Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Хитойнинг император Цинь Ши Хуанди музейи билан қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди

Хитой Халқ Республикасига амалга оширилаётган хизмат ташрифи доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация дунёдаги энг машҳур музей мажмуаларидан бири – Император Цинь Ши Хуанди мақбара-музейида бўлди.

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон ва Хитой ўртасида маданий меросни ўрганиш, асраш ва тарғиб этиш соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, музейлар ўртасида қўшма илмий ва кўргазма лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Музей раҳбарияти меҳмонларга милоддан аввалги III асрда Цинь сулоласи асосчиси, Хитойнинг биринчи императори Цинь Ши Хуанди фармони билан яратилган машҳур Терракота армияси ҳақида батафсил маълумот берди. Мажмуа таркибида 8100 дан ортиқ терракота аскарлари, отлар ва ҳарбий арава ҳайкаллари сақланади. Ушбу ноёб ёдгорликлар император вафотидан кейин ҳам унинг қудратини рамзий жиҳатдан давом эттириш мақсадида барпо этилган.

Асрлар давомида ер остида сақланиб келган мазкур ҳайкаллар 1974 йилда маҳаллий деҳқонлар томонидан тасодифан аниқланган бўлиб, кейинчалик инсоният тарихидаги энг муҳим археологик кашфиётлардан бири сифатида эътироф этилди. Бугунги кунда мазкур мажмуа ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.

Учрашувда Марказ директори Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти, унинг асосий вазифалари ҳамда жаҳоннинг нуфузли музейлари ва илмий муассасалари билан йўлга қўйилган халқаро ҳамкорлик лойиҳалари ҳақида маълумот берди.

Марказ директори бугунги кунда Хитойнинг илмий доиралари билан ҳам самарали алоқалар ривожланаётганини таъкидлаб, ҳамкорликни музейлар даражасида янада кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.

Ўзбекистон ва Хитойни минг йиллик тарих, Буюк Ипак йўли цивилизацияси ва бой маданий мерос бирлаштириб туради. Император Цинь Ши Хуанди мақбара-музейи билан ҳамкорлик қилиш, қўшма кўргазмалар, илмий тадқиқотлар ва мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш ҳар икки мамлакатнинг маданий алоқаларини янги босқичга олиб чиқади, – деди Марказ директори.

Музей куратори, профессор Ли Ганг Император Цинь Ши Хуанди мақбара-музейининг тарихи, Терракота армиясининг яратилиши ҳамда унинг жаҳон маданий меросидаги ўрни ҳақида сўз юритди.

– Музейимизда 8100 дан ортиқ ноёб терракота аскарлари сақланади. Ушбу мажмуа ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Ўзбекистон ва Хитой маданий меросни ўрганиш ва асраш соҳасида мустаҳкам ҳамкорлик қилиб келмоқда. Биз Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан илмий ва музей соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан мамнунмиз, – деди профессор Ли Ганг.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Миллий археология маркази директори Фарҳод Мақсудов ҳам икки халқ тарихи чуқур илдизларга эга эканини, ушбу бой меросни илмий жиҳатдан ўрганишда олимлар ўртасидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.

Учрашув якунида Марказ директори томонидан Император Цинь Ши Хуанди мақбара-музейи раҳбариятига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан нашр этилган китоб-альбомлар тантанали равишда тақдим этилди.

Ташриф давомида делегация аъзолари музей экспозициялари, Терракота армияси ва бошқа ноёб археологик топилмалар билан яқиндан танишиб, музейда қўлланилаётган замонавий экспозиция ва экспонатларни сақлаш технологияларини ҳам ўргандилар.

Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Хитой ўртасида маданий меросни асраш, музейшунослик, археология ва илмий тадқиқотлар соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, шунингдек, келгусида қўшма кўргазмалар ва халқаро лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1402726.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1145129.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
922927.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.