмий тадқиқотларни ягона халқаро рақамли платформада жамлаш ва юритиш таклиф этилади.

3. «Ислом цивилизацияси – бутун инсоният мероси» халқаро дастури

Ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фани, маданияти ва таълимига қўшган ҳиссасини кенг ёритишга қаратилган комплекс халқаро дастурни амалга ошириш таклиф этилади. Дастур доирасида халқаро кўргазмалар, таълим лойиҳалари, илмий анжуманлар, нашриёт фаолияти ва маданий тадбирлар ташкил этилади.

4. Халқаро Ислом цивилизацияси мукофоти

Ислом цивилизацияси меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш, шунингдек, илм-фан, таълим, маданиятлараро мулоқот ва гуманитар ҳамкорлик ривожига муносиб ҳисса қўшган шахсларни тақдирлаш мақсадида халқаро мукофот таъсис этиш таклиф қилинади.

5. Ислом цивилизациясини ўрганиш халқаро жамғармаси

Фундаментал илмий тадқиқотлар, тарихий ёдгорликларни реставрация қилиш, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш, нашриёт лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда халқаро академик ҳамкорликни ривожлантириш учун халқаро жамғарма ташкил этиш таклиф қилинади.

6. Ислом цивилизациясининг Глобал рақамли кутубхонаси

Ислом цивилизацияси меросига бағишланган қўлёзмалар, илмий асарлар, архив ҳужжатлари, музей коллекциялари, таълим ресурслари ва рақамли кўргазмаларни бирлаштирувчи кўп тилли рақамли кутубхонани ташкил этиш таклиф қилинади.

7. Ислом цивилизацияси халқаро энциклопедияси

Ислом цивилизацияси тарихи, машҳур алломалар, илмий мактаблар, маданий ёдгорликлар ва Ислом оламининг буюк ютуқларига бағишланган кўп жилдли илмий энциклопедияни тайёрлаш ва нашр этиш таклиф қилинади.

8. Ислом цивилизацияси мероси ҳолати бўйича ҳар йиллик халқаро ҳисобот

Маданий ва таълим мероси объектларининг ҳолати, илмий тадқиқотлар натижалари, мавжуд муаммолар ҳамда Ислом цивилизацияси меросини асраш ва ўрганиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик имкониятларини қамраб олувчи таҳлилий ҳисоботни ҳар йили тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш таклиф қилинади.

9. Халқаро Ёшлар Ислом цивилизацияси форуми

Ёш олимлар, тадқиқотчилар, талабалар ва маданий мерос соҳаси мутахассислари ўртасида мулоқот учун доимий халқаро платформани ташкил этиш ҳамда Ислом цивилизациясини ўрганувчи янги авлод олимларини шакллантириш таклиф қилинади.

10. Ислом маданияти, санъати ва цивилизацияси музейларининг халқаро иттифоқи

Турли мамлакатлардаги етакчи музейлар, музей мажмуалари, галереялар ва ихтисослашган муассасаларни бирлаштирувчи Ислом маданияти, санъати ва цивилизацияси музейларининг халқаро иттифоқини ташкил этиш таклиф қилинади.

Иттифоқ халқаро музей ҳамкорлигини ривожлантириш, қўшма кўргазмалар ташкил этиш, тадқиқотлар ўтказиш, реставрация, таълим ва рақамли лойиҳаларни амалга ошириш, музей коллекциялари, илғор тажрибалар ва мутахассислар алмашинувини таъминлаш ҳамда Ислом маданияти, санъати ва цивилизацияси меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилади.

Шунингдек, Биринчи халқаро Ислом цивилизацияси форумида сайланган Форум Халқаро кенгашини доимий мувофиқлаштирувчи орган сифатида сақлаб қолиш таклиф этилади. Унга форум иштирокчилари томонидан билдирилган барча ташаббус ва таклифларни бирлаштириш, 2030 йилгача бўлган қўшма ҳаракатлар бўйича халқаро «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда уни мазкур Декларацияни амалга оширишнинг амалий механизми сифатида форум иштирокчиларига, халқаро ташкилотларга ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига тақдим этиш вазифаси юклатилади.

Биз, Форум иштирокчилари, давлатлар, халқаро ташкилотлар, илмий муассасалар, университетлар, музейлар, кутубхоналар ва жамоат ташкилотларини тинчлик, ўзаро ҳурмат, маърифат ҳамда Ислом цивилизациясининг инсоният умумий маданий хазинасининг ажралмас қисми бўлган бой меросини асраб-авайлаш йўлида ушбу ташаббусларни амалга ошириш учун ҳамкорлик қилишга чақирамиз.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1402026.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1144329.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
922327.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.