

Янгиликлар
Нара ҳокими: «Ўзбекистон ўз тарихи билан бирга келажагини ҳам намойиш этмоқда»
Япониянинг қадимий тарихий марказларидан бири — Нара шаҳри ҳокими Накагава Мотобону Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, мамлакатнинг кўп асрлик маданий мероси, ноёб қўлёзмалари ва замонавий тараққиёт йўналишларини бир маконда мужассам этган экспозициялар билан танишди. Ташриф Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги биродарлик муносабатларининг янги ифодаси бўлди.
Ташриф давомида Марказ музейи экспозицияларини кўздан кечирган Накагава Мотобонунинг таъкидлашича, ушбу мажмуа Ўзбекистоннинг тарихий хотираси, миллий қадриятлари ва замонавий тараққиёт мақсадларини ягона концепция асосида бирлаштирган ноёб маданий-маърифий маскандир.
— Нара шаҳри тўрт йил аввал Самарқанд билан биродар шаҳарга айланган. Мамлакатларимизни 1300 йиллик Ипак йўли тарихи боғлаб туради. Янги барпо этилган ушбу Марказга илк бор ташриф буюрдим. Бу ерда Ўзбекистоннинг нафақат узоқ тарихини, балки бугуни ва келажагини ҳам кўриш мумкин. Ҳар гал Ўзбекистонга келганимда мамлакатингиз жадал ривожланиб, ўзгариб бораётганига гувоҳ бўламан. Марказда миллий қадриятларни асраган ҳолда замонавий тараққиёт сари интилиш руҳи яққол намоён бўлган. Бу ерга ташриф буюриб, Ўзбекистон келажакда қандай юксак марраларни кўзлаётганини янада яқиндан ҳис қилдим, — деди Япониянинг Нара шаҳри ҳокими.
Нара ва Самарқанд ўртасидаги биродар шаҳар муносабатлари Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Ҳар икки шаҳар ҳам қадимий давлатчилик, меъморчилик, илм-фан ва маданий алмашинув анъаналари билан жаҳон цивилизацияси тарихида алоҳида ўрин тутади.
Нара VIII асрда Япониянинг сиёсий ва маданий маркази бўлган бўлса, Самарқанд асрлар давомида Буюк ипак йўлининг муҳим чорраҳаларидан бири сифатида Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо, илм-фан ва маданият алмашинувига хизмат қилган.
Шу нуқтаи назардан, Нара ҳокимининг Ислом цивилизацияси марказига ташрифи икки мамлакат ўртасидаги тарихий алоқаларни замонавий маданий дипломатия, музейлар ҳамкорлиги ва халқлараро мулоқот орқали ривожлантиришга бўлган қизиқишнинг яна бир ифодаси бўлди.
Ташриф якунида Накагава Мотобону Марказда бой тарихий меросни замонавий технологиялар асосида намойиш этиш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва уларни келажак авлодларга етказиш борасида амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо берди.
У Ислом цивилизацияси марказини Ўзбекистоннинг кўп асрлик тарихини халқаро аудиторияга замонавий, илмий ва таъсирчан шаклда тақдим этаётган муҳим маданий платформа сифатида эътироф этди.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.