

Янгиликлар
Президент табриги Халқлар дўстлиги кунига бағишланган тантанали тадбирда ўқиб эшиттирилди
Тошкент шаҳрида 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан ташкил этилган тантанали байрам тадбири аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг байрам муносабати билан йўллаган табриги иштирокчиларга ўқиб эшиттирилди.
Президент табригини Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.
Давлат раҳбари ўз табригида Халқлар дўстлиги куни юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик каби эзгу қадриятларни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган қутлуғ айём эканини таъкидлади. Мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшаб, Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётгани, ана шундай миллий-маданий хилма-хиллик мамлакатимизнинг энг катта бойликларидан бири экани қайд этилди.
Табрикда кейинги йилларда “Бизнинг кучимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда” деган эзгу ғоя асосида миллатлараро муносабатлар соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилгани, мазкур йўналишда мустаҳкам ҳуқуқий база яратилгани ҳамда соҳанинг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, бугунги кунда мамлакатимизда 153 та миллий маданий марказ ва 36 та дўстлик жамияти самарали фаолият юритиб, халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани, таълим муассасаларида ўқув жараёнлари етти тилда олиб борилаётгани, телерадиоканаллар орқали 12 тилда кўрсатув ва эшиттиришлар эфирга узатилаётгани, 14 тилда газета ва журналлар нашр этилаётгани мамлакатимизда барча миллат ва элат вакиллари учун яратилган кенг имкониятларнинг амалий ифодаси сифатида эътироф этилди.
Президент ўз табригида қўшни давлатлар билан дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган муносабатларни янада мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш ҳамда халқ дипломатиясини ривожлантириш Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири эканини қайд этди.
Шу билан бирга, турли миллат вакилларини янада яқинлаштиришда санъат ва маданиятнинг ўрни беқиёс экани таъкидланиб, мамлакатимизда профессионал «Дўстлик» ансамблини ташкил этиш ҳамда янгиланган «Алишер Навоий» телеканалини янги форматда фаолият бошлатиш режалари маълум қилинди.
Табрик якунида давлат раҳбари барча юртдошларни Халқлар дўстлиги куни билан самимий қутлаб, мамлакатимизда тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини асраб-авайлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканини таъкидлади. Президент барча ватандошларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, фаровонлик ҳамда Ватанимиз равнақи йўлидаги фидокорона меҳнатларида улкан муваффақиятлар тилади.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.