Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Россиялик олим: «Имом Бухорий мажмуаси маҳобати билан Тож Маҳални эслатди»

Россиялик имом-хатиб, тарих фанлари номзоди Ислом Зарипов Ўзбекистонда барпо этилган янги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг меъморий маҳобати ва кўламини Ҳиндистоннинг машҳур Тож-Маҳал мақбараси билан қиёслади.

Ислом Зарипов жорий йилнинг 7–11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида бўлиб ўтган I Халқаро Ислом цивилизацияси форуми иштирокчиларидан бири сифатида Ўзбекистонга ташриф буюрди. Форум дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатидан келган юзлаб олимлар, дин арбоблари ва халқаро ташкилотлар вакилларини бир майдонга жамлаб, ислом цивилизациясининг бой илмий ва маънавий меросини ўрганиш, асраш ҳамда тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинган нуфузли халқаро анжуманга айланди.

Форум доирасида олим Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди. Унинг таъкидлашича, болаликданоқ Бухоро ва Самарқанд номлари унинг тасаввурида ўрта асрлардаги илм-фан ва маърифатнинг буюк марказлари сифатида муҳрланган.

«Ислом илоҳиёти билан шуғулланадиган инсон учун Имом Бухорий юртига қадам қўйиш сўз билан ифодалаш қийин бўлган туйғу», — дейди Ислом Зарипов.

Олимнинг фикрича, қайта барпо этилган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси нафақат ўзининг улкан меъморий ечими ва муҳташам қиёфаси, балки маънавий муҳити билан ҳам жаҳоннинг энг машҳур зиёратгоҳлари қаторида муносиб ўрин эгаллашга лойиқ. Шу боис у мажмуани инсоният меъморчилигининг дурдоналаридан бири саналган Тож-Маҳал билан қиёслаган. Ишчи ташриф доирасида Ислом Зарипов Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияси билан ҳам яқиндан танишди. У Марказда ислом цивилизациясининг кўп асрлик илмий, маданий ва маънавий мероси замонавий музей технологиялари асосида тақдим этилаётганини юқори баҳолаб, бу ерни илмий мулоқот ва маърифат учун муҳим халқаро майдон сифатида эътироф этди.

Ислом Зариповнинг фикрича, бугунги кунда Ўзбекистон буюк алломалар меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва уни халқаро жамоатчиликка етказиш борасида изчил давлат сиёсатини амалга оширмоқда. Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, шунингдек, мамлакатда ташкил этилган халқаро илмий форумлар ана шу эзгу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси ҳисобланади.

Россиялик олимнинг ушбу эътирофи Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси меросини тиклаш ва тарғиб этиш, илм-фан ва цивилизациялар мулоқотини ривожлантириш йўлидаги ташаббуслари халқаро илмий жамоатчилик томонидан ҳам юксак баҳоланаётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Маълумот учун, бугунги кунда Самарқанд вилоятида жойлашган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ислом оламининг энг йирик зиёрат ва маънавий-маърифий масканларидан бири ҳисобланади. Президент ташаббуси билан тўлиқ реконструкция қилинган мажмуада буюк муҳаддис Имом Бухорий мақбараси, 10 минг намозхонга мўлжалланган муҳташам масжид, музей, айвонлар ва зиёратчилар учун замонавий инфратузилма барпо этилган. Мажмуа Имом Бухорийнинг бой илмий меросини кенг тарғиб этиш, зиёрат туризмини ривожлантириш ҳамда мусулмон оламининг маънавий алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1436126.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1177829.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
954027.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.