

Янгиликлар
Ўзбекистон ташаббуси қўллаб-қувватланди: Ислом цивилизацияси мероси глобал ҳамкорлик кун тартибида
Ўзбекистон ислом цивилизацияси меросини тинчлик, илм-фан ва халқаро ҳамкорлик платформасига айлантиришга қаратилган янги ташаббусларни илгари сурди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ўтказилган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми 46 давлатдан 300 нафардан ортиқ сиёсатчи, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, диний уламолар ва етакчи олимларни бир майдонга жамлаб, ислом цивилизацияси меросини асраш, рақамлаштириш ва келажак авлодларга етказиш бўйича узоқ муддатли халқаро ҳамкорликнинг янги институционал моделини шакллантирди.
«Тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли» мавзусидаги I Халқаро ислом цивилизацияси форуми Ўзбекистоннинг тарихий меросни асраш ва уни халқаро гуманитар дипломатия воситасига айлантиришга қаратилган сиёсатида муҳим босқич бўлди. Форум доирасида 129 та илмий маъруза тингланди, халқаро конференциялар, экспертлар муҳокамалари, икки томонлама музокаралар ҳамда қатор амалий келишувлар имзоланди.
Глобал хавфсизлик ва маърифат кун тартиби
Форумнинг очилиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёевнинг иштирокчиларга йўллаган мурожаати Президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов томонидан ўқиб эшиттирилди. Давлат раҳбари мурожаатида бугунги кунда халқаро муносабатларда ишончсизлик, диний муросасизлик, экстремизм ва исломофобия кучайиб бораётган бир шароитда илм-фан, таълим, маданият ва маънавий қадриятлар тинчлик ва барқарор тараққиётнинг энг ишончли асоси эканини таъкидланди.
Мурожаатда Ўзбекистон томонидан 2017 йил БМТ Бош Ассамблеясида илгари сурилган «Жаҳолатга қарши маърифат» ташаббуси бугун ҳам халқаро кун тартибида долзарб аҳамият касб этаётгани қайд этилди.
Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ташаббусларини қўллаб-қувватлади
Форумда ICESCO Бош директори Салим ал-Малик, Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Оллошукур Пошозода, ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев, IRCICA Бош директори Маҳмуд Эрол Қилич, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳамда бошқа нуфузли халқаро экспертлар иштирок этди. Мусулмонлар жаҳон лигаси Бош котиби Шайх Муҳаммад бин Абдулкарим ал- Исса форум қатнашчиларига видеомурожаат йўллади.
Чиқишларда ислом цивилизациясининг инсоният тараққиётига қўшган ҳиссаси, маданий меросни сақлаш, диний бағрикенглик, илм-фанни ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари асосий мавзулардан бири бўлди.
«Ислом цивилизацияси илм, ҳикмат, адолат, раҳмат ва бағрикенглик манбаидир. Унинг ҳақиқий моҳиятини теран англаш ва бу эзгу ғояларни инсониятга етказиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир. Мазкур форум турли мамлакатлардан ташриф буюрган уламолар ва тадқиқотчиларни умумий мақсад — исломнинг тинчлик, маърифат ва инсонпарварликка асосланган асл моҳиятини кенг тарғиб этиш йўлида бирлаштиради. Форум доирасидаги илмий муҳокамалар ўзаро тажриба алмашиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади», — деди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар.
«Ушбу нуфузли тадбирга муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мезбонлик қилгани бежиз эмас. Марказ ислом цивилизациясининг инсоният тараққиётига қўшган ҳиссасини дунёга танитиш ва унинг буюк алломаларини кенг тарғиб этишда халқаро миқёсдаги муҳим маърифат маскани сифатида ўз ўрнига эга. Бу марказ бугун нафақат буюк ўтмишнинг ёрқин тимсоли, балки келажакни барпо этишга хизмат қиладиган, цивилизациялар ва маданиятлар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамловчи муҳим майдонга айланди», — деди ICESCO Бош директори Салим ал-Малик.
Илмий меросни рақамлаштириш — форумнинг асосий йўналишларидан бири
Ялпи мажлисларда ҳадисшунослик, фиқҳ, калом, қўлёзмаларни сақлаш, кутубхоналар фаолияти, тарихий манбаларни илмий тавсифлаш, электрон маълумотлар базаларини шакллантириш ҳамда сунъий интеллект технологияларини гуманитар соҳада қўллаш бўйича қатор амалий таклифлар илгари сурилди.
Хусусан, араб ёзувидаги қўлёзмаларни автоматик ўқийдиган INKSIGHT AI модели, рақамли музейлар, виртуал платформалар ва инклюзив музей технологиялари тақдим этилди.
Форумнинг энг муҳим натижаси — Тошкент декларацияси
Анжуман якунида қабул қилинган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми Декларацияси форумнинг энг муҳим сиёсий ва амалий ҳужжати бўлди.
Ҳужжатда:
- Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси бўйича Глобал форум ташкил этиш;
- қўлёзмалар, архивлар ва археологик меросни қамраб олувчи ягона глобал рақамли реестр яратиш;
- «Ислом цивилизацияси — бутун инсоният мероси» халқаро дастурини амалга ошириш;
- Ислом цивилизацияси халқаро мукофоти ва тадқиқот жамғармасини таъсис этиш;
- глобал рақамли кутубхона ва халқаро энциклопедия ишлаб чиқиш;
- музейлар, кутубхоналар ва илмий марказларнинг халқаро иттифоқини шакллантириш;
- мазкур ташаббусларни амалга ошириш бўйича 2030 йилгача ҳаракатлар режаси ишлаб чиқиш каби стратегик таклифлар илгари сурилди.
Янги институционал ҳамкорлик модели
Форумнинг асосий хусусияти қабул қилинган ҳужжатлар сони билан эмас, балки тарқоқ ҳолда фаолият юритиб келган музейлар, архивлар, университетлар, илмий марказлар ва халқаро ташкилотларни ягона ҳамкорлик тизимига бирлаштиришга қаратилган институционал ёндашувни шакллантирганида бўлди.
Бу ёндашув ислом цивилизацияси меросини алоҳида давлатлар эмас, балки бутун халқаро ҳамжамиятнинг умумий масъулияти сифатида кўришни назарда тутади.
Амалий келишувлар ва янги лойиҳалар
Форум доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва ICESCO ўртасида Имом ал-Бухорий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш, халқаро хаттотлар танловини ўтказиш ва қўлёзма Қуръон яратиш бўйича келишувларга эришилди.
Шунингдек, қўлёзмаларни рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини гуманитар тадқиқотларга жорий қилиш, ягона электрон платформалар яратиш ва илмий марказлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган битимлар имзоланди.
Мовароуннаҳр илмий мактаблари глобал мулоқот марказида
Форумнинг Самарқанд ва Термиз босқичларида Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий илмий мактабларининг замонавий аҳамияти муҳокама қилинди.
«Ўзбекистон Яратганнинг лутфига соҳиб бўлган улуғ масканлардан бири бўлиб, асрлар давомида ислом маърифатининг чироғи бўлиб келган. Бугун Янги Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ислом меросининг илмий асосда ўрганилаётгани, Имом Бухорий шарафига муҳташам мажмуа барпо этилгани ва халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил қилингани таҳсинга сазовордир. Бу ишлар буюк алломалар меросини асраш, уни чуқур ўрганиш ва келажак авлодларга етказишга хизмат қилади», — деди Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Оллошукур Пошозода.
«Имом Бухорий бутун умрини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларини тўплаш, текшириш ва ишончли ҳолда келажак авлодларга етказишга бағишлаган. Ана шу беқиёс меҳнат самараси ўлароқ, Қуръони каримдан кейинги энг ишончли манба сифатида эътироф этилган “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асари дунёга келди. У зотнинг ҳаёти бизга ҳақиқий муваффақият илмга муҳаббат, собит ирода, ихлос ва тинимсиз меҳнат билан қўлга киритилишини кўрсатади. Бу, айниқса, бугунги ёшлар учун ёрқин намунадир», — деди Макка шаҳридаги “Масжид ал-Ҳаром” масжиди бош имоми Шайх Солиҳ бин Абдуллоҳ бин Ҳумайд.
Экспертлар мазкур мерос нафақат диний илмлар тарихи, балки глобал гуманитар фикр, маданиятлараро мулоқот, диний бағрикенглик ва интеллектуал хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам долзарб аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Форум натижалари
Форум иштирокчилари қабул қилинган Декларация ва «Йўл харитаси»ни тўлиқ қўллаб-қувватлаб, қўшма тадқиқотлар, академик алмашинувлар, халқаро нашрлар ва маданий меросни рақамлаштириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Ислом цивилизацияси Жаҳон альянсини ташкил этиш ташаббусини илгари сурдилар.
I Халқаро ислом цивилизацияси форуми бир неча кунлик тадбир ёки илмий анжуман доирасидан чиқиб, Ўзбекистоннинг маданий дипломатияси, гуманитар ҳамкорлик ва тарихий меросни глобал ривожланиш кун тартибига интеграция қилишга қаратилган узоқ муддатли стратегиясининг амалий ифодасига айланди.
Қабул қилинган Декларация, 2030 йилгача мўлжалланган ташаббуслар, имзоланган халқаро келишувлар ва рақамли лойиҳалар Ўзбекистонни ислом цивилизацияси меросини ўрганиш, асраш ва жаҳон ҳамжамиятига етказиш соҳасидаги муҳим ташаббускор давлатлардан бири сифатида мустаҳкамлади. Шу билан бирга, форум мамлакатнинг илмий мулоқот, маданий дипломатия ва халқаро гуманитар ҳамкорликни бирлаштирувчи янги глобал майдон сифатидаги ўрнини янада кучайтирди.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.