

Янгиликлар
Sina Finance: “Гонконг ва Ўзбекистон музей муассасалари ҳамкорликка эришди: маданий алмашинув янада ривожланади”
Хитойнинг йирик ахборот платформаларидан бири — Sina Finance Гонконг Сарой музейи ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумини икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқаларни янги босқичга олиб чиқувчи муҳим қадам сифатида баҳолади. Нашрда келишув доирасида қўшма кўргазмалар, илмий тадқиқотлар, мутахассислар тайёрлаш ва музейлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш билан бирга, сунъий интеллект технологиялари ёрдамида маданий меросни намойиш этиш бўйича лойиҳалар амалга оширилиши қайд этилган.
Гонконг Сарой музейи ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази 20 июль куни Гонконгда ҳамкорлик меморандумини имзолади. Ҳужжат икки томон ўртасидаги маданий алмашинувни кенгайтириш, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ҳамда кўргазмалар, илмий тадқиқотлар, мутахассислар тайёрлаш каби соҳаларда стратегик ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади.
20 июль куни Гонконг Сарой музейи ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Гонконг Сарой музейи директори Луис Нг имзолаш маросимида сўзга чиқиб, Ўзбекистон бой маданий меросга эга мамлакат эканини таъкидлади. Унинг айтишича, у аввал ҳам Ўзбекистон маданият соҳаси вакиллари билан мулоқот қилган ва уларнинг Хитой маданиятига катта қизиқиш билдиришларига гувоҳ бўлган.
Шунингдек, у жорий йилда музей Ўзбекистон Давлат тарихи музейи билан ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйганини эслатиб, мазкур меморандум икки ҳудуд ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда Гонконгнинг халқаро маданий ва санъат алмашинуви маркази сифатидаги ўрнини кучайтиришга хизмат қилишини қайд этди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов марказ бой музей фондлари ва кўргазма ресурсларига эга эканини таъкидлаб, Гонконг Сарой музейи билан амалга ошириладиган барча ҳамкорлик ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда маданий мерос объектларини намойиш этиш икки томон ҳамкорлигининг янги йўналишларидан бирига айланади. Бу орқали ёшларни тарихий ёдгорликларга янада яқинлаштириш, уларнинг маданий меросга қизиқишини ошириш ҳамда маданий бойликларни муҳофаза қилиш ва келажак авлодларга етказишга хизмат қилиш кўзда тутилган.
Шу куни Гонконг Сарой музейида «Ўзбекистон маданий меросига саёҳат — Ислом цивилизацияси маркази» мавзусида махсус маъруза ҳам ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон маданий мероси соҳасидаги нуфузли мутахассислар иштирок этиб, мамлакатнинг бетакрор меъморий ёдгорликлари ва маданий бойликлари ҳақида атрофлича маълумот берди.
Маърузада Ўзбекистоннинг Хитойдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фарҳод Арзиев ҳамда Гонконг махсус маъмурий ҳудуди ҳукумати Савдо ва иқтисодий ривожланиш бюросининг «Бир макон, бир йўл» ташаббуси бўйича комиссари Николас Хо иштирок этди.
Николас Хо ўз нутқида бундан икки минг йил аввал Ўзбекистон қадимги Ипак йўлининг муҳим тугуни бўлиб, турли маданият ва ғоялар чорраҳаси вазифасини бажарганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, бугунги кунда ҳам Ўзбекистон «Бир макон, бир йўл» ташаббусининг муҳим иштирокчиси сифатида Осиёни боғловчи асосий кўприклардан бири ҳисобланади.
Шунингдек, у Гонконг ҳам мазкур ташаббусда фаол иштирок этиб, Хитойга таянган ҳолда дунё билан алоқаларни мустаҳкамлаётганини, цивилизациялар мулоқоти учун муҳим дарча вазифасини бажараётганини таъкидлади. У келгусида икки томон маданий меросни муҳофаза қилиш, туризм ва барқарор ривожланиш соҳаларида янада чуқур ҳамкорликни йўлга қўйишига умид билдирди.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.