Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Гонконг сарой музейи узоқ муддатли ҳамкорликни бошлади

Ўзбекистон ва Хитой маданий дипломатия соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш йўлида янги қадам ташлади. Гонконгда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Гонконг сарой музейи ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми қўшма кўргазмалар, илмий тадқиқотлар, музейшунослик, маданий меросни асраш ва мутахассислар алмашинувини қамраб олади. Келишув икки мамлакатнинг маданий муассасалари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш билан бирга, Марказий Осиёнинг бой цивилизацион меросини халқаро музей майдонида кенгроқ намоён этишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация Хитой Халқ Республикасига амалга оширилган хизмат сафарида бўлиб турибди. Хизмат сафари доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Гонконг сарой музейи ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжатга Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов ва Гонконг сарой музейи директори доктор Луис Нг имзо чекди.

Меморандум музейшунослик, маданий меросни муҳофаза қилиш, реставрация, илмий тадқиқотлар, қўшма кўргазмалар ташкил этиш, мутахассислар тайёрлаш ҳамда тажриба алмашиш каби йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади.

Сўнгги йилларда маданий меросни асраш ва уни замонавий музей технологиялари орқали оммалаштириш глобал маданий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди. UNESCO ва халқаро музей ҳамжамияти тарихий меросни рақамлаштириш, реставрация қилиш ҳамда уни халқаро аудиторияга етказиш бўйича давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу нуқтаи назардан мазкур келишув Марказий Осиё ва Шарқий Осиё ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган навбатдаги амалий қадам сифатида баҳоланмоқда.

Маросимда сўзга чиққан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Марказ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатнинг кўп асрлик илмий ва маънавий меросини халқаро жамоатчиликка кенг танитиш мақсадида барпо этилаётганини таъкидлади.

Унинг қайд этишича, Марказнинг асосий вазифаси буюк алломалар меросини илмий асосда ўрганиш, сақлаш ва уни замонавий музей ҳамда рақамли технологиялар ёрдамида кенг жамоатчиликка тақдим этишдан иборат.

– Ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё илм-фани ва маданияти учун муҳим илмий-маърифий масканга айланмоқда. Марказнинг асосий вазифаси буюк аждодларимиз қолдирган бебаҳо меросни чуқур ўрганиш, сақлаш ва уни халқаро жамоатчиликка замонавий ёндашувлар асосида етказишдан иборат. Бу йўлда жаҳоннинг етакчи музей ва илмий муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш биз учун устувор вазифалардан биридир. Гонконг сарой музейи билан имзоланган меморандум икки муассаса ўртасида узоқ муддатли шериклик учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади ҳамда қўшма кўргазмалар, илмий лойиҳалар ва маданий алмашинув дастурларини амалга ошириш имконини кенгайтиради», — деди Марказ раҳбари.

Гонконг сарой музейи директори доктор Луис Нг эса бир неча ой аввал Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи давомида мамлакатда маданий меросни сақлаш ва намойиш этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар унда катта таассурот қолдирганини таъкидлади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифимиз биз учун муҳим тажриба бўлди. Мамлакатингизда маданий меросни муҳофаза қилиш ва уни замонавий усулларда тақдим этиш борасида амалга оширилаётган ишлар катта қизиқиш уйғотди. Бугунги келишув ҳамкорлигимизни янги босқичга олиб чиқишига ишонаман, — деди доктор Луис Нг.

Имзолаш маросимидан кейин икки муассаса раҳбарлари оммавий ахборот воситалари учун брифинг ўтказиб, қўшма кўргазмалар ташкил этиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш, реставрация соҳасида тажриба алмашиш ва музей мутахассисларини тайёрлаш бўйича истиқболли режалар ҳақида маълумот бердилар.

Шундан сўнг Ўзбекистон делегацияси Гонконг сарой музейи экспозицияси билан танишди. Музей коллекциясида Хитой ва жаҳон цивилизацияси тарихи, қадимий санъат асарлари, императорлик саройи мероси ҳамда ноёб маданий бойликлар жамланган. Делегация музей фондларини бошқариш, реставрация ишлари ва рақамли музей технологияларини қўллаш бўйича амалий тажрибалар билан танишди.

Мазкур меморандум Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро ҳамкорлик тармоғини янада кенгайтириш, жаҳоннинг етакчи музейлари билан илмий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистоннинг бой цивилизацион меросини халқаро музей ва илмий майдонда кенг тарғиб этишга хизмат қилиши кутилмоқда. Бундай ҳамкорликлар маданий дипломатия орқали давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, умуминсоний меросни асраш ва уни келажак авлодларга етказишга қаратилган глобал саъй-ҳаракатларни ҳам қўллаб-қувватлайди.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1402526.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1144829.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
922627.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.