

Янгиликлар
Hauptstadtecho: "Ўзбекистон Ислом цивилизацияси биринчи халқаро форумига мезбонлик қилди"
Германиянинг сиёсий-таҳлилий йўналишдаги “Hauptstadtecho” нашри Ўзбекистонда илк бор ўтказилган Халқаро ислом цивилизацияси форумини мамлакатнинг маънавий-маърифий тараққиёти ва халқаро нуфузини намоён этган муҳим воқеа сифатида эътироф этди. Нашрда қайд этилишича, Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ташкил этилган анжуман ислом цивилизациясининг тинчлик, бағрикенглик ва маърифатга асосланган эзгу ғояларини тарғиб қилиш, цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда бой тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш йўлидаги халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга хизмат қилди. Шу билан бирга, форум Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессанс ғоясини амалга ошириш, буюк алломалар меросини замонавий тараққиёт билан уйғунлаштириш ва мамлакатни ислом цивилизациясининг йирик илмий-маърифий марказларидан бири сифатида янада мустаҳкамлаш йўлидаги ташаббусларини халқаро жамоатчилик эътиборига олиб чиққан муҳим мулоқот майдони сифатида баҳоланди.
2026 йил 7–11 июль кунлари Ўзбекистонда «Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли» мавзусида Ислом цивилизациясининг биринчи халқаро форуми бўлиб ўтди. Форумда дунёнинг 40 мамлакати вакилларидан иборат қарийб 300 нафар иштирокчи қатнашди. Анжуман дастлаб Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида, сўнгра Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ва Термиздаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида давом этди.
Форум иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти, муҳтарам Шавкат Мирзиёев номига мурожаат қабул қилди.
Унда шундай дейилади:
«Муҳтарам Президент!
Биз — Ислом цивилизацияси биринчи халқаро форуми иштирокчилари, жумладан, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, хорижий академик ва таълим муассасалари вакиллари, вазирлар, муфтийлар, таниқли олимлар, университетлар, илмий-тадқиқот институтлари, кутубхоналар, музейлар ҳамда маданий муассасаларнинг элликдан ортиқ мамлакатдан ташриф буюрган вакиллари Сизга самимий миннатдорчилигимиз ва чуқур эҳтиромимизни изҳор этамиз.
Аввало, шуни алоҳида таъкидламоқчимизки, айнан Сизнинг шахсий ташаббусингиз ва қатъий қўллаб-қувватлашингиз билан чақирилган Ислом цивилизацияси биринчи халқаро форуми ўз мазмуни, аҳамияти ва кенг қамровли таъсири билан анъанавий халқаро илмий анжуман доирасидан анча юксак поғонага кўтарилди. У улкан аҳамиятга эга тарихий воқеага айланиб, халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилди.
Шубҳа йўқки, форум иштирокчиларига йўллаган мурожаатингизда илгари сурилган узоқни кўзлаган ғоялар ва тамойиллар форум кун тартибини белгилаб берди, муҳокамаларнинг асосий мақсад ва йўналишларини аниқлади ҳамда тўрт кун давомида халқаро ҳамжамият диққат марказида кечган баҳс-мунозараларга йўл очди. Бу ғоялар мазмунли мулоқот ва самарали халқаро илмий ҳамкорлик учун интеллектуал ҳамда маънавий пойдевор бўлиб хизмат қилди.
Биз ишонамизки, мусулмон оламининг етакчи илм-фан ва интеллектуал доиралари вакилларини бирлаштирган ушбу форум инсониятнинг умумий маънавий, маданий ва интеллектуал меросининг ажралмас қисми бўлган ислом цивилизациясининг бой меросини ўрганиш, асраб-авайлаш, муҳофаза қилиш ва тарғиб этишга қаратилган глобал ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди.
Форумнинг Тошкент, Самарқанд ва Термиз каби тарихий шаҳарларда ўтказилгани унинг илмий руҳи ва тарихий аҳамиятини янада юксалтирди. Айнан шу муборак заминда асрлар давомида буюк илм-фан марказлари равнақ топган, илоҳиёт, фалсафа, тиббиёт, математика, астрономия ва бошқа кўплаб илм соҳаларига беқиёс ҳисса қўшган фундаментал асарлар яратилган. Инсоният тараққиётига чуқур таъсир кўрсатган кўплаб ғоя ва кашфиётлар айнан шу шаҳарларда дунёга келиб, кейинчалик бутун оламга тарқалган.
Биз 2017 йил сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Сиз томонингиздан Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилганини алоҳида юксак баҳолаймиз. Биз ушбу ташаббусни сўнгги ўн йилликдаги энг муҳим халқаро гуманитар ташаббуслардан бири, Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданий меросини ягона цивилизацион ҳодиса сифатида англашда янги босқични бошлаб берган тарихий қадам, деб ҳисоблаймиз.»
Бу тарихий ташаббус халқаро илмий ҳамжамиятни бирлаштириш, ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фани, маданияти ва маънавияти ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини холисона ўрганиш ва кенг эътироф этиш учун улкан имкониятлар яратди. Айни пайтда у Янги Уйғониш даври — Учинчи Ренессанснинг интеллектуал ва маънавий пойдеворини шакллантиришда муҳим босқичга айланди.
Бугун биз ҳар қачонгидан ҳам равшанроқ англаяпмизки, ушбу ташаббус замонавий дунёнинг таҳдид ва синовларига берилган долзарб ва узоқни кўзлаган жавоб бўлди. Дунёнинг турли ҳудудларида исломнинг инсонпарварлик моҳиятини бузиб кўрсатишга, маданиятлар ва цивилизацияларни бир-бирига қарши қўйишга, мусулмон олимларининг жаҳон илм-фани ва маданияти тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини камситишга уринишлар кузатилаётган бир пайтда, Сиз халқаро ҳамжамиятга маърифат, илмий тадқиқот, тарихий ҳақиқатга ҳурмат ва ислом цивилизациясининг ҳақиқий меросини холисона ёритишга асосланган конструктив йўлни таклиф этдингиз. Бу тарихий адолатни тиклаш, очиқ академик мулоқот маданиятини мустаҳкамлаш, ўзаро ҳурматни юксалтириш ва халқаро гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Бугун ушбу эзгу интилишлар алоҳида глобал аҳамият касб этмоқда. Зеро, айнан билим, тарихий хотира ва халқларнинг интеллектуал салоҳиятини бирлаштириш орқали давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч мустаҳкамланади, экстремизм, радикализм ва муросасизликка қарши самарали кураш кучаяди, цивилизациялар ўртасидаги ўзаро англашув чуқурлашади ҳамда тинчлик, барқарор тараққиёт ва умумий фаровонлик учун мустаҳкам маънавий замин яратилади. Шубҳасиз, ана шундай долзарб ва кенг қамровли ғояларни ўзида мужассам этган Сизнинг мурожаатингиз келгусидаги умумий саъй-ҳаракатларимиз учун йўл кўрсатувчи тарихий ва дастурий ҳужжат бўлиб қолади.
Биз гувоҳ бўлиб турибмизки, Сизнинг узоқни кўзлаган қарашларингиз, доно раҳбарлигингиз, қатъий саъй-ҳаракатларингиз ҳамда ўтмиш, бугун ва келажакни ягона узлуксиз тарихий жараён сифатида англаш қобилиятингиз туфайли Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат жаҳон даражасидаги илмий-маърифий муассасага, балки давлатлар, халқаро ташкилотлар, етакчи олимлар, илмий-тадқиқот муассасалари, университетлар, кутубхоналар, музейлар ҳамда маънавий-маърифий марказларни бирлаштирувчи нуфузли халқаро майдонга айланмоқда. Марказ ислом цивилизациясининг беқиёс меросини ўрганиш, асраб-авайлаш, муҳофаза қилиш ва тарғиб этишга қаратилган қўшма ташаббусларни амалга ошириш учун муҳим платформа вазифасини бажармоқда.
Биз ишонамизки, яқин йилларда мазкур Марказ гуманитар фанлар соҳасидаги дунёнинг етакчи муассасалари қаторидан муносиб ўрин эгаллайди ҳамда инновацион ғоялар, қўшма илмий тадқиқотлар ва узоқ муддатли халқаро шерикликлар ривож топадиган йирик маданий, таълимий ва академик марказга айланади.
Айниқса, Ўзбекистон Республикасида маънавий, илмий ва маданий меросни асраб-авайлаш ҳамда тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бизда катта таассурот қолдирди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, қайта таъмирланган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкентдаги Имом Бухорий номидаги Ислом институти ҳамда бошқа ноёб муассасалар тарихий хотирани асраш, фундаментал илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва халқаро гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган изчил давлат сиёсатининг яққол ифодасидир.
Қисқача айтганда, ислом илм-фани, маданияти ва маърифати қадимий бешикларидан бири бўлган Ўзбекистон Республикаси бугун гуманитар ҳамкорлик, илмий тадқиқотлар ва цивилизациялар мулоқотининг етакчи марказларидан бири сифатида ўзининг тарихий ўрнини янада мустаҳкамламоқда.
Муҳтарам Президент!
Ислом цивилизацияси биринчи халқаро форуми «Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли» шиори остида ўтказилгани алоҳида юксак эътирофга лойиқдир. Ислом цивилизациясининг инсонпарварлик моҳиятини ўзида мужассам этган ушбу абадий ва ўзаро чамбарчас боғлиқ қадриятлар бугунги дунё учун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Бу буюк мерос бутун инсониятнинг маданий, маънавий ва интеллектуал бойлигининг ажралмас қисми ҳисобланади. Шу боис уни асраб-авайлаш, ҳар томонлама ўрганиш ва келажак авлодларга етказиш халқаро ташкилотлар, давлатлар, жаҳон академик ҳамжамияти ҳамда тинчлик, ўзаро англашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилувчи барча инсонларнинг умумий масъулиятидир.
Биз форум якунида қабул қилинган Декларацияни, шунингдек, ислом цивилизацияси меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича қабул қилинган Йўл харитасини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ҳамда уларни узоқ муддатли халқаро ҳамкорлик учун мустаҳкам асос деб ҳисоблаймиз.
Биз самимий умид қиламизки, Сиз бундан кейин ҳам ушбу ҳужжатларда белгиланган ташаббусларни изчил қўллаб-қувватлаб, уларни амалга оширишда етакчи ўрин тутишда давом этасиз. Бу эса халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, умумий маънавий меросимизни асраб-авайлаш ҳамда ислом цивилизациясини тинчлик, маърифат ва ўзаро англашув манбаи сифатида янада кенг тарғиб этишга хизмат қилади.
Форум қарорларини амалий чора-тадбирларга айлантириш мақсадида, Сиз билан маслаҳатлашган ҳолда, Ислом цивилизацияси бўйича Жаҳон альянсини ташкил этиш ташаббусини илгари суриш ниятидамиз.
Биз ишонамизки, мазкур Альянс қўшма илмий тадқиқот дастурларини мувофиқлаштириш, юқори малакали мутахассислар тайёрлашни қўллаб-қувватлаш, академик алмашинувларни кенгайтириш, халқаро нашрлар лойиҳаларини амалга ошириш, маданий меросни асраш ва тарғиб қилиш, шунингдек, халқлар ўртасидаги гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Форум давомида қабул қилинган қарорлар ушбу эзгу ташаббус Ўзбекистонда илгари сурилганига қарамай, бугун кенг халқаро қўллаб-қувватловга эга бўлганини ва жаҳон илмий ҳамда интеллектуал ҳамжамиятининг умумий ташаббусига айланаётганини яққол кўрсатди. Биз мазкур қарорларни амалга ошириш, ислом цивилизациясининг буюк меросини асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш йўлида интеллектуал, илмий ва маънавий салоҳиятимизни бирлаштиришга тайёр эканимизни яна бир бор тасдиқлаймиз.
Биз ишонамизки, тарихий Ўзбекистон заминида қабул қилинган ушбу қарорлар ислом цивилизацияси меросини ўрганиш, асраш ва кенг тарғиб этиш соҳасида халқаро ҳамкорликнинг янги босқичи учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Ушбу Декларацияни қабул қилиш орқали биз мазкур қарорларни амалга ошириш борасидаги умумий ва юксак масъулиятимизни яна бир бор тасдиқлаймиз ҳамда бутун инсониятнинг умумий меросининг ажралмас қисми бўлган буюк маънавий ва интеллектуал бойликни асраб-авайлаш, тинчлик, маърифат ва ўзаро ҳурмат ғояларини илгари суриш йўлида Сиз билан биргаликда саъй-ҳаракат қилишга содиқлигимизни билдирамиз.
Муҳтарам Президент!
Биз Сизга, шунингдек, Сиз орқали форумнинг барча ташкилотчиларига ҳамда кўп миллатли Ўзбекистон халқига Ислом цивилизацияси биринчи халқаро форумини юксак савияда ташкил этганингиз ва барча иштирокчиларга кўрсатилган самимий ҳамда саховатли меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Сизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат ҳамда ўзбек халқи фаровонлиги йўлидаги эзгу ва масъулиятли фаолиятингизда янада улкан муваффақиятлар тилаймиз.
Шунингдек, «Янги Ўзбекистон» стратегиясини изчил амалга оширишда, Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдеворини барпо этишда, шунингдек, Ўзбекистоннинг илм-фан, таълим, ислом цивилизацияси, гуманитар ҳамкорлик ва цивилизациялар мулоқотининг дунёдаги етакчи марказларидан бири сифатидаги юксак нуфузи ва обрў-эътиборини янада мустаҳкамлаш йўлида Сизга янги зафарлар тилаймиз.
Яратган Аллоҳ таоло барча эзгу ниятларингиз ва хайрли ишларингизни баракали қилиб, уларга улкан яхшилик ва фаровонлик ато этсин.
Ислом цивилизацияси биринчи халқаро форумида қабул қилинган қарорлар жаҳон халқлари ўртасида ўзаро англашув, адолат ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилсин.
Оламлар Парвардигори буюк, уч минг йиллик тарихга эга цивилизацияни яратган меҳнаткаш, меҳмондўст ва олижаноб Ўзбекистон халқига тинчлик, миллий бирлик, фаровонлик ва янада юксалиш ато этсин. У зот халқнинг бунёдкорлик салоҳиятини янада юксалтириб, барча эзгу мақсад ва орзу-интилишларини рўёбга чиқариш насиб этсин.
Ҳурмат билан,
Ислом цивилизацияси биринчи халқаро форуми иштирокчилари
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.