

Янгиликлар
Ўзбекистон ва Хитой қўшма археологик экспедициялар ўтказишни режалаштирмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда маданий меросни асраш, илмий тадқиқ этиш, рақамлаштириш ва уни жаҳон жамоатчилигига замонавий форматларда тақдим этиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказининг янги халқаро ҳамкорлик йўналишларига асос бўлмоқда.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегациянинг Хитой Халқ Республикасига амалга оширилаётган хизмат сафари ҳам айни шу вазифаларнинг амалий ифодаси бўлмоқда. Хизмат сафари доирасида Ўзбекистон делегацияси Хитой Тарих академияси ҳузуридаги Миллий археология музейига ташриф буюрди.
2023 йилда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ташаббуси билан ташкил этилган мазкур музей мамлакатнинг қарийб 7000 йиллик тарихини ўзида мужассам этган ноёб илмий-маърифий маскан ҳисобланади. Музей экспозицияларида Хитой цивилизациясининг илк босқичларидан тортиб бугунги кунгача бўлган тарихий тараққиёт археологик топилмалар, нодир экспонатлар ва замонавий мультимедиа технологиялари орқали намойиш этилган. Ташриф давомида делегация аъзолари музей экспозициялари билан яқиндан танишиб, икки муассаса ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.
Учрашувда музей директори Лю Госян Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканини билдирди. У, айниқса, археология соҳасида Ўзбекистон олимлари билан қўшма тадқиқотлар ўтказиш, мутахассислар алмашинувини ташкил этиш ва ўзаро тажриба алмашиш орқали икки мамлакат илмий муассасалари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Фирдавс Абдухолиқов самимий қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Хитой раҳбарлари томонидан икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари, айниқса маданий меросни асраш ва ўрганиш соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этди. Шунингдек, у Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган йирик маънавий-маърифий ва илмий лойиҳа эканини таъкидлаб, марказнинг фаолияти, экспозиция концепцияси ҳамда амалга оширилаётган халқаро ташаббуслар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Жорий йилда Марказ тақдимоти Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қароргоҳида ўтказилиши режалаштирилганини ҳам маълум қилди. Марказ нафақат ислом цивилизацияси, балки ундан аввалги буюк цивилизациялар меросини ҳам кенг ёритишга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлаган Фирдавс Абдухолиқов Хоразм, Бақтрия, Сўғд ва Чоч каби қадимги цивилизациялар инсоният тараққиётида муҳим ўрин тутганини қайд этди. Шунингдек, мазкур ҳудудлар қадимдан Хитой билан Буюк ипак йўли орқали мустаҳкам савдо-маданий ва илмий алоқаларни йўлга қўйганини таъкидлади.
Учрашувда Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази директори Фарҳод Мақсудов ҳам сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида археология, тарих ва маданий мерос соҳаларида қўшма илмий тадқиқотларни янада кенгайтириш, қўшма экспедициялар ташкил этиш ҳамда мутахассислар тайёрлаш йўналишидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида фикр билдирди.
Хитой Бутунжаҳон тарихи институти илмий ходими Ҳоу Айцзюнь эса ўзбекистонлик тарихчилар билан кўп йиллардан буён самарали ҳамкорлик қилиб келаётганини таъкидлади. У Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти билан ҳамкорликдаги илмий лойиҳада уч ой давомида фаолият олиб боргани унга катта илмий тажриба берганини билдириб, келгусида ҳам икки мамлакат олимлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини қайд этди.
Учрашув якунида томонлар археология, тарих, музейшунослик ва маданий меросни ўрганиш соҳаларида ҳамкорликни изчил ривожлантириш, қўшма илмий тадқиқотлар, кўргазмалар ва мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.