Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Европа дипломатлари Ислом цивилизацияси марказини маданиятлар мулоқотининг муҳим майдони деб баҳолади

Финляндиянинг Марказий Осиё бўйича махсус элчиси Мария Огрэн ҳамда Португалия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Сара Ферру Рибейру Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюришди. Дипломатлар Марказни Ўзбекистоннинг бой цивилизацион меросини халқаро жамоатчиликка тақдим этиш, маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш ва халқлар ўртасида ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган муҳим илмий-маърифий муассаса сифатида баҳоладилар.

Финляндиянинг Марказий Осиё бўйича махсус элчиси Мария Огрэн ва Португалия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Сара Ферру Рибейру Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази музей экспозицияси билан танишди.

Ташриф давомида дипломатларга Марказнинг экспозиция концепцияси, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, Ўзбекистон заминида етишиб чиққан буюк алломаларнинг илмий мероси, нодир қўлёзмалар, археологик топилмалар ҳамда замонавий мультимедиа ва интерактив технологиялар асосида яратилган музей ечимлари тақдим этилди.

Меҳмонлар Марказнинг Ўзбекистоннинг кўп асрлик тарихий ва маданий меросини замонавий музейшунослик ёндашувлари орқали намойиш этишга қаратилган концепцияси ҳамда унинг халқаро маданий дипломатиядаги аҳамиятини юқори баҳоладилар.

Финляндиянинг Марказий Осиё бўйича махсус элчиси Мария Огрэн Марказ халқларнинг тарихий хотираси ва маданий меросини асраб-авайлаш ҳамда уни келажак авлодларга етказишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

«Марказ менда жуда катта таассурот қолдирди. Ҳар бир халқ ўз тарихини билиши ва мамлакат келажагини айнан шу тарих, маданият ҳамда анъаналари асосида қуриши жуда муҳим. Бу ерда ана шу ғоя муваффақиятли амалга оширилган. Айниқса, Ўзбекистоннинг қадимий тарихи акс эттирилган экспозициялар алоҳида таассурот уйғотди. Финляндияда ҳам кўчманчилик анъаналари мавжуд бўлгани сабабли айрим жиҳатларда халқларимиз тарихи ўртасида ўхшашликларни ҳис қилдим. Ишонаманки, бундай маданий марказлар халқларни бир-бирига яқинлаштириш, уларнинг тарихи ва маданиятини чуқурроқ англаш ҳамда ўзаро ҳурматни мустаҳкамлашга хизмат қилади», — деди у.

Португалия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Сара Ферру Рибейру Марказни турли цивилизациялар ва маданиятлар ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилувчи муҳим маърифий майдон сифатида баҳолади.

«Бу ерга ташриф буюриш имконияти учун миннатдорлик билдираман. Айниқса, Европа мамлакатларидан келган инсонлар учун ислом цивилизациясини маданият орқали англаш жуда муҳим. Чунки айнан маданият халқларни бир-бирига яқинлаштиради ва ўзаро тушунишни мустаҳкамлайди. Мени музейдаги мозаика санъати, қадимий заргарлик намуналари ва Усмон Мусҳафи сақланаётган зал жуда катта таассурот қолдирди. Айниқса, ушбу залдаги пушти мармар устунлар Португалиядан келтирилганини билиш мен учун алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Марказда қўлланилган рақамли технологиялар экспозицияларни ёшлар учун янада жозибадор қилган. Шу боис ҳар бир инсонга, айниқса, ёшларга ушбу Марказга ташриф буюришни тавсия этаман», — деди элчи.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1416026.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1158229.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
934627.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.